Амирсой дам олиш масканидаги канатлар олдига 19 январь куни кечга томон катта масштабда қор кўчкиси бўлгани ҳақида хабар берилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги воқеа юзасидан расмий ахборот берди.

Фото: ФВВ

Қайд этилишича, 2022 йил 19 январь куни соат 16:30 ларда Тошкент вилояти Чимён тоғ ҳудудининг денгиз сатҳидан 2300-3000 метр баландликда қор кўчиш ҳолатлари кузатилиб, денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда тўхтаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қор кўчкиси, тахминан, 60 000 метр/куб ҳажмни ташкил қилиши аниқланган. Ушбу ҳодиса Чимён тоғ ҳудудининг ичкари қисмида, аҳоли яшаш жойидан, тахминан, 4-5 километр юқорида содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига маълумот келиб тушмаган.

Ҳозирда барча хавфсизлик чоралари кўрилиб, фуқароларнинг ҳудудга кирмаслиги ва ҳаракатни чеклаш мақсадида қўшимча белгилар ўрнатилмоқда.