«Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.

Кушербаевнинг ёзишича, киберхавфсизлик — ахборот хавфсизлиги бўлиб, у шахс, жамият ва давлат манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳолатини англатади. Янги қонуннинг мақсади:

  • Ўзбекистон кибермаконида киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш;
  • киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли органнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
  • миллий киберхавфсизлик саноатини рағбатлантириш, ривожлантириш учун ҳуқуқий базани яратиш: давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш, киберхавфсизлик бўйича мутахассислар тайёрлаш, миллий операцион тизим ва дастурий таъминотлар яратиш ва бошқалардан иборат.

Қонун лойиҳасига кўра, киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизмати белгиланмоқда.

Аввалроқ «Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармон лойиҳасида Ўзбекистонда кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизими яратилиши маълум бўлганди. Қайд этилишича, 2023—2026 йиллар учун Ўзбекистоннинг киберхавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилади. Бунда «uz» домен зонаси интернет-маконининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари белгиланади. Электрон ҳукумат, энергетика, рақамли иқтисодиёт тизимлари ва муҳим ахборот инфратузилмасига тааллуқли бошқа йўналишларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс вазифалар тузиб чиқилади.