«Ўзгидромет» 19 январь куни Қамчиқ довони йўлида ҳайдовчилар учун ноқулай об-ҳаво юзага келиши мумкинлиги сабабли огоҳлантириш билан чиқди.

Фото: «Дарё» / Ҳаёт Шамсутдинов

Қайд этилишича, шу куни А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони ҳудудида қор кўринишида ёғингарчилик, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик бўлиши, туман тушиб, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши кутилмоқда.

Шунингдек, шамол тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши, йўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Аввалроқ «Ўзгидромет» республиканинг тоғли ҳудудларида 19 январгача қор кўчиши хавфи мавжудлигидан огоҳлантирганди.