Саудия Арабистони шаҳзодалари молиявий қийинчиликлар сабаб хориждаги кўчмас мулклари ва яхталарини сотмоқда. Бунга валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Муҳаммад ибн Салмон уларга айрим даромад манбаларидан фойдаланишни чеклаб қўйгани сабаб бўлган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: Reuters

Газета суҳбатдошининг сўзларига кўра, чекловлар кучайтирилгач, шаҳзодаларга уй-жойларни ушлаб туриш, солиқ, қўл остидагиларга маош тўлаш, самолёт ва кемалар сақлаб турилгани учун тўловларни амалга оширишга маблағ етмаяпти. Бундан ташқари, подшоҳлик оиласининг аъзолари валиаҳднинг эътиборини тортмаслик учун қиммат активларидан воз кечишга уринмоқда.

Нашр манбаларининг маълум қилишича, 2017 йилда коррупцияга қарши тергов жараёнида Ар-Риёддаги Ritz-Carlton меҳмонхонасида ҳибсда сақланган шаҳзодалардан бири Турки бин Нассер Ал Соуд 2020 йилда 60 метрли яхтасини, 2021 йилда эса Лос-Анжелесдаги 28,5 миллион долларлик уйини сотган (битим имзоланган вақтда шаҳзода вафот этган).

Шаҳзода Бандар бин Султон Ал Соуд 2021 йилда Британиядаги 155 миллион долларлик кўчмас мулкини сотган. Марҳум подшоҳ Султон бин Абдул Азиз Ал Соуднинг қолган меросхўрлари валиаҳднинг босимлари бошланганидан бери 2020 йилда Лондондаги 290 миллион долларлик қасрни сотган. Унинг ўғилларидан бири бўлган Халед бин Султон бин Абдул Азиз Ал Соуд Эйфель минораси яқинидаги уйини 87 миллион долларга сотиб юборган.

Сотилган активларнинг умумий қиймати 600 миллион доллардан ошади. Айрим шаҳзодалар, шунингдек, маблағ етмаётгани сабаб ўз уйларини гаровга қўймоқда.

WSJ’нинг ёзишича, Саудия Арабистони ҳукумати ушбу битимлардан хабардор. Газета суҳбатдошларидан бирига кўра, шаҳзодалар «ҳеч қаерда ишламайди, қўл остидаги хизматкорлари кўп ва улар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмондан қўрқишади».

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ritz-Carlton’да ҳибсга олинган Саудия шаҳзодалари давлат ғазнасига 100 миллиард доллардан ортиқ маблағни қайтарган.

Нашрнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати сўнгги вақтларда подшоҳлик оиласи аъзоларига нисбатан қатор янги чекловларни киритган. Масалан, уларнинг хорижда дам олиши, сув ва электр таъминоти учун тўловлар ғазнадан амалга оширилмайди. 2022 йилдан ҳукумат уй ишчиларига солиқ жорий этишни режалаштирмоқда: шаҳзодалар солиқсиз фақатгина тўрт кишини ёллай олади, қолган ҳар бир ишчи учун 2,5 минг доллардан солиқ тўлайди.

The Wall Street Journal манбаларига кўра, шаҳзодалар ноқонуний йўл билан пул топишни давом этмоқда: аҳолининг шахсий ерларини эгаллаб оляпти, банкларда кредит расмийлаштириб, уларни қайтармаяпти.