Қамчиқ довонидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг 193—253-километрлари оралиғида қор ёғмоқда, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати. Таъкидланишича, вазирлик ходимлари йўлни қордан тозалаш ва музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ишларини мувофиқлаштириб бормоқда.

Кадр: Telegram

«Қамчиқавтойўл»нинг маълум қилишича, қор ёғиб турган пайтда довонда транспорт воситаларининг бетўхтов икки томонлама ҳаракатланиши таъминлаш учун йўлларни қордан тозалаш ишлари бажарилмоқда. Транспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланяпти.

«Йўлларда кўриш узоқлиги 50 метрни, ҳаво ҳарорати 2 даража совуқни, намлик 76 фоизни ташкил этмоқда. Шамол тезлиги 9-19 метр/сония. Қамчиқ довони йўлидан юрадиган ҳайдовчилардан барча хавфсизлик чораларини кўришларини тавсия қиламиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Китоб туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг Тахтақорача довони 19 январь куни соат 07:15 дан вақтинча ёпилгани, тегишли чоралар кўрилиб, довондаги автомобиль йўли қордан тозаланиши натижасида ҳаракатланиш соат 09:00 дан қайта тиклангани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» Қамчиқ довонида кучли ёғингарчилик бўлишидан огоҳлантирган, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 19 январь куни қор ёғиши мумкинлигини эълон қилганди.