«Манчестер Юнайтед» янги мураббий қидиришда давом этмоқда.

Фото: Getty Images

2021/2022 йилги мавсум якунлангач Ральф Рангник мураббийлик вазифасидан кетади ва манкунианликлар клубида маслаҳатчи сифатида фаолиятини давом эттиради. Шунинг учун «Манчестер Юнайтед» раҳбариятида ҳозирданоқ унинг ўрнига бошқа номзодларни қидиришни бошлаган. Немис мутахассиси 2022/2023 йилги мавсумда ҳам мураббий лавозимида қолиши мумкинлигини айтиб ўтди, аммо клуб буни хоҳламаяпти ва янги мураббий олиб келиш истагида.

The Athletic’нинг хабар беришича, жараён яқин ҳафталарда бошланиши кутилмоқда. «Манчестер Юнайтед» Маурисио Почеттино («ПСЖ»), Эрик тен Ҳаг («Аякс»), Луис Энрике (Испания терма жамоаси) ва Хулен Лопетеги («Севилья») номзодларини кўриб чиқади.

Манкунианликлар Европа клубларида улкан тажрибага эга бўлган мутахассис изламоқда ва юқоридаги номзодлар бу талабга жавоб беради: «ПСЖ»га қадар Почеттино «Тоттенҳэм»да ишлаган ва жамоани Чемпионлар Лигаси финалига қадар олиб чиққан. Лопетеги «Севилья»га келишидан олдин «Реал» ва Испания терма жамоасини бошқарган, Энрике «Барселона»да ишлаган, тен Ҳаг эса «Аякс»да муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Ральф Рангник 2021 йил ноябрь ойида жамоага бош мураббий этиб тайинланганди. Унга қадар жамоани Оле-Гуннар Сульшер уч йил давомида бошқарган.

Манчестерликлар Ральф Рангник қўл остида Англия Премьер Лигасида 38 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда.