Қашқадарё вилояти Китоб туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг Тахтақорача довони 19 январь куни соат 07:15 дан вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, М-39 автомобиль йўлининг довон қисмида тинимсиз ёғган қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлган.

«Айни дақиқаларда вилоят ФВБ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди. Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи довонда автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Музламаларни эритиш учун қум-туз аралашмалари сепиш ишлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тахтақорача довони 26 декабрь куни ҳам қалин қор ёғгани сабаб ёпилганди. 27 декабрга келиб довонда автомобиллар ҳаракати тикланган.