Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида 43 ёшли фуқаро қўшниси билан жанжаллашиб, уни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 24 апрель куни соат 16:00 ларда Пахтаобод тумани, «Қумшайдон» маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро Н.А. 1958 йилда туғилган қўшниси Р.Қ.нинг ҳовлисида ўрталаридаги деворни бузиш масаласида у билан ўзаро жанжаллашиб, ошхона пичоғи билан Р.Қ.ни кўкрак ва бошқа соҳаларига уриб, қасддан ўлдирган.

Ҳолат юзасидан Пахтаобод туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг қўшимча қилишича, 26 апрель куни ушбу ҳолат «Қумшайдон» маҳалласида яшовчи кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Айюбхон Раҳматуллаев ҳамда туман ҳокими Элёрбек Усмоновлар иштирок этган.