Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров «Қийноқларга қарши қўмита» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмаси раҳбари Игорь Каляпин ва «Новая газета» шарҳловчиси Елена Милашинани «террорчи» ёки «террорчиларнинг шериклари» деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram’даги каналига ёзиб қолдирган.

Фото: «РИА Новости»

«Сценарий ишлаб чиқиб, ўз қаҳрамонларининг қулоқларига матн ва хатти-ҳаракатларини шивирлаб қўйиб, Чеченистон мавзуси орқали пул топаётган Каляпин билан Милашина мен учун террорчи. Агарда Россияда қонун ва ҳуқуқ-тартибот органлари мавжуд бўлса, уларга мурожаат қиламан: террорчиларнинг шерикларини қўлга олинглар», — деб ёзади Қодиров.

Чеченистон раҳбари улар «доим террорчилар ва уларнинг шерикларини йўқ қилиб келганини» таъкидлаб, «келажакда ҳам» шундай йўл тутишга ваъда берган.

Қодиров бу каби баёнотни Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаевнинг оиласига нисбатан эълон қилинган навбатдаги тандиққан сўнг билдирган. Янгулбаевнинг рафиқаси Зарема Мусаевани чечен куч тузилмалари Нижний Новгороддан зўравонлик билан республикага олиб кетгани айтилмоқда.

Игорь Каляпин «Znak.com» нашрига Қодировнинг баёноти «Қийноқларга қарши қўмита» ишига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилган. «Рамзан Аҳматович ёш боладек, ҳозир у хафа… Унинг фикрига қўшилмаган ҳар қандай инсон — террорчи. Бу у билан мажбурият», — дейди Каляпин.

Қодиров Каляпин ва Милашинани биринчи маротаба қоралаши эмас. Чеченистон раҳбари томонидан «Қийноқларга қарши қўмита» раҳбарига нисбатан ҳужумлар 2014 йилда, Каляпин Бош прокуратура ва Тергов қўмитасига Қодировнинг жангариларнинг қариндошларини Чеченистондан кўчириб юбориш ва уларнинг уйини ёқиш тўғрисидаги баёнотидан кейин ариза ёзгач, бошланган.

2020 йилнинг апрелида Қодиров Елена Милашинанинг Чеченистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақидаги мақоласини танқид қилиб, ФХХ ва Россия президенти администрациясини нашрга таъсир кўрсатишга чақирган эди. Қодиров Милашинани ўлдириш билан ҳам таҳдид қилган.

20 январь куни Сайди Янгулбоев ва Зарема Мусаеванинг Нижний Новгороддаги хонадонига ўзларини Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларимиз деб таништирган ниқобли қуролланган шахслар бостириб кирган. Улар оилани Чеченистонга қарши фирибгарлик иши бўйича гувоҳ сифатида келтириш қарорини кўрсатган, шундан сўнг Мусаевани куч билан олиб кетган. Янгулбоевнинг ўзи судьялик гувоҳномасини кўрсатгани учун олиб кетилмаган.

Судьянинг яна бир ўғли Ибрагим Янгулбоевнинг айтишича, уларнинг оиласи Чеченистон ҳукуматини очиқ танқид қилган матбуот маъмури бўлгани учун таъқиб қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2015 йилда уни отаси ва акаси билан бирга ўғирлаб кетишган ва Қодировнинг қароргоҳига олиб боришган. У ерда оила, жумладан, Чеченистон раҳбарининг шахсан ўзи томонидан калтакланиб, қийноққа солинган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Зарема Мусаеванинг ўғирланиши ҳақидаги воқеани «фантастик воқеа» деб ҳисоблаб, унга муносабат билдирмаслигини айтди. 22 январь куни Сайди Янгулбоев қизи Алия билан Россияни тарк этган.