Самарқандда маҳалладошини пичоқлаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган 23 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради «Zamon.uz».

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг кузида судланувчи Самарқанд тумани «Пастоҳалик» маҳалласи ҳудудидаги дала майдони ёнидан ўтган йўл четида Damas автомобилида тунда таниш қизи билан бирга ўтирган бўлган.

Шу маҳаллада яшаган марҳум ўзининг Nexia автомобилида келиб, улардан «бу ерда нима қилаётганликларини» сўраган ва ўртада жанжал келиб чиққан. Судланувчи ўзидан ёши катта кишига кучи етмаслигини билгач, машинасида бўлган пичоқ билан унинг чап кўкрак қафасига ва чап думба соҳасига бир мартадан урган. Кўп қон йўқотган 28 ёшли йигит воқеа жойида вафот этган.

Айбланувчи жиноят ишлари бўйича Самарқанд судида Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Жиззахда 45 ёшли чўпон маст ҳолда икки шеригини пичоқлаб ўлдиргани, Фарғонада 45 ёшли эркак хотинини болта билан чопиб ташлагани, Тошкентда 10-синф ўқувчиси таниши томонидан уриб ўлдирилгани тўғрисида хабар берилганди.