Болливуднинг маҳоратли актёри Живан Кумар ўзининг сермаҳсул карьерасида сон-саноқсиз ролларни ўйнаган ва ҳеч қачон касбини ривожлантиришдан тўхтамаган. У ҳинд кино оламида салбий ролларни маромига етказиб ижро этган энг машҳур актёрлардан бири эди.

Фото: Bollywoodtime

Унинг ҳақиқий исми Омкар Натх Дар. Актёр 1915 йил 24 октябрда Шринагарда кашмирлик пандит оиласида туғилган. Боланинг отаси Гилгит (ҳозирги Кашмир) губернатори бўлган. Живаннинг 22 акаси ва бир опаси бор эди. Улардан 22 нафари бир онадан бўлиб, икки фарзандни отаси иккинчи оиласидан кўрган. Шундай қилиб Живанлар оилада 24 фарзанд бўлган. Аммо уларнинг оиласи ўзига тўқ бўлса-да, Живаннинг ўз онаси туғруқ пайтида, отаси эса у уч ёшга кирганда вафот этди.

Фото: Bollywoodtime

Болани бобоси ва бувиси тарбиялаган. Унинг бобоси ҳам ҳоким бўлгани учун уларнинг оиласи олий табақа ҳисобланган. Шундай бўлса ҳам, актёрнинг таъкидлашича, унинг болалиги бахтсиз ўтган, уйдаги давомий тартибсизликлар туфайли тез-тез қочиб кетишни истаган.

Живан болалигидан сураткаш бўлишни орзу қилар эди. Коллеждаги таътил пайтида у сурат олиш касбини ўрганиш учун Бомбейга борди ва Кашмирда ўзининг фотостудиясини очди. Бироқ тақдир йигит учун бошқа туҳфа тайёрлаган эди. У акасининг таниши орқали Бомбейдаги киностудияга ишга жойлашди.

Фото: Bollywoodtime

У ерда Кумарга кумуш қоғозларни ёғоч бўлакларига ёпиштириш вазифаси берилган эди, шундан суратга олиш пайтида «рефлектор бола» лақабини олди. Тез орада у муҳим саҳна учун актёр излаётган режиссёрнинг назарига тушди. Режиссёр ундан бир неча сатр ўқишни сўради. Унинг бетакрор характеридан ҳайратда қолган режиссёр Кумарга 1935 йилда «Замонавий Ҳиндистон» фильмидаги биринчи ролини таклиф қилди.

Фото: Bollywoodtime

Ҳали кино оламида янги бўлишига қарамай, у аллақачон даврнинг етакчи юлдузлари билан ишлай бошлади. У тажриба қилишдан қўрқмади ва кўплаб машҳур ҳинд фильмларининг бир қисмига айланди.

Фото: Bollywoodtime

Унинг ўғли Киран Кумар ҳам актёр бўлиб, отасининг ижро услубини яхши эслайди. «Менинг дадам ҳақиқий тенденция муаллифи эди. У ролларига ўзига хос тарзда ёндашган ва ҳар доим қандайдир ишораларни ишлатган. Мен буни ҳеч қачон кўчирмаганман, лекин унинг кўплаб ҳамкасблари буни такрорлаган. Отам туфайли улар ҳозир яхши ишлаяпти», – деди у 2016 йилда берган интервьюсида.

Фото: Bollywoodtime

Ўзининг узоқ ва самарали фаолияти давомида Живан сон-саноқсиз салбий образларни ижро этди. Баъзан замонавий, 1977 йилги блокбастер «Амар, Акбар, Энтони»даги Роберт, баъзан «Қонун» (1960) фильмидаги Калидас каби пафосга бой, гоҳида маккор, худди «Севги ҳақида абадий эртак»даги Сатпал Вир каби.

Фото: Bollywoodtime

Живан ва унинг рафиқаси Киран тўрт нафар фарзанд кўрди. Икки ўғил: Киран Кумар ва Бҳушан Живан ҳамда икки қиз: Никки ва Рики. Живан ўзидан кейин қарийб ярим асрга чўзилган ажойиб карьера меросини ортда қолдирди. 1987 йил 7 июнда у комага тушиб қолди, орадан уч кун ўтиб, 10 июнь куни 71 ёшида вафот этди.