Дания ҳукумати Малида ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар талабидан сўнг, ўз ҳарбий хизматчиларини мамлакат ҳудудидан олиб кетишга қарор қилди. Бу ҳақда Дания ташқи ишлар вазири Еппе Кофодга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар Мали эндиликда Дания ҳарбийларининг бу ерда қолишини хоҳламаслигини англатувчи аниқ хабарни юборди. Биз ўз ҳарбийларимизни олиб чиқиб кетишга қарор қилдик», — дейди вазир.

Европа ОАВларининг ёзишича, гап, тахминан, 100 нафар ҳарбий хизматчи ҳақида кетмоқда.

Январь бошларидан Швеция ҳукумати ҳам 2022 йилда ўз қўшинларини Малидан олиб чиқиб кетмоқчилигини маълум қилганди. Бунга ушбу мамлакатга «Вагнер» ёлланма ҳарбийларининг келгани тўғрисидаги маълумотлар сабаб бўлган.

Мали атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви 2020 йилдаги давлат тўнтариши ортидан бошланди, шундан сўнг Ғарбий Африка давлатлари ўз чегараларини ёпди, дипломатик муносабатларни узди ва Малига қарши иқтисодий санкциялар жорий этди, бу АҚШ ва Франция томонидан қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, «Вагнер» гуруҳи норасмий қуролли тузилма бўлиб, оммавий ахборот воситаларида у кўпинча Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси деб аталади. Таъкидланишича, гуруҳ 2014 йилдан Украинада, кейин эса Сурияда фаолият юритган. Аввалроқ Россия ТИВ вакили «Вагнер» фаолиятига давлатнинг алоқаси йўқлиги, бу шахсий кампания экани ва капитализм шароитида «ҳар ким қўлидан келган усулда пул топишини» айтган.