Илк намунаси қадимги қоятошларга тушган, бугун эса кўча-кўйдаги деворларга кўчган стрит-артлар тасвирий санъатнинг бир тармоғи ўлароқ кундалик ҳаётимизни безаётгани рост. Хорижий ўлкаларда аллақачон оммалашишга улгурган замонавий кўча санъати яқин йиллардан буён Ўзбекистон, аниқроғи, пойтахт кўчаларида ҳам пайдо бўла бошлади. Ўзини ҳалигача танитмаган, аноним равишда суратлар чизгувчи Inkuzart ижоди бунга яққол мисол.

2022 йилнинг 18 февралида Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманининг «Дўстлик» маҳалласига ташрифи чоғида кўп қаватли уйлардан бирининг деворига чизилган «Дўстлик рамзи» муралига эътибор қаратади. Ранг-тасвирнинг бундай турига ҳам алоҳида ғамхўрлик қилиш зарурлигини таъкидлайди.

«Дўстлик рамзи» мурали

Фото: «Дарё»/ Маъмуржон Обраҳматов

Бир қарашда жозибадор ва ноодатий туюладиган кўча санъатини қандай чизиш мумкин? Буни «Дўстлик рамзи» билан биргаликда шифокорлар ва илм-фан ривожига атаб чизилган мураллар муаллифи Ҳасан Майчеев, Ўзбекистон байроғининг 29 йиллигига бағишланган ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида қозоқ халқ достони «Қиз Жибек» тасвири ифодаланган мураллар рассоми Элнур Эгамов тушунтириб берадилар. Улар яна бу санъат оламига қачон ва қандай кириб келганлари, ижод ва унинг паст-баландликлари, эътибор қаратилиши зарур муаммолар ҳақида ҳам сўзлайдилар.

Ҳасан Майчеев, 28 ёш «Зиё форум» фонди бош меъмори

— Олдиндан YouTube орқали чет элда стирт-арт, катта монументал расмлар чизаётган инсонлар фаолиятини кузатиб борар, ҳавас кўзи билан қарардим. Бизда ижоднинг бу тури билан кўп шуғулланилмаганлиги сабаб қилиб кўрсаммикан, деган қизиқиш бўларди.

2020 йил октябри. Коронавирус авж олган пайт. Қандайдир ваҳима, кўчаларда одам йўқ. Шифокорларнинг ёрдамига жуда-жуда муҳтож эдик. Уларнинг қаҳрамонлигини кўрсатиш истаги пайдо бўлди. Баландликдан қўрқишимга қарамасдан Сергели тумани Янги Сергели ва Лутфкор кўчалари кесишмасидаги 9 қаватли, 32 квадрат метрдан иборат бинода шу мавзуда мурал чизишга қарор қилдим.

Ҳасан Майчеев

Фото: «Дарё»/ Дилруҳ Исомиддинова

Кўплаб ғоялар келди, турли вариантдаги эскизлар тайёрладим. Охири чақалоқни дўппига солган ҳолатда парваришлаётган шифокор тасвирига тўхталдим. Ҳаётимизни шу бола мисолида кўриб, шифокорлар бизни қанчалик асраётганига урғу бермоқчи бўлдим. Ёш боланинг қай даражада нозиклигини шу мурални чизиш жараёнида билганман.

Шифокорларга бағишланган мурал

Фото: Instagram / Ҳасан Майчеев

Ҳар куни 10-12 соатдан ишлаб, олти кун деганда битирганмиз. Краннинг устига чиқиб чизганман. Тушликка ҳам ярим-бир соат вақтни аранг ажратардик. Краннинг соати пул туради. Шунинг учун бир ҳудудни бўяб турганда чала қолдириб тушиб кетиб ҳам бўлмасди. Меъёридан ортиқ харажат бўлиб кетмаслиги учун белгиланган жойни битириб олишга ҳаракат қилардим.

2021 йилнинг ёзида илм-фан, таълим-тарбия ривожига бағишланган композицияга қўл урдим. Манзили Сергелидаги мактаблардан бирининг ёнида. Айнан иш жойим сабаб таълимга эътиборим кўпроқ тушган, илм-фаннинг ривожида бир тасвирим билан бўлса-да ҳисса қўшгим келарди.

Маълумот учун:

Инглизчада «кўча санъати» маъносини билдирувчи стрит-арт деворий расмлар, жамоат жойлари ва бошқа турли хил объектлардаги тасвирлар, граффити, кўча инсталляциялари, стикерлар, постерлар, шунингдек, муралларни ҳам ўз ичига олади. Стрит-артнинг асосан катта ҳажмдаги, кўп қаватли уйларда рассом ва маълум бир томон билан келишув асосида чизиладиган тури эса мурал саналади.

Ўн кунча вақт кетди. Икки қаватли, 10 метр баландликдаги бинода нарвондан фойдаланиб чиздим. Ундан чиқиб-тушиш-у, бошқа барча ҳаракатларни ўзим қилардим. Шунинг ҳисобига ҳам вақти бироз чўзилиб кетди. Аввалгисида буларни кимдир кран орқали бажариб тургани учун катта иш бўлса ҳам нисбатан камроқ вақт кетганди.

Ундан кейин Янгиҳаёт тумани «Дўстлик» маҳалласидаги «Дўстлик рамзи» муралини чиздим. Бу маҳаллада 30 дан ортиқ халқ яшайди. Битта давлатда ҳар хил миллат-элатлар яшашини ифода этиш мақсадида ҳам шу мавзуга қўл урдим. Тўққиз қаватли, 32 метрдан иборат бино бўлса ҳам тўрт кунда битиргандим.

Элнур Эгамов, 32 ёш «Маэстро» рассомлар ижодий гуруҳи аъзоси

Элнур Эгамов

Фото: «Дарё»/ Маъмуржон Обраҳматов

Илк стрит-артни Қозоғистонда чизганмиз. 2018 йили Чимкент шаҳри ҳокими янги қурилган бир майдонга деворий сурат чизиш таклиф билан чиққан. Билмадим, балки бизда рассомлар арзонроқдир. Эҳтимол, ижодимизни ҳурмат қилиб чақиришгандир. Қозоқ халқ достони қаҳрамони «Қиз Жибек» (Ипак қиз)ни тўрт қаватли уйнинг 150 квадрат метрдан ошиқ деворида тасвирлагандик.

Қозоғистондаги «Қиз Жибек» мурали

Фото: Instagram/ Элнур Эгамов

2020 йилда Тошкент шаҳри Чилонзор туманида байроғимизнинг 29 йиллигига бағишлаб навбатдаги муралга қўл урдик. Биз ҳокимият, туризмга алоқадор объектларга кўчада деворий сурат чизиш ташаббуси билан кўп бора мурожаат қиламиз. Байроқни чизиш таклифи билан ҳам бир қанча жойларнинг эшигини қоққандик. Ҳомийликни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати оладиган бўлди.

Фақат байроқнинг ўзини тасвирласак, одамлар ҳайрон қолмас, кимдир шу бинодан ўтиб кетар экан, бир дақиқага бўлса-да назар ташлаши учун деталлардан фойдаланиш керак эди. Кўпчилик томонидан маъқулланган эскиз вариантини Чилонзордаги бир деворга муҳрладик. Эрталабдан кечгача ишлаб бир кунда тугатганмиз.

Ўзбекистон байроғининг 29 йиллигига бағишланган мурал

Фото: Элнур Эгамов

— Баландликдан қўрққан бўлсангиз, ҳаяжон ҳам кучли бўлгандир?

Ҳасан Майчеев: Албатта. Бунақа ҳажмдаги баландликка биринчи марта чиқишим эди. Аввал ёпиқ бинолар деворларида чизган бўлсам, нари борса тўрт метрли бўларди. Стрит-арт жанридаги илк ишим айнан шу тарафи билан ҳам қизиқиш уйғотган.

Биринчи куни кран кабинаси келди ва ўқини бинога қаратди. Бўёқлару, керакли жиҳозларни тайёрлаб қўйганмиз. Қўрқуву, ҳаяжон билан: «Ака, битта олиб чиқинг-чи!» дедим. Пастдан қарасангиз, бинолар унча каттага ўхшамайди. Деворнинг олдига яқинлашганингизда эса ҳайбатини сезасиз. Албатта, ишончсизлик ҳам бўлган. Шу жойгача келиб, иш бошланай деб турганда орқага йўл йўқлигини тушунишга ҳаракат қилганман.

Краннинг устида турганимда мабодо ҳозир бўёқ идишига қоқилиб, йиқилиб тушсам-чи, деган ўй ҳам келган. Тўғри, хавфсизлик камари ҳам бор эди. Аммо у ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бир нуқтадан иккинчисига тез-тез ўтганимда ҳозир осилиб қолсам, белим синиб кетса-чи, йиқилиб тушсам, ҳеч ким сезмаса ҳам керак деб ўйлаганман. Аммо кўзлаган тасвиримни чизиш мақсади буларнинг барини енга олган.

— Кўча ҳамма кўрадиган жой. Чизаётганингизда одамлар фикр ҳам билдиргандир

Ҳасан Майчеев: Ўша пайтлар карантин сабаб кўпчилик уйда эди. Шунга қарамай салбий муносабатлар бўлмаган. Шифокорларга бағишланган мурални чизаётганимда ёши катта бир аёл чой дамлаб чиққан. Уларнинг уйида чизаётганимдан хурсандлигини билдириб, раҳмат айтган. Чизиб бўлганимдан кейин эса менинг онам ёки турмуш ўртоғим шифокор, шунча ҳурмат қилиб чизганингизга раҳмат деб Instagram’имга ҳам кўп ёзишган. Дастлабки муралимнинг бундай кутиб олиниши ҳам кейингиларини бошлашимга туртки бўлган.

Илм-фанга бағишланган мурал нисбатан пастроқ, икки қаватли бинода тасвирлангани боис атрофдагилар билан кўп мулоқот қилишимга тўғри келган. Кеч тушганда оилавий сайрга чиққанлар деворнинг ёнида расмларга тушиб кетишарди. Кўплар қизиқиб, ниманинг тасвири эканини сўрашарди. Бундан ўзим ҳам қувонардим. Одамлар билан ишлашнинг ҳам ўзгача завқи бор.

Илм-фанга бағишланган мурал

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

Элнур Эгамов: Қозоғистонда бир опа келиб: «Нимага буни чизяпсан?», деб қолганди. «Бизга буюртма қилишган, ўзлари рухсат беришди», деганмиз. Шунда «Маҳалладагилардан нега сўрамадинглар? Халқнинг фикри йўқми бу ерда?», деса бўладими. Вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб биз ҳам меҳмонмиз, сизлардан сўрашмабди-да энди деб ташкилотчиларга йўналтиргандим. Ташкилотчилар эса аёлга барини тушунтириб, бизга ҳамманинг ҳам гапига эътибор беравермаслигимизни айтишган.

Қозоғистондаги «Қиз Жибек» муралининг девордаги дастлабки чизмаси

Фото: Instagram/ Элнур Эгамов

Ҳақиқатанам ҳаммага бирдек ёқишнинг имконияти йўқ экан. Лекин байроқ чизаётганимизда Ўзбекистондаги ҳолат зўр бўлган. Одамлар яхши чиқяпти, кўпайтиринглар, деган. Шундан, демак, халққа ёқяпти деган хулосага келганман. Бизда уйлар деворини бўяшда урфга кирган қаймоқранг бор. Унга қарагандан кўра бир картинага қараган яхшироқ. Ҳамманинг кўзи қувнайди, кайфиятига таъсир қилади.

— Натижалар кутганингиздек бўлдими?

Ҳасан Майчеев: Ишларимда рассомлик нуқтаи назаридан қандайдир камчиликлар бордир. Аммо ўзим муваффақиятли чиққан, деб ҳисоблайман. Одам бир ишни қилиб кўрмагунча тажриба ололмайди. Хоҳлаяпсизми, иккиланмай бошлаш керак. Олган тажрибаларим қоляпти, янгиларида эса ўсишга ҳаракат қиляпман.

— Харажатлар ким томонидан қопланган ва қанча кетган?

Ҳасан Майчеев: Техникаю бўёқлар учун, тахминан, 15-20 миллион сўмдан пул кетган. Улар Сергели ҳокимияти томонидан қоплаб берилган. Ўзимга меҳнат ҳақи олмаганман. Мақсадим қандайдир даромад топиш эмасди. Стрит-арт, мураллар бошқа чет давлатларида кенг омманинг қизиқишига эга ва кўп. Бизда эса жуда кам. Мақсадим Ўзбекистонда ҳам стирт-артлар борлигини одамларга кўрсатишга ҳисса қўшиш бўлган.

Элнур Эгамов: «Байроқ»қа кетган харажатларни «Юксалиш» қоплаб берган. Фақат маҳсулотларнинг ўзи учун 6 миллион сўм ажратишган. Бу ишдан молиявий даромад олмаганмиз. «Қиз Жибек» нисбатан каттароқ иш бўлгани учун кўп харажат кетган. Меҳнат ҳақимиз ва кетган барча харажатлар — йўл, материал, меҳмонхонамиз учун алоҳида тўлаб берилган. Чизганимизнинг ўзига сўмда ҳисоблаганда 60 миллион олганмиз. Умуман олганда, Ўзбекистондагидан анча яхши молиявий қўллаб-қувватланганмиз.

— Бири Сергели ва Янгиҳаёт, бошқаси эса Чилонзор. Рассомлар нега айнан бу манзилни танлаган?

Ҳасан Майчеев: Муралларнинг туризмга фойдаси бўлади, деган мақсадда қайсидир ҳудудда маршрут қилиш ғояси пайдо бўлган. Сайёҳлар пойтахтга келганда бир-иккитагина жойни кўриб кетишини эмас, айнан қандайдир харита орқали стирт-артлар манзилига боришини хоҳлаганман. Сергели ва Янгиҳаёт кўп қаватли биноларга бойлигидан айнан шу туманларни танлаганмиз. Иш тўхтаб қолгани йўқ. Белгиланган режа бўйича кейингисини тез кунларда бошлайман.

Элнур Эгамов: Байроқ муралини Чилонзордаги «Билим» ахборот-кутубхона марказининг деворида чизганмиз. Бино ёнидан деярли ҳар куни ўтганим учун ўзим шу жойни кўзлаб қўйгандим. Тўғри, ўша атрофда ундан-да яхши тасвир ҳосил қилса бўладиган деворлар кўп эди. Аммо ҳажми катта бўлгани ва харажати кўп кетиши мумкинлиги сабаб шу деворга тўхталганмиз. Харажатларни ўзимиз қоплай олмаймиз. Шунинг учун ҳомий томон ажратган пулга кўра ишлашимизга тўғри келади.

— Стрит-арт жанрида бемалол ижод қила оларкансиз. Нега ижодларингиз саноқлигина?

Элнур Эгамов: Юқорида айтганимдек, кўп жойларга чизиш таклифи билан биз чиқамиз, бизга чиқишади. Катта-катта лойиҳаларда керакли молиявий томонимиз қопланмаганидан ёки эскизларимиз ўтмаганидан бошлай олмаймиз. Доим бўш бинолар излаб юрамиз. Тошкентда бўш жойга реклама илиш урфга кирган. Баъзан жойни топишнинг ўзи ҳам муаммо. Қаерда бўш бино кўрсак, дарров кўзлаб юрган эскизимизни чизамиз-да, керакли жойларга топширамиз. Ўтиш ёки ўтмаслиги ҳам бир масала.

Мана ҳозир ҳам «Чилонзор» метросининг ёнидаги тўққиз қаватли бинолар ёнида чизишни режалаштириб турибмиз. Эскизлар ҳокимиятга берилган. Жавобни кутиб турибмиз. Балки, бир-икки ойнинг ичида янгилик бўлиб, чизармиз. Имконият бўлса, гавжум жойга чизиш ниятим бор. Ўзбекистонда шунақа ижод борлигини, унинг қийинчиликларини одамлар кўришини хоҳлайман.

Кўп жойи маблағга бориб тақалади. Ижод қачон ижод бўлади? Эркин ишлаганингизда. Тасаввур қилинг, режангизда бирор нарсани ўша ерга чиройли қилиб чизмоқчи бўласизу, нимадир етишмай қолди. Тўхта, шу ерга учта эмас, битта гул қилсам, бўлмайдими деб ижодда чекланишга мажбур бўласиз.

Ишимизни қанчалик яхши кўрмайлик, бу бизнинг касб-коримиз. Шунинг ортидан нон топамиз. Оиламиз, бола-чақамизни шу билан боқамиз. Рўзғоримиздан тийиб ишга сарфлайдиган ёки текинга ишлайдиган молиявий ҳолатда ҳам эмасмиз. Чизишни қанчалик хоҳламайлик, кетадиган маблағнинг топилмаслиги бизни тўхтатиб туради.

— Чизиш учун қаердан рухсат олгансиз?

Ҳасан Майчеев: Албатта, учраган бинога келиб чизиб кетолмайсиз. Ҳокимиятдан рухсат олиш масаласи ҳам бор. Сергели ҳокими Элбек Шукуров билан ҳамкорликда қилганимиз барча ишларни.

Элнур Эгамов: Имконият борича рухсат олиш керак. Рухсат олмасдан туриб чизган ишларингиз ўчиб кетиши мумкин. Чунки девор бировники. Унга чизсангизу, ўчиб кетганидан фойда йўқ. Байроқнинг чизилишига ҳокимияту, бинонинг эгаларидан «Юксалиш» ҳаракати рухсат олган. Шунинг учун биз бирор муаммога учрамаганмиз.

— Рассомлик ҳисоб-китобига кўра, муралингиз ўчириб ташланмаса, қанча муддатгача туради?

Ҳасан Майчеев: Аниқ айтиб бўлмайди. Мўлжалимда 10-15 йилча туриб берса керак. Ёмғир, қуёшга чидамли, синаб, тажриба ўтказган бўёқлардан фойдаланганмиз. Мана икки йилки, совуқ қиш ва жазирамани бошидан ўтказди. Менимча, яхши. Ўзгариш сезилмайди. Бўлса ҳам жуда паст нисбатда.

Элнур Эгамов: Яхши бўёқлардан фойдаланганмиз. Девор асоси ҳам муралнинг қанчалик кўп туриб беришида аҳамиятли. Цементу, сувоқлар чидамли бўлса, ўпирилиб, нураб тушмаса, беш йил туриб беради. Ундан ҳам кўп туриши мумкин. Аммо кафолатимиз шунча. Бутунлай бўлмаса ҳам ёғингарчиликлар кичик миқдорда зарар етказиши мумкин.

— Гарчи рухсат олиб чизганингизга қарамасдан ишларингизнинг ўчириб ташланиши эҳтимолдан холи эмас. Стрит-артларнинг ўчирилишига қандай қарайсиз?

Элнур Эгамов: Чизганларимиз ўзимизнинг боламиздек гап. Нималигидан қатъи назар, кичик қоғозчага оддий нарса бўлса ҳам йиртиб ташланса, бировга совға қилиб берсангиз-у, қадрланмаса ёмон таъсир қилиши табиий.

Inkuzart’га ҳам ичим ачийди. Шунақа ғоя ўйлади, бир муаммони кўтарди ёки ечимини қилди-да, асари бўяб ташланди. Чизаверсангизу, ўчириб ташланаверса, руҳиятингизни туширади. Сизни ёмон кўришдек гап-да бу. Ҳар қанақа етказилган зарар, ҳар қандай касбнинг эгасига ёмон таъсир қилади.

Биров қилган меҳнатни ўчириб ташлаш — маданиятсизлик. Чизилган нарса қанчалик танқидий бўлмасин, уни асраб қолиш керак. Чунки у кимнингдир ижод маҳсули.

— Шу йўналишдаги ижодкор сифатида стрит-артнинг Ўзбекистондаги ўрни ҳақида нима дея оласиз?

Элнур Эгамов: Ўзбекистонда стрит-арт йўналишида ижодий фаолият кам. Сабаби унинг давлат аҳамиятига эга йўналиш бўлолмаётгани, эътиборнинг камлигида. Ўзимиз ёки чет элдан келадиган саёҳатчилар фақатгина тарихий обидаларни эмас, бугунги санъатимизни ҳам кўришга ҳақли. Ҳомийлик маблағларини жалб қилиш, турли алоқадор ташкилоту, тузилмаларнинг эътибори зарур. Фикримча, Туризм вазирлигига бевосита алоқадир соҳа бу.

Икки-уч йилдан бери стрит-арт бўйича танловлар бўляпти. Фақат жуда тор доирада. Қачон бўлганини тугагандан кейин билиб қоламиз. Масалан, мен ўша танловлардаги ёш рассомлар чизган деворлар қаердалигини ҳам билмайман. Бу интервьюдан кейин мана қиляпмиз-ку, деганлар ҳам чиқиб қолади. Мана қиляпмиз-ку, дегандан кўра, қилинаётган ишларни кенгайтириш, кўпайтириш керак.

— Сиз учун стрит-арт бу…

Ҳасан Майчеев: Ўз фикрини чиройли кўринишда ифода этиш.

Элнур Эгамов: Халқ учун энг кўринарли санъат. Музей ёки бошқа галереяларни кўриш учун бориб навбатларда туришингиз, кези келганда пул тўлашингиз керак. Стрит-артни эса исталган вақтда ҳеч бир тўловларсиз бориб кўра оласиз.

Суҳбатнинг тўлиқ вариантини «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.

Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтажчи: Маъмуржон Обраҳматов.