Афсонавий ҳинд хонандаси Удит Нараян ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида сон-саноқсиз машҳур қўшиқларни яратган ва ҳавас қиладиган дискографияга эга. Унинг 20 дан ортиқ таронаси «Барча даврларнинг 40 та энг яхши Болливуд саундтреклари» рўйхатига киритилган. Шоҳрух Хон қўшиқларини куйлаган хонанда романтик қўшиқлар қироли унвонига сазовор бўлди ва бутун дунёда шуҳрат қозонди.

Фото: Bollywoodtime

Удит Нараян 1955 йил 1 декабрда непаллик фермер Харекришна Жа ва унинг ҳиндистонлик рафиқаси Бҳуванешвари Деви оиласида туғилган, у ҳам ўз даврининг машҳур халқ қўшиқчиси бўлган. Ўғлини мусиқага илҳомлантирган онаси эди. Удит Болливудда мингдан ортиқ қўшиқ куйлаган бўлиб, унинг қўшиқчилик фаолияти Непал радиосида бошланган.

Фото: Bollywoodtime

Удит 1978 йилда Ҳиндистоннинг Непалдаги элчихонасидан мусиқа стипендиясини олди ва Мумбайга классик мусиқани ўрганиш учун кўчиб ўтди.

У ерда, 1980 йилда хонанда мусиқий режиссёр Ражеш Рошан назарига тушди ва ўзининг «Ўн тўққиз-йигирма» (Unееs-Bееs) лойиҳаси учун қўшиқ куйлашни таклиф қилди. Шу тарзда у мусиқа саноатга кирди, аммо шон-шуҳрат сари йўл юриш осон эмас эди. Удит Нараян ҳақида атиги 8 йил ўтгач, «Ҳукм» фильмида Амир Хон учун қўшиқ куйлаганидан сўнг гапирила бошланди.

Фото: Bollywoodtime

Фильмнинг муваффақияти уни бастакорлар орасида талабгир хонандага айлантирди. Нараян овозининг ўзига хослиги барча мусиқа ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланди. Болалигидан у радиода тинглаган Лата Мангешкар, Аша Бҳосле, Муҳаммад Рафи ва Кишоре Кумарларга ҳавас қилган. Кейин эса бу афсоналар билан бирга куйлаш бахтига муяссар бўлди.

Фото: Bollywoodtime

Муваффақиятли мусиқий карьераси давомида Нараян бешта Filmfare мукофотини қўлга киритди. У кетма-кет уч ўн йил давомида мукофотларга сазовор бўлган ягона эркак қўшиқчидир. Шунингдек, 4 та Миллий, (3 қўшиқчи ва битта продюсерлик учун) Падма Бхушан ва Падма Шри мукофотига эга.

Фото: Bollywoodtime

Бироқ романтик қўшиқлар қироли шахсий ҳаётида унчалик ҳам омадли эмас. Унинг оилавий муносабатлари бир қатор тартибсизликлар, ҳуқуқий курашлар ва жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Бунинг ҳаммаси Удит Нараяннинг иккинчи хотинга ажрашмасдан ва ҳатто биринчи хотинига хабар бермасдан уйлангани туфайли юз берди. Дарҳақиқат, мухлислар Удит Нараяннинг биринчи хотини ҳақида у эри иккинчи турмушини яширгани учун жазолаш мақсадида омма олдида саҳнага чиққанида билиб олди.

Фото: Bollywoodtime

1984 йилда Удит биринчи марта асли бихарлик Ранжана Нараян Жа билан турмуш қурган. Ўшанда у ҳали муваффақият қозонмагани боис унинг турмуш қуриши омма эътиборини тортмади. Аммо Мумбайга кўчиб, омади келгач, у ортга қайтмади. Ҳатто эрининг қайтиб келишини кутиб, янги уйига ўзи билан олиб кетишига умид қилаётган рафиқасини ҳам ўйламади.

Удит Нараян ва унинг биринчи рафиқаси

Фото: Bollywoodtime

Бу ерда шуни қўшимча қилиш керакки, унинг хотини қаерда яшагани номаълум, чунки у фақат 2006 йилда, яъни тўйдан 22 йил ўтгач пайдо бўлган. Бу орада 1985 йилда унинг эри иккинчи марта қўшиқчи Дипа Гаҳатражга уйланди. Бир йил ўтгач, улар Адитя Нараян исмли ўғил кўрди, у ҳам ҳозир Болливудда машҳур қўшиқчи. Дипа Удитга турмушга чиққанида Ранжонанинг қаердалигини билганми ёки йўқми, ҳозирча сирлигича қолмоқда.

Удит Нараян ва унинг иккинчи оиласи

Фото: Bollywoodtime

Сўнгра орадан 22 йил ўтиб, 2006 йилнинг апрель ойида, Удит Патнадаги шоуга келди ва ҳашаматли меҳмонхонадан жой банд қилди, ўшанда Ранжана журналистлар билан унинг хонасига бостириб кириб, Нараяннинг қонуний рафиқаси эканлигини айтиб, тўполон бошлаган.

Фото: Bollywoodtime

The Hindu газетасининг «Нега шунча йиллардан кейин яна пайдо бўлганлиги» ҳақидаги саволига Ранжана шундай жавоб берди: «Мен никоҳимиз ҳақида ошкора гапираман, деб қўрқитганимда, у ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилиб, овозимни ўчирди. Энди қўрқмайман, судга мурожаат қиламан».

Ўз навбатида, Удит Нараян бу аёлни танимаслигини ва у билан ҳеч қачон учрашмаганини, содир бўлганларнинг ҳаммаси шунчаки унга туҳмат қилиш учун тузилган фитна эканлигини таъкидлади. Суд жараёни уч ой давом этди. Ранжана уларнинг никоҳини тасдиқловчи далиллар — суратлар ва ҳужжатларни тақдим этди, шундан сўнг Удит Нараян биринчи хотинини расман тан олди, уни боқиш ва алимент тўлашга рози бўлди.

Фото: Bollywoodtime

Ушбу жанжалдан кейин Удит Нараяннинг карьераси пасая бошлади. У таниқли мусиқий шоуларда ҳакам сифатида ишлади. Айтганча, энди унинг икки хотини ҳам дўстона муносабатда. Собиқ ва ҳозирги турмуш ўртоқлар нафақат бирга харид қилишади, балки Удит билан бирга сафарларга ҳам чиқиб туради.