Молдова президенти Майя Санду ҳукумат аҳоли учун газ тарифлари ошишини тўлиқ қоплай олмаслиги, шунинг учун фуқаролар энергияни оқилона истеъмол қилиши кераклигини маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ». Молдовада газ учун пул етишмаётгани сабаб икки ойга фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

Фото: Sputnik

Санду мамлакат фуқароларига мурожаатида газ ва бошқа энергия ташувчилар нархининг ошиши маиший истеъмолчилар зиммасига «оғир юк» бўлиши билан бирга, мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда «бозордаги вазият нормалдан анча узоқ». «Биз энергияни оқилона истеъмол қилишни ўрганишимиз, яшаётган уйларимизда иссиқлик изоляциясини қилишимиз керак, жамоат муассасаларида энергияни тежашимиз даркор — фақат шу йўл билан иситиш ва ёритиш учун харажатларни камайтира оламиз», — дейди у.

Молдова президенти республика энергия ташувчилар импортидан бошқа анъанавий энергия манбалари йўқлиги сабаб воз кеча олмаслигини тушунтирган. «Сўнгги пайтларда бизда энергия ва музокаралар ўтказиш бўйича барча турдаги мутахассислар пайдо бўлди. Келинглар, ҳокимиятни йўқотишдан жабр кўраётган популист ва коррупционeрлар бизни алдашига йўл қўймайлик. Бой давлатлар — бу кўп харажат қиладиганлар эмас, балки оқилона сарфлайдиганлар», — дейди Санду.

«Газпром» Молдова жорий ой учун аванс тўламаса, газ етказиб беришни узиб қўйиши билан таҳдид қилган. 20 январь куни «Молдовагаз» Россия компаниясига 34,4 миллион доллар тўлаган. Молдова «Газпром» олдидаги қарзини тўлашга газ нархининг ошгани сабаб қийналган.

Аввалроқ Financial Times газетаси Молдовага Россиядан газ етказиб бериш қарийб учдан бирга қисқарганини хабар қилганди. Шу билан бирга, унинг нархи ўтган ойда 1000 кубометр учун 550 доллардан ошиқ бўлган бўлса, октябрда 1000 кубометр учун 790 долларгача кўтарилган, бу ўтган йилга нисбатан тахминан беш баробар кўп. Натижада Молдова Европа Иттифоқидан Руминия орқали фавқулодда газ етказиб беришни сўраган.