Украина Россия билан ҳарбий можарога борадиган бўлса, мамлакат аҳолиси ва муҳим инфратузилма объектларини газ билан 5-7 кун таъминлай олади, холос. Бу каби ҳолат газ транзити тўхтатилса ёки транзит газ қувурларига шикаст етса, юзага келади, деб хабар беради Reuters.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, газнинг қанчага етиши об-ҳаво шароити ва бошқа омилларга боғлиқ. Агентлик маълумотларига кўра, саноатга газ таъминотини тўхтатиш ҳисобига уни бир неча кунга узайтириш мумкин. Шунингдек, суткасига 40 миллион кубометргача газ импорти варианти ҳам мавжуд, бироқ Европада бўш ресурслар мавжуд эмас. Етказиб беришдаги чекловлар электр энергия ишлаб чиқаришда муаммоларни юзага келтиради.

Бундан ташқари, Reuters Украинанинг бензин ва дизель импортига боғлиқлигини қайд этган. Бензиннинг қарийб 50 фоизи Беларусдан олиб келинади. Қуролли кучлар учун муҳим бўлган дизель ёнилғисининг 30 фоизи эса Россиядан етказилади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти ходимлари Россия томонидан Украинага босқинчилик ҳаракати амалга оширилиши мумкинлиги сабаб бир нечта халқаро энергетика компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Америка администрацияси вакиллари можаро юзага келадиган бўлса, Европага етказиб бериладиган Россия гази ўрнини нима билан қоплаш мумкинлигига қизиққан. Компаниялар Давлат департаментига Россиядан етказиб бериладиган таъминотни қоплаш учун ресурслар етарли эмаслигини маълум қилган.

Аввалроқ Зеленский АҚШ давлат котиби билан учрашувда Украина армиясини модернизация қилишда ёрдам сўрагани, Канада махсус кучларининг бир қисми Украинага жўнатилгани тўғрисида хабар берилганди. 13 январь куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин Украина мудофаа вазири Алексей Резников билан музокара ўтказган эди. Улар Россия–Украина чегараси яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши масаласини муҳокама қилган.

Мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби билан Россиянинг Украина яқинида ҳарбий жиҳатдан сабабсиз ва давомли кучайишини муҳокама қилган. Остин АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, жумладан, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.