АҚШ администрацияси Болтиқ бўйи мамлакатларига Украинага Америкада ишлаб чиқарилган танкка қарши ва зенит ракета мажмуаларини етказиб беришга рухсат берди. Шунингдек, АҚШнинг ўзи Украинага бешта «Ми-17» ҳарбий-транспорт вертолётини юборишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Wall Street Journal газетаси.

Фото: AP Photo

Жавалин ва Stinger тизимларининг реэкспорти учун Эстония, Литва ва Латвияга ишлаб чиқарувчи ҳамда қурол етказиб берувчи сифатида АҚШ санкцияси керак эди.

«АҚШ НАТО аъзоси бўлган Болтиқ бўйидаги учта мамлакатга Америкада ишлаб чиқарилган қуролларни Украинага етказиб бериши учун рухсат берди… Бу каби қарор Эстония, Литва ва Латвияга Javelin танкка қарши мажмуалари ҳамда Stinger ҳаво ҳужумига қарши тизимларини Украина кучларига жўнатиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Нашр маълумотларига кўра, администрация, шунингдек, Конгрессни Украинага Россияда ишлаб чиқарилган ва даставвал Афғонистондаги ҳарбийлар учун мўлжалланган бешта «Ми-17» вертолётларини етказиб бермоқчилиги ҳақида огоҳлантирган.

Вашингтон бир неча бор АҚШ ва иттифоқчилари Украина атрофида вазият кескинлашган тақдирда, Россияга қарши санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдирган. Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, Вашингтон унга қарши илгари эълон қилинган санкцияларнинг бирортасини, жумладан, SWIFT банклараро маблағ ўтказиш тизимидан узиб қўйиш вариантини ҳам истисно қилмаслигини айтган.