Тошкент шаҳри Сергели туманида 17 апрель куни мактабнинг 10-синф ўқувчиси жанжалда вафот этди. Бош прокуратура «Дарё» сўровига жавобан воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат шу куни тахминан соат 18:00 атрофида Сергели-2 даҳаси 8-уйда жойлашган Game club интернет ўйингоҳида содир бўлган. Тумандаги 68-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Ш.И. (2005 йилда туғилган) таниши Х.С. (2003 йилда туғилган) билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Тортишув пайти Х.С. вояга етмаган фуқаронинг юз қисми ва танасининг турли жойларига қўл ва оёқлари билан уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Ш.И. ҳушсиз ҳолатда ерга йиқилган.

У олган жароҳатлари сабабли тез тиббий ёрдам хизмати томонидан шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, жабрланувчида танасининг чап кўз ости соҳаси кўкарган, шилинган, пешона соҳаси териси тирналган каби жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан С.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.