Промоутер Дон Кинг ҳақиқий бокс афсонаси эди. У рингда ақл бовар ишларни қилмаса-да, арқон ичидаги воқеаларнинг қизиқарли ўтишини таъминларди. Майк Тайсони «кўтарган» ҳам, «синдирган» ҳам айнан у бўлади — бу у ҳақидаги энг машҳур факт. Ҳозир у промоутерлик қилмайди, аммо 1970 йилларнинг ўрталаридан то 2000 йилларнинг бошларигача том маънода бокс оламини бошқарган.

Дон Кинг — одатий фирибгар ва кичик шаҳарча гангстери бўлиб, у «темир қўл»и билан 500 дан ортиқ жаҳон чемпионлиги жангларини ташкиллаштирган ҳамда юзга яқин мижозларини миллионерга айлантирган.

Фото: Getty Images

Дон Кинг болалигидан боксга қизиққан, бироқ у биринчи жангидаёқ нокаутга учраган

Дональд Кинг 1931 йилнинг 20 августида Кливлендда (АҚШнинг Огайо штатидаги шаҳар) туғилган. У Кларенс ва Ҳетти Кинг оиласида олти фарзанднинг бешинчиси эди. Оила базўр кун кечирарди: уларни фақат пўлат заводида ишлайдиган Кларенс боқарди. Бўлажак промоутер атиги 10 ёшдалигида отаси заводдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади.

Билим олиш Кингни унчалик ҳам қизиқтирмасди, шунинг учун у илинган иш билан шуғулланиб кетаверарди. Дўсти билан бирга ерёнғоқ, уй-рўзғор буюмларини сотарди, биржада ўйнарди. Аммо буларнинг ҳеч қайсиси унга айтарли даромад келтирмасди.

20 ёшида у ўзига бизнес топди, бунинг натижасида Кинг биринчи катта пулларини топади. У қимор ўйинларини ташкил қила бошлайди. Огайо штатида бундай нарсалар ноқонуний ҳисобланар эди, лекин ўша пайтдаёқ Кинг бу қоидаларга тупуриб қўйганди. Аввалига Дон оддий лотерея будкасини очади, бир мунча вақт ўтгач эса ўз казиносига эга бўлади. Ўшандаёқ у мутлақо қонуний бўлмаган бизнес билан шуғулланадиган маҳаллий жиноятчилар орасида ҳурматга сазовор бўлганди.

«Қиролдек яшаш менга тинчлик бермасди. Бу орзум эди. Жамиятнинг бой қатлами қандай яшаётганини кўргандим. Ресторанлар, қимматбаҳо тақинчоқлар, гўзал аёллар ва ҳоказо. Мен ҳам шу нарсага интилардим. Улардан нимам кам?», — дея ёдга олганди Кинг ўз таржимаи ҳолида.

Фото: Getty Images

1954 йилда Дональд ҳаётидаги биринчи қотиллигини амалга оширди. Кингнинг ўйин нуқталаридан бирида ўғрилик содир бўлади, Дон ўғрини «самосуд» қилади. Гарчи бундан олдин у ноқонуний фаолияти учун йигирма мартача ҳибсга олинган бўлишига қарамай, бу қилмиши учун ҳеч қандай жазо олмайди. Судда Кинг ўзини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилганини исботлаб беради.

Кинг бокс билан шуғулланиб келарди. Аввалига Дон ўзини спортчи сифатида синаб кўрмоқчи бўлади, аммо натижа унчалик ҳам қониқарли чиқмайди: Кливленддаги «Олтин қўлқоплар» мусобақасида у биринчи жангидаёқ нокаутга учрайди.

«Мен юзларни бежаб қўйишим мумкин эди. Жуда кўп бурун ва жағларни синдиргандим, лекин ёмон боксчи эдим. Қўлқоплар менинг қўлларим учун эмас эди, уларга фақат узук ярашарди», — деганди Кинг.

1966 йилга келиб, Дон иккинчи марта одам ўлдиради. У бизнес шеригини кассадан 600 доллар ўғирлаганликда гумон қилиб, ўлар даражада калтаклайди. Судда Кинг шеригининг ўзи унга ҳужум қилганини ва фақат ўзини ҳимоя қилганини айтади. Гувоҳлар эса Доннинг марҳумни шафқатсизларча калтаклаганини маълум қилади. Натижада адвокат бу олдиндан режалаштирилмаган қотиллик эканлигини исботлашга муваффақ бўлади — Кинг бор-йўғи 4 йил қамоқ жазосини олади.

Кинг Муҳаммад Али туфайли промоутерга айланган. Тайсондан олдин Дон уни қора танли биродари деб атарди ва оқ танлиларга ишониб бўлмаслигини айтарди

Аммо Кингнинг фаолиятидаги асосий воқеа 1960 йилда содир бўлади. Ўшанда у Муҳаммад Али билан учрашади, бу пайтлари унинг исми ҳали Кассиус Клей эди. Боксчи эндигина Римдаги Олимпиадада ғалаба қозонган эди, аммо Клей кутилган ҳурматга эга бўлмайди. Америкада ирқий камситишлар йўқолмаган вақт — Кассиус ресторанларга ва бошқа муассасаларга киритилмайди. Аммо Кинг бу пайтга келиб Кливлендда ресторанга эгалик қиларди, у ерда Алига ҳеч қандай тақиқ йўқ эди.

Шу пайтдан бошлаб уларнинг дўстлиги бошланади. Дон Муҳаммаднинг бокс салоҳиятидан ҳайратда эди ва унинг карьерасини диққат билан кузатиб борарди. Шунинг учун у ўз бизнесини соядан чиқариш ва бокс мусобақаларини ташкил этиш ҳақида ўйлайди. Тўғри, ўша иккинчи қотиллик айнан шу вақтда содир бўлганди, лекин 1971 йилда қамоқдан чиққанидан кейин Кинг нима қилишини аниқ биларди.

Дон 1972 йилда Алини хайрия тадбирида иштирок этишга кўндиради: Кливленд касалхоналаридан бири йўқ бўлиб кетиш арафасида турганди. Муҳаммад эса ўша пайтда аллақачон юлдуз даражасига чиққанди, шунинг учун тандем осонгина 80 минг доллар йиғиб, ўзи учун яхши имиж яратиб олди.

Фото: Getty Images

Кинг ташкиллаштирган биринчи жанг тарихдаги энг зўр беллашувлардан бири бўлган — Муҳаммад Али ва Жорж Форман ўртасидаги Заирдаги (ҳозирги Конго ДР) дуэл, «Жунглидаги шовқин», 1974 йил 30 октябрь. Бу Африкада ўтказилган оғир вазн тоифасидаги биринчи чемпионлик жанги эди.

Ҳатто Али интервью чоғида Кинг билан «катта қора иш» қилаётганини айтганди. Аммо ҳаммаси жуда оддий эди — Дон имкон қадар кўпроқ пул ундиришни хоҳлаганди. АҚШда икки қора танли ўртасидаги муштлашув учун ҳеч ким 12 миллион доллар тўлашни хоҳламаган. Заирни ўшанда диктатор Мобуту Сесе Секо бошқарарди ва у мамлакат тарихидаги энг даҳшатли фуқаролик урушларидан бирини бошлаганди. Кинг эса уни бундай масштабдаги катта жанг диктаторнинг имижини яхшилашига ишонтирди. Жангни бир миллиарддан ортиқ одам томоша қилди ва тадбирнинг ўзи кутилганидан ҳам муваффақияти чиқди. Дон эса ўзининг биринчи 2 миллион долларини ишлаб олди.

Бир йилдан камроқ вақт ўтгач, Кинг «Маниладаги триллер»ни ташкил қилади, бу Али ва Жо Фрэйзер ўртасидаги учинчи жанг эди. АҚШдан ташқаридаги жанглар солиқлардан қочишга ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятли эди.

Кинг боксчиларни талон-тарож қиларди, аммо ҳамма унинг ёнига югуриб боришда давом этарди

Кинг боксчиларга шартнома бўйича тўланиши керак бўлган суммани кам тўлашини ҳамма биларди, шунга қарамай, ҳеч ким у билан ҳамкорликни тўхтатмасди. Бунинг сабабини Доннинг мижозларидан бири, оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Ларри Ҳолмс жуда аниқ таърифлаганди: «Оддий промоутер сизга миллион доллар беради, яхши промоутер уч миллион. Дон Кинг эса сизга ўн миллион доллар ваъда қилади ва беш миллион ўғирлайди, лекин сиз барибир фойдада бўласиз».

Дон боксчиларни талон-тарож қилишни Муҳаммад Алидан бошлади. 1980 йилда Али Кингнинг Ларри Ҳолмсга қарши жанг қилиш ҳақидаги илтимосига рози бўлади. Жангда Муҳаммад оғир жароҳатлар олиб, ютқазади ва касалхонага ётқизилади. Буларнинг барчаси Алининг ўлимига сабаб бўлган Паркинсон касаллигининг ривожланишига сабаб бўлгани эҳтимоли юқори.

Кинг бу жангдан 2 миллион доллар ишлаб олади. Али суддан 1,1 миллион ундириб беришни талаб қилди, аммо Кинг Алига касалхонага 50 минг доллар билан адвокатини юборди, бунинг учун Муҳаммад барча даъволардан воз кечиши керак эди. Афтидан, Алига тиббий тўловларни тўлаш учун шунча пул жуда керак бўлган, шунинг учун у барча ҳужжатларга имзо чекиб беради.

Фото: «Дарё»

Кингнинг схемасини Тим Уизерспун мисолида кузатиш мумкин. Боксчи Дон ва унинг асраб олинган ўғли Карл билан бир вақтнинг ўзида бир эмас, бир нечта шартнома имзолайди. Карл менежер сифатида ишларди.

Биринчиси, Дон Кинг уни реклама қилиб беради. Иккинчиси, Карл Кинг билан шартнома. Ушбу келишувларга кўра, Тим Карлга гонорарининг 33 фоизини, Донга эса 50 фоизини тўлаган. Шартномалардан бири ҳатто бўш бўлган: промоутер унга хоҳлаган нарсасини ёзиши мумкин эди. Уизерспун Ларри Ҳолмсга қарши жанг учун 150 минг доллар олиши керак эди, бироқ бор-йўғи 52 минг доллар олади. Грег Пейж билан жанг учун эса боксчи 250 минг доллар ўрнига 44 минг доллар билан чекланади.

HBO Кингга Уизерспун ва Фрэнк Бруно жанги учун 1,7 миллион доллар тўлаган. Бу 2 миллион долларлик дуэлнинг кассасидан ташқари пул эди. Тимнинг гонорари 500 минг долларни ташкил қилади ва у ўзини аллақачон бойвачча сифатида кўрарди, лекин уйга келганида, уни 90 минглик чек кутаётган эди. Бундан ғазабланган Уизерспун Кингни судга беради. Талаб қилинадиган компенсация миқдори 25 миллион долларни ташкил қиларди. Кинг Уизерспунга судгача 1 миллион доллар тўлаб берди, холос.

Ларри Ҳолмс эса камтарин ҳисоб-китобларга кўра, Кинг билан ҳамкорлик давомида 10 миллион доллар йўқотганини даъво қилади. Ўшанда Кинг Ҳолмсга 150 минг доллар товон тўлайди ва оммавий ахборот воситаларида промоутер ҳақида салбий гап айтмаслик ҳақидаги шартномани имзолатади.

Кас Дамато Тайсонни кашф қилган, лекин Кинг уни йиртқич ҳайвонга айлантиради

Али боксни тарк этганидан сўн Кинг унга миллионларни олиб келадиган янги юлдузни қидиришни бошлади. Бу Майк Тайсон эди. Дон истеъдодли боксчи ҳақида Тайсонни қотиллик машинасига айлантирган одам — Кас Даматонинг ўлимидан олдин ҳам билар эди. Табиийки, Кас промоутер ҳақида етарлича маълумотларга эга бўлиб, Майкни унинг таъсиридан иложи борича ҳимоя қиларди. Ҳамма нарсани Тайсоннинг буюк мураббийи ва менежери Жим Жейкобснинг ўлими ўзгартириб юборади.

Аввалига Тайсон Кингнинг асосий рақобатчиси Боб Арум билан шартнома имзоламоқчи бўлган, бироқ у худди Али билан бўлгани каби ҳийла ишлатади: «Оқ танлиларга ишониб бўлмайди, мен сенинг қора биродарингман, сени ҳеч қачон талон-тарож қилмайман». Бу Кингнинг деярли барча мижозлари билан ишлатган фирибгарлиги эди, унинг қўл остида оқ танли боксчилар деярли бўлмаган.

Ака-ука Кличколар унинг оқ танли мижозлари бўлиши ҳам мумкин эди, аммо 90 йилларнинг ўрталаридаёқ Кинг ўз жангчиларини «ухлатгани» ҳақида афсоналар юрарди. Дон ўзининг энг катта бойлигини катта трио — Эвандер Ҳолифилд, Леннокс Льюис ва Майк Тайсон даврида қўлга киритди.

Фото: Getty Images

Тайсон Тревор Бербикка қарши кечган жангда чемпионлик унвонини қўлга киритгандан (1986 йил) сўнг Кинг ўн йилдан кўпроқ вақт давомида сайёрадаги энг даҳшатли одамнинг промоутери бўлган. Аммо Тайсон жинсий зўравонликда айбланиб, қамоққа тушганидагина ким билан ўралашиб қолганини тушунди: қийин молиявий аҳволда бўлган Майк адвокатлари ва иқтисодчиларидан ҳисоб рақамини текширишни сўради, аммо фақат қарзларнигина топди.

Аниқроғи, Кинг Тайсонга 100 миллион доллардан кўпроқ тўламаган. Дон Майкни машҳур қилди, лекин руҳий томондан синдирди. Тайсон янада тажовузкор бўлиб, ҳар хил жанжалларга дуч келарди. Дон буларнинг барчасини битта мақсадда ишлатарди: боксчидан иложи борича кўпроқ пул чиқариш.

«Мен Дон Кинг билан ўралишиб қолгандим. У жирканч ва чириган одам эди. Аслида у қора танли биродарим бўлиши керак эди. У жуда ёмон одам. Кинг бир доллар учун ўз онасини ҳам ўлдиради. У ҳеч кимни сева олмайди, шундай туғилган. Дўстимнинг айтишича, активларимнинг катта қисми ўғирланган, шунинг учун банкдаги ҳисобларимни текширдим. Пул йўқ эди. Кингнинг юзига борини айтдим, у эса ҳаммасини рад этди. Кейин оқ танли кекса аёллар олдида унинг абжағини чиқардим. У мендан 100 миллион доллар олиб қўйганди. Судда сумманинг озгина қисми қайтарилди — 20 ёки 30 миллион», — дея эслаганди Тайсон Кинг ҳақида.

Майк фақат 1998 йилга келиб, «қуллик» шартномасидан озод бўлишга муваффақ бўлди. Бундай ҳолат деярли Кингнинг ҳар бир боксчиси билан содир бўлган — улар судга мурожаат қилади, аммо талаб қилинганидан анча кам товон пули олади. 2000 йилларнинг ўрталарига келиб, кучли промоутер нафақага чиқди. Аммо у банкрот бўлмаган — Forbes маълумотларига кўра, Кингнинг жанглар ташкил қилишдан топган умумий даромади миллиард доллардан ошади ва Дон бу пулларнинг катта қисмини муваффақиятли инвестиция қилишга улгурган. Биринчи навбатда, бугунги кунда ҳам унга даромад келтираётган кўчмас мулкка.