Бутсиларини михга илгандан кейин футболчилар одатда мана шу соҳа бўйича (мураббий, менежер, эксперт) кетади ёки футбол ва спортни буткул тарк этади. Бироқ айрим тоифа чарм тўп усталари борки, улар футболдан кейин (айримлар параллел равишда) бошқа спорт турида жавлон уради. Мазкур мақола айнан шундай собиқ футболчилар ҳақида.

Арен Роббен бироз муддат илгари футбол билан хайрлашди, аммо нидерландиялик собиқ ўйинчи ҳали бери спорт билан хайрлашишни режалаштирмаяпти. У яқинда Роттердамдаги марафонда қатнашган бўлса, унгача 8 км масофага сузишда ўзини синаб кўрганди.

Фото: AFP

Роббен ягона мисол эмас. Аввалроқ яна бир машҳур нидерланд собиқ футболчиси миллионлар ўйинидан бошқа соҳада дебют қилиши маълум бўлди. Гап кикбоксчи Рико Верховен томонидан ташкил этиладиган бокс мусобақасида иштирок этишга рози бўлган Дирк Кюйт ҳақида кетмоқда. Кюйтнинг рақиби ҳозирча маълум эмас, аммо у аллақачон жанг қилиш истагида ёнмоқда:

«Рақобат муҳитини соғиндим. Бу жанг Нидерландия терма жамоасининг ўйинига ўхшайди: атрофдаги эътибор ва кучли босим. Биринчи марта ўз комфорт зонамдан чиқиб, бошқа спорт билан шуғулланиш катта қийинчилик бўлади. Бир неча ой давомида машқлар олиб бораман».

Фото: Instagram

Боксга «Манчестер Юнайтед» афсоналари ҳам алоҳида меҳр қўйган. Рой Кин, Уэйн Руни, Рио Фердинанд ва Патрис Эвра шулар жумласидандир. Охирги иккиси проф боксдаги фаолият ҳақида жиддий равишда ўйлаб кўрган: Рио лицензия ололмаган бўлса, Патрис 30 апрель санасида видеоблогер Адам Saleҳга қарши рингга чиқади.

Фото: Instagram

«Умримда биринчи марта бокс мусобақасида қатнашишимдан жуда хурсандман, чунки ҳар доим боксчиларни жуда ҳурмат қилганман. Бу нафақат кучга боғлиқ, балки шахмат ўйинига ўхшаш стратегия ва техника ҳамдир. Мени ташвишлантираётган жиҳати машғулот техникаси, чунки уларнинг машғулот услуби футболдагидан бутунлай фарқ қилади», — дейди Эвра.

Фото: Instagram

Петр Чех эса кўплаб чехияликлар сингари, болалигидан хоккейчи бўлишни орзу қилган. Дарвозабоннинг келажагини унинг отаси белгилаб берган, у экипировкалар арзонроққа тушиши сабабли ўғли учун футболни танлаган.

Бироқ Чех болаликдаги орзусини эсдан чиқаргани йўқ. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг у Англиянинг тўртинчи дивизионида иштирок этадиган хоккей жамоаси билан шартнома имзолайди. Табиийки, унга дарвоза чизиғи ишониб топширилади. 2021 йилнинг августида Чех жамоа билан шартномасини узайтиради. Ўтган мавсумда у 6 та ўйин ўтказиб, 93,4 фоиз зарбаларни бартараф этган ҳолда иккита ўйинни «қуруқ» ўтказди.

Фото: AFP

Чех хоккейда муваффақиятга эришган Лев Яшин йўлидан боришни маъқул кўрди.

Бироқ автоспорт кўплаб дарвозабонларнинг асосий кўнгилхушлик воситасига айланди.

Фото: AFP

Бундай адреналинга бой бўлган фаолиятни Сантьяго Канисарес, Ежи Дудек ва Фабен Бартез танлаган. Улар орасида Бартез яхшироқ натижага эришган, Франция чемпионатидаги ғалаба ва машҳур «Ле-Манада 24 соат» пойгасидаги 23-ўрин.

Фото: AFP

Дудек пойга ҳар доим унинг иштиёқ манбаи бўлганини тан олади, аммо футболчилик фаолияти давомида у ўзини чеклашга мажбур бўлган. 2014 йилда поляк Бартез билан трекдаги эҳтимолий учрашув ҳақида шундай деганди: «У мендан бир неча йил олдин автоспортдаги қизиқарли саёҳатини бошлаган. Кўрамиз, балки бир кун келиб у билан яна йўлларимиз кесишар. У ‘Манчестер Юнайтедъда, мен эса ‘Ливерпуль’да ўйнаганимда, майдонда баҳс олиб борганмиз».

Фото: AFP

Фото: Instagram

Яна бир дарвозабон Тим Визе эса бундан ҳам кутилмаган спорт тури билан шуғулланади. Жаҳон Кубоги бронза медали совриндори профессионал яккакурашчига айланган. 2015 йилнинг март ойига келиб, унинг вазни 129 килограммга етди ва мақсади 140 кг эканлигини айтди. Кейинги йилнинг ноябрь ойида Визе WWЕъдаги дебютида ғалаба қозонди.

Фото: Weber

Жаҳон ва Европа чемпиони Биксант Лизаразю эса кўп қиррали спортчи бўлиб чиқди. Француз скелетон, сёрфинг, елканли қайиқда сузиш, дайвинг, велоспорт, тоғ чанғиси ва ҳаттоки муз устидаги мотоцикл пойгаларида ўзини синаб кўрган. Бироқ унга асосий муваффақиятни жиу-житсу олиб келган, у 2009 йилда ўз ёш тоифасида Европа чемпиони бўлган.

Фото: Instagram

Габриэль Батистута футболдан кетганидан сўнг ўзини севимли машғулоти — поло ва голфга бағишлаган. Полода у ҳатто ўзининг «Ла Глория» жамоасига асос солган. Аргентиналик футболчининг «Фиорентина»га бўлган муҳаббати шу ерда ҳам намоён бўлади – жамоа бинафша ранглар ва шунга ўхшаш эмблемага эга.

Фото: Instagram

Россиялик собиқ футболчи Алексей Смертиннинг муваффақиятлари ҳақида эса ортиқча гапирмаган маъқул. 2021 йили у Байкал кўлида «Тоза сувни сақлаш учун» акцияси доирасида экстремал марафонда ғолиб чиқади. Тафсилотлар шунчаки ҳайратланарли даражада: 3 соат-у 29 дақиқада Смертин қор ва муз устида 42 километр масофани босиб ўтади, ҳарорат минус 25 даражагача тушиб кетади.

Фото: Instagram

Бу Алексей учун 11-марафон бўлади, у бунгача ҳам олтита йўналишда югуришга улгурганди — Бостон, Лондон, Берлин, Чикаго, Нью-Йорк, Токио марафонларида.

Рафаэл ван дер Варт ўзини дарцда топган. У буни профессионал тарзда амалга оширади, вақти-вақти билан эса мусобақаларда ҳам қатнашади.

Фото: Instagram

«Милан» афсонаси Паоло Мальдини теннисни хуш кўради. 2017 йилда у Миланда «Челленжер»нинг жуфтлик баҳсларида дебют қилади – аммо савия ва даража унга бироз қийинлик қилади (унинг жамоаси 42 дақиқада 1:6 ва 1:6 ҳисобида ютқазиб қўяди).

Фото: Instagram

Швеция терма жамоаси флорбол (залда тўп билан хоккей) бўйича энг яхши жамоа ҳисобланади. Улар 13 та жаҳон чемпионатидан 9 тасида чемпионликни қўлга киритган. Ҳатто ўз даврида Ҳенрик Ларрсон ҳам футбол ва флотбол ўртасидаги танлов олдида роса қийналган.

Фото: AFP

Фаолиятининг охирида ҳужумчи (аввалги) севимли машғулотига қайтди, профессионал даражада. 2008- йилда у Швеция Суперлигасида «Ҳелсингборг» сафида биринчи ўйинини ўтказган бўлса, иккинчи ўйинда иккита голли узатма бериб, учрашувнинг энг яхши ўйинчиси номини олади.

Ўзига хос бўлган рўйхатдаги яна бир дарвозабон Жо Ҳарт. У инглиз спорти — крикетни танлаган.

Фото: AFP

Андрей Шевченко кўплаб футбол юлдузлари томонидан севиб ўйналадиган голфга эътибор қаратган. У бир нечта элита голф клубларининг аъзоси ҳисобланади, 2011 йилда ҳатто Украина чемпионатининг кумуш медалини ҳам қўлга киритган.

Фото: Instagram

Фото: Instagram

Иван Перишич пляж волейболи билан фаол шуғулланади. 2017 йилда у Хорватияда бўлиб ўтган Swatch Major Series мусобақасида дебют қилган. Тўлиқ тасаввур пайдо бўлиши учун мазкур мусобақанинг мақоми, солиштирилганда енгил атлетика бўйича Брилиант лигаси ёки биатлон бўйича жаҳон кубоги билан баробардир. Кўриниб турибдики, барчаси анчайин жиддий.

«Ўн ёшимдан бери пляж волейболи билан шуғулланаман. Ушбу спорт турига жуда иштиёқмандман ва ҳар ёзда, таътилда дўстларим билан Сплитда (Хорватиядаги курорт шаҳар) вақт ўтказаман», — деганди футболчи интервьюларидан бирида.

Фото: Instagram

Майкл Оуэн узоқ вақтдан бери от пойгасини яхши кўради ва 2017 йилда хайрия мусобақасида қатнашиб, ушбу спорт турида дебют қилган. Барчаси кўнгилдагидек ўтган — Оуэн маррани иккинчи бўлиб босиб ўтган.

Фото: Instagram

«Атлетико» ва «Милан»нинг собиқ ҳужумчиси Хосе Марини эса футбол мухлиси таниб олиши бироз мушкулроқ. У бодибилдинг билан шуғулланиб, мушакларни шишириш билан банд.

Фото: Instagram

Бироқ 2002 йилги Жаҳон Чемпионатининг бронза медали совриндори Илҳон Мансиз энг кутилмаган йўлни танлаган. У 33 ёшида конкида учишни ўрганган ва музлик даврининг туркча аналогида қатнашган. Бироқ шу нарсанинг ўзи Мансизнинг фигурали учиш спортига муҳаббат қўйишига етарли бўлган.

У Словакиянинг 4 карра чемпиони Олга Бестендигова билан биргаликда Сочи Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қилади, афсуски, уринишлар муваффақиятсизлик билан тугайди. Аммо жуфтлик 2015 йилда Туркия чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлади.

Фото: Getty Images

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!