Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши жорий этилган санкциялар рўйхатига Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, «Роснефть» раҳбари Игорь Сечин ҳамда USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳам киритилди. Бу ҳақда Евроиттифоқнинг расмий журналида маълум қилинди.

Фото: Bloomberg

Европа санкциялари юқори мартабали амалдорлар ва ҳарбийлар, бизнесмен ва журналистлардан иборат жами 26 нафар россияликка қарши қўлланилган. Улар орасида «Северстал»нинг асосий эгаси Алексей Мордашов, «Алфа-банк» директорлар кенгаши раиси Пётр Авен, «Алфа-Групп» кузатув кенгаши раҳбари Михаил Фридман, телебошловчилар Аркадий Мамонтов, Антон Красовский, Роман Бабаян, Олга Скабаева, Тигран Кеосаян ва вилолончел устаси Сергей Ролдугин ҳам бор.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи «СОГАЗ» суғурта компаниясига қарши чекловларни қўллаган.

24 февралда Россия Украинага бостириб киргач, Буюк Британия мамлакатга қарши янги санкциялар қўллаган, хусусан «Аэрофлот» компаниясининг қироллик ҳудудига парвозларини тақиқлаган. АҚШ президенти Жо Байден Россия Украина ҳудудига бостириб киргани ва у ерда ҳарбий операцияларни бошлагани учун мамлакатга нисбатан янги санкциялар жорий қилган. Шунингдек, Байден Россиянинг Украинага ҳужуми учун масъулият Владимир Путиннинг зиммасида экани, Россия ушбу ҳарбий операция учун жиддий зарбалар қабул қилиб олиши ҳақида гапирган.

Кейинчалик 25 февралда АҚШ Путин, Лавров ва Шойгуга қарши санкциялар эълон қилди, шунингдек 26 февралда Оқ уйнинг Зеленскийга Киевни тарк этишида ёрдам беришга тайёрлиги хабар қилинди. АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳарбий эҳтиёжлар учун зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатишни буюрган, Франция президенти Эммануэль Макрон эса Украинадаги урушнинг узоқ давом этишини тахмин қилган.

Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live