Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Малика» савдо мажмуаси олдида 2021 йил 12 сентябрь куни бир нечта телефон сотувчи фуқаролар ўртасида жанжал, пичоқбозлик юзага келгани, оқибатда 44 ёшли киши вафот этгани хабар қилинганди. Тошкент шаҳар судлари айбдорга нисбатан суд ҳукми ўқилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, айбланувчи бундан олдин ҳам бир неча марта судланган. Сўнгги бор 2019 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга қамалган. Кейинроқ шартли равишда муддатидан аввал озод қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида мазкур пичоқбозликда қатнашиб, бир инсоннинг ўлимига сабабчи бўлган шахсга ҳукм ўқилди. Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида кўрсатилган жиноятда айбли деб топилган. У тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталиши белгиланган.