Mercedes автомобилларини тюнинг қилиш билан шуғулланувчи Brabus компанияси Mercedes-Maybach GLS 600 кроссоверининг «900» индекси остидаги версиясини тақдим этди.

Фото: Autoclinic

Brabus дизайнерлари оригинал Mercedes-Maybach GLS 600 нинг ташқи кўринишини жиддий ўзгартирмаган, унинг углерод пластикли кенг ғилдираклар аркаси, олд бамперининг пастки қисми ва автомобиль «қуйруқ» қисмидаги диффузори сақланиб қолган. Асосий ўзгариш — кузовдаги ортиқча хромнинг олиб ташлангани.

Фото: Autoclinic

Кроссоверга Mercedes-Maybach S-Class дискалари дизайнига ишора қилувчи янги 24 дюймли ғилдираклар ўрнатилади. Бундан ташқари, пневматик «подваска»сининг созламалари ҳам ўзгартирилган: катта тезликда у йўл юзаси билан оралиқ масофани 25 миллиметрга қадар қисқартиради.

Автомобиль салонининг орқа қаторидан иккита алоҳида «капитан» ўриндиқлари ўрин олган — бу Mercedes-Maybach GLS 600 учун энг ҳашаматли вариант. Салон тўлиқ углерод пластикли нақшларга эга қимматбаҳо чарм билан қопланган.

Фото: Autoclinic

Янги Brabus 900 қуввати 557 дан 900 от кучига етадиган V8 битурбомотор билан жиҳозланган. Бунинг ёрдамида GLS соатига 70 километрга тезлашган: максимал тезлиги 320 километр/соатга қадар етади. Автомобилнинг соатига 100 километр тезликка чиқиши учун 4,2 сония кифоя қилади.

Фото: Autoclinic

Энг қизиқ жиҳати — нархида: биринчи йиғилган Brabus 900 нархи 532 минг долларни ташкил этади. Таққослаш учун, Германияда Mercedes-Maybach GLS 600 нархи 177,5 минг доллардан, Ўзбекистонда эса 258 минг доллардан бошланади.

Фото: Autoclinic

Аввалроқ Brabus 3,2 сонияда соатига 100 километр тезликка эриша оладиган дунёдаги энг тезкор кроссоверни тақдим этганди.