Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Бозоровга суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда Олий суд.

Қайд этилишича, у Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўпланганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЛГБТ фаолларига қарши норозилик ҳолатидан сўнг 12 киши ушланганини маълум қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шербек Бўронов, Гулбаҳор Саидғаниева ва Гулруҳ Агзамова сўнгги кунларда Тошкентда юз берган воқеаларга ўз муносабатларини билдирди.

Миразиз Бозоровнинг ўзи Telegram-каналида учта блогер номини таъкидлаб ўтган. Улар – Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий), Шуҳрат Мусаев ва Абусолиҳ Салимов (АбуСолиҳ Fox). Бозоровнинг таъкидлашича, ушбу уч блогер ўз обуначиларини унга қарши «қўзғаган».

У, шунингдек, айтилган блогерлардан бири унинг манзилини «ўлдиришга чақириқ билан» эълон қилганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, таҳдидлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилган мурожаатларига эътибор берилмаган.

Депутат Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга, Расул Кушербаев эса провокаторларга чора кўришга чақирди. Кейинроқ ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилгани маълум қилинди.

Ушбу можаролар ҳақида 30 март куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдириб, халқаро ташкилотларни Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олишга чақирди. АОКА эса ЛГБТ можаролари ҳамда шу билан боғлиқ воқеалар юзасидан блогер ва ижтимоий тармоқ фаолларига мурожаат қилди.

Бундан ташқари, БМТ Тошкентда содир бўлган «хавотирли воқеалар»ни холис тергов қилишга чақирди. Кейинроқ Миразиз Бозоровга нисбатан айблов эълон қилинди.