Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида кўзлари ўйилиб, юрагига пичоқ санчиб, ўлдирилган аёлнинг қотилига ҳукм ўқилди.

«Дарё»да Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани «Уйғур» маҳалласида 2021 йилнинг 21 октябрь куни фуқаро У.Э. маст ҳолда уйига қайтиб, турмуш ўртоғи Гуласал Ҳасанова билан жанжаллашиб қолгани ва уни бир неча бор уриб ўлдириб қўйгани хабар берилганди. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди мазкур қотиллик воқеасини кўриб чиқди.

Судда таъкидланишича, гумондор ўша куни синфдошиникидан маст ҳолда қайтиб, хотинидан сув сўраган. Бунга жавобан эрига совуқ муносабатда бўлган хотин эридан калтак ейди. Маст эрнинг хотинини уриши ва калтаклаши 32 ёшли аёлнинг ўлими билан якунланади.

«Мен хотиним ўлиб қолади, деб ўйламагандим. Уни ўлдириш ниятим ҳам бўлмаган. Қилмишим учун барча қариндош-уруғимдан, президентимиздан узр сўрайман. Мен ҳеч қачон хотинимни ўлдираман деб ният қилмагандим. Ёш болаларим борлигини инобатга олинг. Олти ойдан бери ичкарида ўтириб, барча хатоларимни тушуниб етдим», — дейди судланувчи.

Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топиб, уни 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Аввалроқ «Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган марҳумнинг яқинлари кўзлари ўйилиб, юрагига пичоқ санчилган қизи ғалати англашилмовчилик сабаб «вақтинча тирилган»ини ҳам айтганди.

Тез ёрдам ҳамшираси Маърифат Жўраева эса маълум муддатга «тирилган марҳум» воқеасини уларга қилинган босим билан изоҳлаб, «Воқеа жойига борганимизда эса ҳеч кимнинг тоби қочмагани, биз жасадни Шаҳрисабзга, тиббий экспертизага олиб бориш учун чақирилганимизни билдик. Шу сабаб ҳам адашиб, бемор картасидаги аҳволи деган жойига ўрта деб белги қўйганман. Бу англашилмовчилик», деганди.