Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида икки ука опаси билан спиртли ичимлик ичиб ўтирган йигитни калтаклаб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, 25 март кунига ўтар кечаси туманнинг «Чимқўрғон» маҳалласида яшовчи турмушидан ажрашган аёл яшаш уйида Нурафшон шаҳарчасида истиқомат қилувчи йигит билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирган. Уй бекасининг шу маҳаллада яшовчи икки укаси бундан хабар топиб, хонадонга келган ва ҳовлида бўлган арматура бўлаги билан йигитнинг чап чакка соҳасига, сўнг ошхона пичоғи билан чап қўлтиқ остига уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.

Зафаробод туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабида ўтган йиғилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан мазкур ҳолат муҳокамаси бўлиб ўтган.

Муҳокамада бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилинган, оқибатлари тушунтирилган. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳолат юзасидан фикрларини билдириб, шу каби мудҳиш ҳолат такрорланмаслиги, қонунбузилишларга қарши барча бирдек курашиши лозимлигини таъкидлаган. Йиғилишда шу каби мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилган.

Аввалроқ Самарқандда 58 ёшли аёл ва унинг қизи ўз уйида ўлдириб кетилгани, Андижонда 53 ёшли маст меҳмон шеригини пичоқлаб ўлдириб қўйгани, Бухорода қўшни аёлни ўроқ билан ўлдирган 71 ёшли эркакка ҳукм ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.