Рупеш Кумар 30 йиллик фаолияти давомида 100 дан ортиқ салбий ролларни ижро этган, аммо ўзбек томошабинлари уни «Зита ва Гита» фильмидаги Каушаля холанинг укаси Ranжит роли билан яхши эслайди.

Фото: Bollywoodtime

Рупеш Кумар 1946 йил 16 январда Бомбейда, Али Асғар Фарашаҳи ва унинг рафиқаси Марям оиласида туғилган. Бўлажак актёр оилада 7 фарзанднинг энг каттаси бўлиб, у ресторан бизнесини давом эттириши керак эди, лекин у ёшлигиданоқ санъатга қизиқиб, актёр бўлишни орзу қилган.

Рупеш Кумар ва Мумтоз

Фото: Bollywoodtime

Рупешнинг асл исми Сайид Аббос Араб Фарашаҳи бўлиб, 19 ёшида кино саноатига кирганида режиссёр ва продюсер Нанабхай Бҳатт унга Рупеш Кумар тахаллусини берди. Чунки машҳурликка эришиш учун бундай узун исм билан унга қийин бўлишини олдиндан сезганди.

Фото: Bollywoodtime

У Болливуддаги фаолиятини жуда яқин оилавий дўсти ва фильмларда рол ўйнай бошлаган актриса Мумтоз туфайли бошлаган. 1965 йилда Мумтоз Рупешни «Тарзан ва Кинг Конг» фильмини суратга олиш майдончасига таклиф қилди, шундан кейин Рупеш ортга қарамай ижод оламига кириб борди.

Фото: Bollywoodtime

Айрим маълумотларга кўра, Рупеш ва Мумтоз амакивачча бўлган, аммо бу ҳақиқат эмас. Аслида, уларнинг оилалари жуда яқин дўст эди. Рупешнинг амакиси ва Мумтознинг онаси эронлик бўлиб, бир-бирларига худди бир оиладек илиқ муносабатда бўлишарди. Рупеш ўз синглиси ва Мумтозни опа-сингиллар деб чақирарди, гарчи улар ҳеч қачон қариндош бўлмасалар ҳам.

Фото: Bollywoodtime

1970–1980 йиллар давомида Рупеш кичик ролларни, асосан, салбий образларда ўйнади. Унинг иштирокидаги энг машҳур фильмлар: «Имо-ишора» (1971), «Зита ва Гита» (1972), «Буюк ўйин» (1979), «Номаълум душман» (1979), «Саховатли юрак» (1983), «Севги риштаси» (1986) ва «Гуру» (1989).

Фото: Bollywoodtime

Шунингдек, у иккита фильмга продюсер ва режиссёрлик қилган: Сунил Датт билан «Менинг севгилим» (1991); Хема Малини ва Аюб Хон билан «Она» (1993). Унинг сўнгги фильми «Муқаддас гуноҳкор» (1995) фильми бўлиб, ўлимидан 4 ой ўтиб намойиш этилган.

1974 йилда Рупеш Марзия исмли қизга уйланади. Жуфтлик уч қизнинг ота-онаси бўлди: Мумтоз, Махтаб ва Можеҳ. Катта қизи Мумтоз Дилип Кумарнинг жияни Зоҳид Хонга турмушга чиққан. Яна икки қизи ҳам турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.

Рупеш Кумар 1995 йил 29 январда Filmfare мукофотини топшириш маросимида вафот этган. Маросим вақтида актёрнинг юраги хуруж қилган ва тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган. Ўша вақтда Рупеш Кумар эндигина 49 ёшда эди. Актёр ҳаёт бўлганида, 76 ёшни қаршилаган бўлар эди.