Инсон ўз олдига бирор мақсад қўяр экан, унга эришиш ёки эришмасликда яшаётган географик ҳудуди, атрофидаги одамлар ва шароит баҳона бўлмаслиги зарур. Энг асосийси — қимматли вақтини тўғри тақсимлаб, фойдали машғулотлар билан бойитишдир. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам вақтнинг ёзилмас қоидаларига амал қилиб, бугун кўпчилик учун орзулигича қолган йирик компаниянинг керакли мутахассиси.

1996 йилда Наманган вилоятининг Поп тумани Уйғур қишлоғида туғилиб ўсган Воҳид Каримов дунёдаги энг йирик компаниялардан бири — Google’да 140 мингга яқин ходимлардан бирига айланган.

Унга қадар Голландиядан ишга чақирув хати олган, Google билан бир вақтда Facebook, Uber ва бошқа бир қанча компанияларга ҳам ҳужжат топшириб, ишга қабул қилинган Воҳид мақсадларига қандай эришгани ҳақида «Дарё»га сўзлаб берди.

Фото: Коллаж / «Дарё»

Ўқишдан ташқари бўш қолиб кетаётган вақтларимдан унумли фойдаланиш учун дастурчиликни ўрганганман

Дастурчиликни бўш қолаётган вақтларимни фойдали ишлар билан тўлдириш мақсадида ўрганганман. Университетга келганимда, биринчи курсда тартиб-интизомга ўрганган, билимга чанқоқ эдим. Кўп нарса ўргангим келаверарди ва энг ёмон кўрганим, вақтимни бекорга сарфлаш эди. Ҳаёлимда доим фойдали ишлар билан банд бўлиш, янги нимадир ўрганиш бўлган.

Биринчи курс жуда қизиқ, фойдали ва мен учун янги бўлган дарслардан иборат бўлса-да, барибир бўш вақтим ортиб қоларди. Зерикардим. Чунки ҳафталик бажарилиши керак бўлган вазифаларни уч соат-уч соатдан вақт ажратиб, тез тугатиб қўярдим. Вазифалар эса, унчалик қийин туюлмасди.

Шу тариқа, бўш вақтларим ортиб бораверган. Вақтимни мазмунли ўтказиш учун китоб ўқишга киришганман. Қўлимга биринчи тушган китоб эса, «Жава» дастурлаш китоби бўлган. У китобдан ётоқхонадаги шеригим қўшимча курсга бориб, дастурлашни ўрганаётган бўлган. Хонадошимдан бўшаган вақтлари мен олиб ўқиганман ва шундан кейин қизиқиб қолганман.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Дастурлашни тўрт ойлик махсус курсда ўргана бошлаб, self study сифатида давом эттирганман

Дастурлашни ўрганиш учун аввалига 3-4 ой Шерали Обидовнинг курсига борганман. Курсни тугатгач, устозимнинг квартирасига кўчиб ўтганман. У ерда умумий беш киши яшардик. Барчаси билимга чанқоқ, ўрганишни севувчилар бўлган.

Қизиқ мулоқотларда ўзимиз билган ресурслар билан бўлишардик. Устозим дастурчиликда айнан нималарга эътибор қаратиш, қайси жиҳатларни алоҳида ўрганиш зарурлиги ҳамда қандай ишларга топшириш каби кўп маълумотларни тушунтирган. Менинг ҳозирги даражамда Шерали акани ҳамда ўша хонадошларимнинг роли жуда катта.

Ҳозир уларнинг барчаси таниқли компанияларда фаолият юритади. Шерали Обидов ва Фаррух Ҳабибуллаев Google компаниясида, Баҳодир Бойдедаев Ernst & Young компаниясида, Жаҳонгир Раҳмонов эса Anaconda компаниясида ишлайди.

Курсда бир тарафлама ўргатиш эмас, балки жараёнда қизиқ ва кенг қамровли мавзулар бўйича дискуссияга ҳам киришиб кетардик. Мен улардан нималарни ўқиб, ўрганиш зарур эканини сўрардим. Устозим эса, ўқиб тугатган, фойдали қўлланмаларини тавсия қиларди. Яхши йўналишга эга бўлган мен курсдан кейин, self study сифатида ўзим ўрганишни давом эттирганман.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Голландиядаги компаниядан job offer олиб, карантиннинг қоқ ўртасида кетганман

7-8 ой Топтал компаниясида ишлаганман. Компания орқали олган тўртинчи лойиҳамни устида ишлаётган вақтимда, 2021 йилнинг охирларида Голландиядаги Swisscom компанияси вакиллари Linkedin тармоги орқали богланиб, ишга олиш учун интервьюга таклиф қилган. Учта интервьюдан муваффақиятли ўтганимдан сонг менга компаниядан job offer, яъни ишга таклиф хатини юборишган.

Шундан сўнг, Топтал компаниясидаги фаолиятимни тугатиб, виза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилгач, коронавирус пандемиясининг қоқ ўртасида Голландияга кетганман. У менинг илк марта ватанимдан узоқда яшаб, ишлашим эди. Ундан аввал ҳам Европа давлатларида бўлганман, лекин улар қисқа муддатли интервьюлар ва асосан саёҳат учун бўлган.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Вақти келганда иш жойини ўзгартирмаслик — шахсий ўсишдан тўхташга олиб келади

Ўсишга интилиш, аслида нафақат дастурчиларда, балки барча соҳа вакилларида ҳам бўлиши табиий. Шундай вақтларда дастурчилар янги челленж, яъни янги иш жой қидириб, бошқа компанияларга ўта бошлайди. Менда ҳам худди шундай бўлган.

Ҳозиргача Голландия ва Швециядаги 3-4 та ишлаган компанияларимнинг барчаси савияли ва ақлли жамоадан ташкил топган. Киши ўсишида ҳамкасбларининг дунёқараши, қандай одамлиги ва уларнинг ёрдами жуда муҳим. Компания аъзоларининг барчаси ўзи ёрдам беришни ёқтирадиган ходимлар бўлган. Шу сабабли иш ва ҳамкасблар борасида ўзимни омадли деб ҳисоблайман.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Ҳар бир жойда шундай вақт келадики, ўсишда секинлашасиз ёки тўхтайсиз. Яъни янги ўрганадиган нарса, янги челленжлар камаяди. Кунлик бажарадиган ишингиз осон бўлиб қолгач, зерика бошлайсиз. Доимий тартиб, бажариладиган вазифаларнинг бир хиллиги чарчатади. Чунки улар энди қизиқмас ва, табиийки, бошқа янги кўникмаларни ўрганишни хоҳлайсиз.

Буларнинг барчасини юқоридаги иш берувчиларим ҳамда ҳамкасбларим тўғри тушуниб, келгуси ишларимда омад тилашган. Қисқаси, ўз вақти келганида иш жойингизни ўзгартирмасангиз, шахсий ўсишда прогресс бўлиши муаммо.

Google’га ишга олиниш жараёнлари ўртача 2-3 ой давом этувчи 3-4 босқичли интервьюлардан иборат. У ерда саволлар кутилганидан анча мураккаб бўлади. Лекин бу интервьюга тайёрланган, ўзини Google компаниясининг етук мутахассиси сифатида кўра оладиган кандидатда қўрқув ва ваҳима уйғотмаслиги керак.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Энг гўзал жойларда ҳам ватанимни соғинаман

Чет элда яшашни бошлаганимга бир йил-у уч ой бўлибди. Аслида бу унчалик катта муддат эмас. Лекин ватанимга тез-тез бориб туришга имконим бўла туриб, бутун дунёга хавф солган пандемия тўсиқлари сабабли бир мартагина уйимга бора олдим.

Ўзбекистондан узоқда яшаётганимга унчалик кўп бўлмаган бўлса-да, уйимни, оиламни ва дўстларимни кўп соғинаман. Вазият тўлиқ яхшилангач, юртимга тез-тез бориб туришни режалаштиряпман. Энг гўзал жойларда ҳам туғилган юртимни бошқача соғинаман.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Ортга қайтиш ҳақида эса ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганман

Чет эл ҳаёти маза, десам, албатта, хато бўлади. Ҳар ерда бор тош-у тарози, деганлари ҳақиқат эканини ўзим ватанимдан йироққа кетиб, ҳис қиляпман. Қийинчиликлар ҳам, қулайликлар ҳам етарлича. Ойлик маошим эса, мени шу ерга келиб ишлашимга арзирли ва қониқтиради.

Ўйлашимча, ҳозирда кўпчилик бошқа касблардан кўра, IT-мутахассис бўлишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистонлик кўплаб ёшлар менга дастурчилик бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишади. Балки шунинг учун ва бу соҳанинг ичида бўлганим сабаблидир, менга худди бу йўналишга қизиқувчилар кун сайин ортиб бораётгандай туюлади.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Google компаниясида мен таниган ўзбекистонликлар сони ўнга яқин

Дунёда муваффақиятга эришган кўплаб ўзбек дастурчилари бор. Google компаниясининг ўзида ҳам ўнга яқин ватандошимизни шахсан танийман. Аммо улар ҳақида кўпчилик билмайди.

Чунки уларнинг кўпчилиги одатда ўзи ҳақида гапиришни, ижтимоий тармоқларда ўзи билан боғлиқ маълумотлар билан бўлишишни маъқул кўрмайди. Мақсадлари сари интилиб, ишида давом этишни тўғри деб билишади. Агар уларнинг муваффақият йўлларини ёшларга кўрсатиб, танитилса, ўзбек ёшларида бу соҳага қизиқиш янада ортиб, касб танлашларида ёрдам бўлиши мумкин.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Дастурлаш соҳасининг ичидаман. Етарлича билим-кўникмаларга ҳам эгаман. Бироқ Ўзбекистонда IT-соҳасини ривожлантириш йўллари мен учун бироз мураккаб масала. Ўйлашимча, мамлакатга малакали мутахассисларни, дастурлашни ўргатувчи устозларни кўпроқ жалб этиш — шу қадамлардан бири бўлса, ажабмас.

Фото: Воҳид Каримовнинг шахсий архивидан

Инглиз тилини билмаган одам дастурлашни тушуниши мураккаб масала

Соҳага қизиқувчиларда кузатиладиган асосий муаммо — инглиз тилини билмаслик. Бу тилсиз дастурлашни ўрганиш жуда қийин. Чунки IT-соҳасини ўргатувчи ресурслар асосан инглиз тилида бўлади. Ўзбек тилида эса жуда кам ёки деярли йўқ.

Демак, мамлакатда дастурлаш соҳасини ривожлантириш, қизиқувчилар доирасини кенгайтириш учун ўзбек тилидаги қўлланмаларни ҳам кўпайтириш керак. Дастурлашни энди ўрганаётганлар учун она тилида маълумот қабул қилиш осонроқ бўлади.

Аммо юқори мақсадни кўзлаган ҳар бир бошловчи мутахассис эртами-кечми, инглиз тилини ўрганиши шарт. Шундай экан, Ўзбекистондаги мактабларда инглиз тили таълимига кўпроқ урғу бериш, дарс соатларини кўпайтириш ва сифатини ошириш керак, деб ўйлайман. Шунда болалар мактабни тамомлагач, тил курсларига сарфланадиган вақтини тўғридан-тўғри IT-соҳасини ўрганишга бағишлайди.

Агар мақсад дастурлашни ўрганиш бўлса, ўйлайманки, жараён унчалик муҳим эмас. Масалан, кимдир ўзи изланиб, вазифаларни билганича бажариб, хатоларидан дарс олар.

Яна кимгадир устоз билими, унинг ёнида вазифаларни айтиб, такрорлаши яхши натижа бериши мумкин. Яъни мақсад аниқ ва зарурлик даражаси юқори бўлгани сари ўқувчи ўзидан келиб чиқиб, унга етиш йўлини тутади. Имкониятдан келиб чиқиб, иккисини синаб кўриш ҳам зарар қилмайди.