Швеция ва Финляндия ҳукумати 2022 йилнинг ёзидаёқ НАТОга киришга тайёр, деб ёзмоқда The Times манбаларига таяниб.

Фото: НАТО

Исми сир тутилган АҚШ расмийларининг айтишича, бу давлатларнинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзолиги ўтган ҳафта НАТО ташқи ишлар вазирларининг музокараларида «суҳбат ва кўплаб учрашувлар мавзуси» бўлган. Уларда Швеция ва Финляндия вакиллари иштирок этган.

Газетанинг ёзишича, июнь ойида Финляндия, ундан кейин Швеция блокка қўшилиш учун ариза топшириши кутилмоқда.

The Times газетасига интервью берган европалик дипломатларнинг фикрича, ҳар икки давлат ҳам НАТО имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради, айниқса разведка маълумотларини йиғиш ва ҳаво кучларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан. Финляндия ва Швеция НАТОга ҳамкор давлатлар мақомига эга. Ҳозирда блок таркибига 30 та давлат, Скандинавия давлатларидан Норвегия ва Дания киради.

Ўтган ҳафта Iltalehti газетаси Финляндия апрель ойида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга тайёрланаётганини ёзганди.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси бошланишидан олдин Финляндия расмийлари миллий хавфсизлик масаласи кескинлашса, НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга тайёрлигини билдирган. 24 февралдан кейин бош вазир Санна Марин, мавжуд вазиятга қарамай, бундай қарор шошқалоқлик билан қабул қилинмаслигини ва у ҳали парламентда муҳокама қилинмаганини айтди. Бироқ март ойининг охирида у Хелсинки ёз бошланишидан олдин альянсга қўшилиш ёки қўшмаслик ҳақида қарор қабул қилиши кераклигини маълум қилди.

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон эса март ойи бошида мамлакатининг НАТОга кириши бўйича музокаралар минтақада беқарорликка олиб келишини айтган эди. Мухолифатдаги марказий ўнг мўътадил партия раҳбари Ульф Кристерссон музокараларни бошлашга чақирган.

3 апрель куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика альянси Швеция ва Финляндия агар истак билдирса, уларни қабул қилиш йўлини «нисбатан тезроқ» топишга ваъда берди. Аввалроқ у мазкур давлатлар қуролли кучлари альянс стандартларига мос келишини, агар Хельсинки ва Стокгольм НАТОга кириш учун ариза юборса, блок буни ижобий қабул қилишини айтганди. Унинг таъкидлашича, НАТО ҳар бир давлатнинг ўз йўлини ўзи танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди.

7 апрель куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Sky News телеканалига берган интервьюсида Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа кириши орқали НАТОнинг янада кенгайишини экзистенциал таҳдид деб ҳисобламаслигини айтди. Бироқ унинг сўзларига кўра, агар давлатлар иттифоққа қўшилса, Россия «вазиятни мувозанатлаши»га тўғри келади. «Кейин биз ғарбий қанотимизни хавфсизлик нуқтаи назаридан янада мураккаблаштиришимиз керак бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров январь ойи ўрталарида НАТО «янги аъзоларни, жумладан, Скандинавия мамлакатларини сунъий равишда жалб қилишга» уринаётганини айтди.