Сўнгги йилларда Ўзбекистонда IТ соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда бир нечта стартап-лойиҳалар амалиётга татбиқ қилиниб, одамлар ҳаётини енгиллаштирмоқда.

Стартаплар амалга оширилишининг бир учи маблағга бориб тақалади. Шуларни назарда тутган ҳолда ҳамда IT мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистонда 2020 йилда ҳозирча минтақада ягона бўлган UzVC миллий венчур фонди ташкил этилган.

Ушбу фонднинг жамоатчилик билан ишлаш ва стартап лойиҳаларни саралаш бўйича мутахассиси Доно Аҳмедова стартаплар, аёлларнинг IT’да ўрни, фонддаги мавжуд муаммолар ва бошқа масалалар бўйича «Дарё»га сўзлаб берди.

Ўқишдаги халқаро низомлардан ташқари, Ўзбекистондаги низомлар бўйича иш юритилишини ҳам ўргангим келган

Мен Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетининг Иқтисодиёт ва молия факультетини тамомлаганман. Университетда social life, яъни академик ҳаётдан ташқари ижтимоийлашувга ҳам алоҳида эътибор берилади.

Шунинг учун мен кўплаб тадбирларда қатнашиб, баъзиларида ташкилотчи вазифасини ҳам бажарганман.

Университетда талабалик пайтимданоқ ишлашни хоҳлаб, ярим ставка бўлса ҳам, ишлаш мақсадида кўплаб суҳбатларга борганман. Баъзиларидан ўтиб, биринчи курслик вақтимдан ишлашни бошлаганман.

Фото: «Дарё»

Бизнинг университетда халқаро низомлар бўйича ўқитиларди, мен эса Ўзбекистондаги низомлар бўйича иш юритилишини ҳам ўргангим келган.

Шу мақсадда ишдан ташқари Ўзбекистон қонунчилиги бўйича бухгалтерия юритишни ўргандим — назарий билимлардан ташқари, иш жараёнини ҳам кўришни истаб, кўплаб амалиётларга қатнадим.

Университетга турли мавзулардаги тадбирлар бўйича аёл спикерлар чақириларди. Уларнинг нутқи, дунёқараши, фикрлаши атрофимиздагилардан тубдан фарқ қиларди, чунки улар, энг аввало, ўз касбининг устаси, кейин худди модель ролини ижро этаётгандай туюларди. Балки бу бизнинг жамиятда улар каби аёлларнинг камлигидандир…

Спикерларнинг бири аёл киши бўлгани учун ғурур ҳиссини уйғоца, бошқаси худди ўзи эришган ютуқ ва чўққилари томон чақираётгандек бўлаверарди.

2019 йил август ойида Инновацион ривожланиш вазирлигининг Иқтисодиёт ва молия секторини ривожлантириш бошқармасига ишга кирдим.

Бошқарманинг вазифаси — иқтисодиётда хизмат кўрсатишни трансформация қилиш, яъни соҳани инновацион ривожлантиришдан иборат бўлган.

Бу борада кўплаб лойиҳа ва таклифлар ишлаб чиқарилишида бевосита иштирок этдик, ғояларни вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда  ишга туширдик.

Аммо ўша давр пандемия вақтига тўғри келиб қолгани сабабли амалга оширилиши керак бўлган бошқа кўплаб лойиҳа ва режаларимиз кейинга сурилган. У ерда бир йилдан кўпроқ муддат ишладим.

Венчур фондини ташкил этиш ҳақидаги қарор қабул қилинганида жуда хурсанд бўлганман

UzVC 2020 йилнинг декабрь ойида очилиб, 2021 йилнинг мартидан ўз фаолиятини бошлаган.

Бу хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлганман — фонд Ўзбекистон бозорини янада ривожлантириш, янги ва фойдали ғояларни амалиётга татбиқ қилиш учун катта қадам эди.

Бу борада бизнинг бошқарма ҳам иш олиб борган. Фондга янги кадрлар кераклигидан хабар топиб, ўзимни шу соҳада синаб кўришга қарор қилдим.

Венчур йўналиши бизнинг минтақада янги ҳисобланади. Бу соҳадан хабардор бўлганим, шу ердаги ходимлар билан суҳбатда бўлиб, талабларига мос келганим, қарашларимиз, интилишларимиз ва мақсадимиз бир бўлгани учун шу жойда венчур экосистемасини ривожлантиришда ўз ҳиссамни қўшишга бел боғладим.

Венчур фонди — инновацион корхона, лойиҳа ва стартапларга таваккал сармоя киритувчи фонд ҳисобланади. Бу фонд бошқаларидан, нисбатан хавфли фаолият турларига қонунан рухсат берилганлиги билан ажралиб туради.

2021 йилнинг мартидан UzVC’да ўз фаолиятимни бошладим. Ҳозирча бу ерда ягона аёл мутахассисман.

Фаолиятимизнинг биринчи ярим йиллигида режалаштириш ишлари олиб борилган бўлса, иккинчи ярим йилликда стартапларни молиялаштириш учун чет эл компанияларини жалб этишга ҳамда инвестициялаштиришга муваффақ бўлдик.

2022 йилнинг январь ойидан ҳозиргача лойиҳалар сараланмоқда, улар орасида финтех, агротех, SaaS, робототехника ва ҳаттоки машина ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ҳам мавжуд. Саралаш босқичи якунлангач, уларни молиялаштириш жараёни бошланади.

Фото: «Дарё»

Шу вақтгача халқаро венчур экосистемаси иштирокчилари Ўзбекистонда фаолият юритмаган, UzVC эса уларни жалб қилиш бўйича тегишли ишлар олиб боради.

Маҳаллий венчур молиялаштириш маданиятини ва умумий инвестиция жозибадорлигини ошириб, лойиҳаларимизни жаҳон бозорига олиб чиқишда зинапоя вазифасини ўтайди.

Лойиҳаларни жаҳон бозорига олиб чиқишда, таълим муассасаларида тадқиқотлар ва янгиликларни яратиш устида ишлар олиб борилишига катта эътибор қаратилиши зарур

Барча соҳаларда бўлгани каби фонд амалиётида ҳам бир қанча муаммоли масалалар мавжуд.

Аввало, венчур молиялаштириш механизми норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмаганлиги ва умуман бу турдаги сармоя Ўзбекистон учун янги бўлганлиги сабабли ушбу соҳа ривожи оқсамоқда.

Бу йўналиш Ўзбекистон учун янгилик бўлгани сабаб қилинадиган ишлар ҳали кўп.

Ҳозирда АҚШнинг ушбу соҳадаги етакчи мутахассислари билан биргаликда қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ишларини якунлаяпмиз. Шу билан бирга, капитал бозорнинг ривожланмаганлиги ҳам турли тўсиқларни келтириб чиқаради.

АҚШ тажрибасида

Америка иқтисодиёти жуда катта ва тўғри тақсимланган бўлиб, дунёнинг 25 фоизини эгаллаган.

Шу сабабли ҳам АҚШда венчур инвесторлар учун кўплаб нуқталар мавжуд. Ҳозиргача у ерда 1000 дан ортиқ венчур фондлари фаолият юритади. Стартаплар эса, айнан пул бор жойда амалга оширилади.

Шу тенденцияларда кун сайин ривожланиб бораётган АҚШ аллақачон технологик тадбиркорликнинг марказига айланиб улгурган. У ердаги юқори таваккалга асосланган технологик бизнеслар ортида катта сонли профессионал инвесторлар туради.

Қўшма штатлар технологик маҳсулотларни сотиш стратегиясини Европа каби 10-20 миллион кишилик анклав учун эмас, бутун мамлакат учун ишлаб чиқаради.

Америкада мингдан ортиқ венчур фондларининг катта қисми Сан-Франциско атрофига йиғилган. Кремний водийси эса дунё венчур-экосистемасининг асосий нуқтаси саналади.

Венчур соҳаси ривожланиши учун бизга сифатли лойиҳалар зарур. Лойиҳаларни жаҳон бозорига олиб чиқиб, уларни Unicorn’ларга (1 миллиард долларга баҳоланадиган стартап) айлантиришни мақсад қилганмиз.

Бунинг учун таълим муассасаларида тадқиқотлар ва янгиликларни яратиш устида ишлар олиб борилишига ҳам катта эътибор қаратилиши зарур. Бу йўлда иқтидорли ёшлардан изланишлар ва ноёб ғояларни кутиб қоламиз.

Бизнинг жамиятда атрофдагиларнинг гапига эътибор бермай, мақсад сари интилиш — ярим муваффақият демакдир

Аксарият ўзбек оилаларда фарзанд онгига ёшлигиданоқ оила қуриш асосий мақсад сифатида сингдирилади. Боланинг фикрлаши, бирор ишга ўргатилиши, ниятларининг ҳамма-ҳаммаси турмушга чиқиб, оила тебратишга йўналтирилади.

Албатта, мен ўзим ҳали ёш ва ўрганувчи мутахассисман. Халқаро даражадаги бирор айтгулик ютуқларим ҳам йўқ. Лекин бизнинг жамиятда қолипда фикрловчи одамларнинг «маслаҳат»ларига эътибор бермай, мақсад сари интилиш — ярим муваффақият демакдир. Демак, етарлича омадим бор.

Отам ёшлигимдан катта мақсад қўйиб, унга эришиш учун керакли барча вазифаларни бажариш зарур, деб уқтирардилар.

Атрофимизда «қиз бола-ку, ўқиб, унга нима керак?  Яхши жой чиқса, узатиб юбормайсизларми?!», дейдиганлар кўп бўлган. Чунки бизнинг жамиятда қизлар бироз улғайгач, уни «жойига бериб юбориш шарт» деган стереотип шаклланиб қолган.

Асосий қисми шундай фикрлайдиган мамлакатда бизнинг оила доим аёлларнинг қарашларини, қизиқишини ҳурмат қилиб келган. Ўқиб, билим олишимда ҳам деярли барча шароитни яратиб беришган.

Бу уларнинг моддий тарафлама бақувватлигидан эмас, бизнинг келажакда фойдали кадр, керакли шахс бўлиб етишишимиз муҳимлигидан яратилган имконият эди. Имкониятлар шу даражада етарли эдики, биз атрофдагиларнинг кераксиз гапларига чалғимай, ўқиб, мақсадларимиз томон интила олганмиз.

Аёллар барча учун «қулай» бўлиши керак эмас. Лекин келажак учун фойдали шахс бўлиши шарт

Ўзбекистонда яшаётган хотин-қизларнинг интилиши, ўзини шахс сифатида шакллантириши ва ривожланиши тарафдориман. Бизнинг жамиятда аёллар қолипга тушса, бошқалар учун «қулай» бўла бошлайди.

Аёлларга фақат оила ишларини бажарувчи сифатида қарайдиганларни ҳеч қачон тушунмасам керак. Улар одатда  ўзининг қарашларини дин тарафлама «ҳимоялайди».

Фото: «Дарё»

Аёл кишига ҳам эркаклар каби икки оёқ, икки қўл, фикрлашга ақл-у фаросат берилган экан, ундан унумли фойдаланмаслик ҳам увол.

Аёлларнинг шахсий ўсиб, ривожланиши нафақат ўзи учун, балки фарзанд тарбияси, келажакда улардан ташкил топувчи жамият учун ҳам зарур эканини тушуниш қийин эмас, менимча.