Чеченистон Олий судининг истеъфодаги судьяси Сайди Янгулбоев қизи Алия билан Россияни тарк этди, деб хабар бермоқда Meduza «Қийноқларга қарши қўмита» инсон ҳуқуқлари ассоциациясига таяниб. Аввалроқ судьянинг рафиқаси Зарема Мусаева чечен хавфсизлик кучлари томонидан уйидан куч билан олиб кетилганди.

Сайди Янгулбоев қизи Алия билан

Фото: Telegram

Қайд этилишича, қўмита Зарема Мусаеванинг мажбурий ҳибсга олиниши бўйича жамоатчилик текширувини давом эттиради ва берилган шикоят юзасидан инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди билан ҳамкорлик қилади.

Зарема айнан қаердалиги, унинг соғлиғи ва ҳуқуқий аҳволи қандай экани номаълум.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Янгулбоевлар оиласини «террорчиларнинг шериклари» деб атаган ва уларни ҳибсга олишни, «қаршилик кўрсаца, йўқ қилишни» талаб қилганди.

Судьянинг ўғли Абубакир Янгулбоев «Дожд» телеканали эфирида Қодировнинг сўзларига фикр билдирар экан, Россия президентига Чеченистон раҳбариятини алмаштириш таклифи билан мурожаат қилди.

20 январь куни Сайди Янгулбоев ва Зарема Мусаеванинг Нижний Новгороддаги хонадонига ўзларини Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларимиз деб таништирган ниқобли қуролланган шахслар бостириб кирган. Улар оилани Чеченистонга қарши фирибгарлик иши бўйича гувоҳ сифатида келтириш қарорини кўрсатган, шундан сўнг Мусаевани куч билан олиб кетган. Янгулбоевнинг ўзи судьялик гувоҳномасини кўрсатгани учун олиб кетилмаган.

Судьянинг яна бир ўғли Ибрагим Янгулбоевнинг айтишича, уларнинг оиласи Чеченистон ҳукуматини очиқ танқид қилган матбуот маъмури бўлгани учун таъқиб қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2015 йилда уни отаси ва акаси билан бирга ўғирлаб кетишган ва Қодировнинг қароргоҳига олиб боришган. У ерда оила жумладан, Чеченистон раҳбарининг шахсан ўзи томонидан калтакланиб, қийноққа солинган,

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Зарема Мусаеванинг ўғирланиши ҳақидаги воқеани «фантастик воқеа» деб ҳисоблаб, унга муносабат билдирмаслигини айтди.