Туркияга 2021 йили 30 миллиондан ошиқ турист келди. Мамлакат сайёҳлар ташрифи бўйича дунёда етакчи ўринларда туради ва бу рақамлар билан чегараланиб қолмоқчи эмас. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев Туркияда бўлиб, туризмнинг жадал ривожланиши омилларини ўрганди.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Йўллар ва масжидлар

Туркияда йўлларнинг ҳолати аъло даражада, ҳатто чекка ва тоғ ҳудудларида ҳам. Истанбулдан Анталиягача аллақанча йўл босиб бунга шахсан гувоҳ бўлдим.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Пуллик йўллар кўп. Йўлларда ҳаракат хавфсизлиги ходимлари деярли учрамайди.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Автомобильларнинг нархи ва солиқлар баландлиги учун кўпроқ от кучи кам бўлган кичик литражли машиналар минишга ҳаракат қилишади. Бунда бензин ва дизель ёнилғисининг нархи қимматлигини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

16 миллион аҳолига эга Истанбулда трамвай кўзни қувнатиб қатнаб турибди. Йўллар торлиги ва тепаликларда жойлашганига қарамай мегаполисда автомобиллар, автобуслар ва трамвай бир-бирига ҳамда йўловчиларга халақит бермай ҳаракатланяпти.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Мамлакатда автобуслар, скутерлар ва велосипедлар учун алоҳида йўлак ва йўналишлар ажратилган.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Катта йўллар четида, ёнилғи қуйиш шохобчаларида кўплаб дўконларга дуч келасиз. Уларда автомобиль учун керакли нарсалар ва ичимликлар, егуликлар сотиб олиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Сайёҳлар бот-бот кирадиган қаҳвахона ва дўконларнинг аксариятида намоз ўқишга мўлжалланган алоҳида хоналар мавжуд. Бундай жой ва таҳоратхоналарни аэропортларда ҳам учратиш мумкин. Аммо уларни ўлчами ва яратилган шароитлардан келиб чиқиб, бемалол масжид деб атаса ҳам бўлади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Буюк салжуқий ва Оқденгиз қиличи

Туркияда тарих тарғиботи жуда яхши йўлга қўйилган. Мамлакатда бўлиб турган пайт турк телеканалларини томоша қилиб, бир пайтнинг ўзида ўтмишга оид кўплаб фильм ва сериаллар намойиш этилаётганига гувоҳ бўлдим. «Ҳожи Байрам Валининг ишқ йўли», «Достон», «Эртуғрул», «Барбарослар Оқденгиз қиличи», «Алпарслон: буюк салжуқий», «Усмон ғозий» ва ҳоказо.

Кадр: «Усмон ғозий»

Бу фильм ва сериаллар чет элларга ҳам сотилади, мамлакатга келаётганлар улар билан яхши таниш. Туркияга айнан «Муҳташам юз йил» ёки «Кўсем»да тасвирланган тарихий жойларни кўриш учун келган кўплаб сайёҳларни учратиш мумкин.

Кадр: «Алпарслон: буюк салжуқий»

Бу қизиқиш ҳатто туристик турларнинг номида ҳам ўз аксини топган: «Муҳташам юз йил», «Усмонлилар империяси мероси» ва ҳоказо. Уларда туристлар томонидан ўзбошимчалик билан йўналишни ўзгартириш, айтайлик, музейлар қолиб бозорларга йўл олиш жарималар солинишига сабаб бўлади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Турклар нафақат тарихга, балки байроқларига ҳам эҳтиром билан муносабатда бўлишади. Улар бу борада америкаликлардан қолишмас экан.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

«Байроқлар фақат давлат муассасалари олдида кўтарилсин» деган қоида йўқ, уларни барча жойларда кўриш мумкин. Кўчалар, кемалар, ўқув юртлари, муассасалар, дўконлар, уйлар ва ҳатто балконларда ҳам.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

«Бош кийимсиз кириш тақиқланади!»

Турклар ўз ўтмишига ҳурмат билан қарайди ва бошқалардан ҳам буни талаб қилади. Улар ҳатто мамлакатга мўмай даромад келтираётган сайёҳлар бўлса ҳам.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Аё София, Султон Аҳмад масжиди ва бошқа зиёратгоҳларга калта ва очиқ либосларда, аёллар эса бош кийимсиз кириш тақиқланган. Киришда пойабзаллар қолдирилади. Бу ҳақда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган ва назоратчилар жараённи диққат билан кузатиб боради.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Нафақат туркий, балки исломий қадриятлар тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Султон Аҳмад масжидидан чиқаётган пайт бепул адабиётлар растасига кўзим тушди. У ерда инглиз, испан, рус ва бошқа тиллардаги исломий адабиётлар, жумладан, Қуръон бепул тарқатилаётган эди.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Муқобил ва кам харажат энергия

Туркияда ёнилғи манбалари кам бўлгани учун муқобил энергиядан фойдаланиш даражаси юқори. Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида шамол ёрдамида энергия ҳосил қилувчи қурилмалар ўрнатилган. Денезли вилоятида эса геотермал манбалардан энергия олиш йўлга қўйилган.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Уйларнинг кўп қисми қуёш энергияси ёрдамида иссиқлик берувчи қурилмалар билан жиҳозланган. Электр ва газ учун тўловлар қиммат бўлгани сабабли аҳоли имкон қадар шундай воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Мушуклар, итлар ва олмахонлар

Истанбулни «мушуклар шаҳри» деб аташади, аслида Туркиянинг ҳар ерида жониворларга илиқ муносабатни кузатиш мумкин. Хусусан, Эфес шаҳар-музейида улар минг йиллик постаментларни ҳам эгаллаб олган.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Нафақат мушуклар, балки итларга ҳам шундай эътибор. Бемалол айланиб юришибди, ҳеч ким калтак олиб қувлаётгани йўқ. Совуқ кунларда улар уй ёки дўконлар ичкарисига ҳам киритилади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Умуман, жониворларга бўлган муносабат, тўғрироғи, тоқатлилик ҳавас қиладиган даражада. Кўп ерларда улар ўзига хос рамзга ҳам айланиб улгурган. Айтайлик, Трояда олмахонлар шундай мавқеда экан. Юзлаб сайёҳларни писанд қилмай шохдан-шохга эмин-эркин сакраб юришибди.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Ҳам саёҳат, ҳам тижорат

Туркиядаги туристик йўналишларга тарихий обидалар, музейлар қатори турли корхона ва компаниялар ҳам албатта киритилади. Жумладан, тери ва заргарлик маҳсулотлари марказлари, дори-дармон, қандолат, текстил корхоналари.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади, экскурсиялар, намойишлар ўтказилади. Барчаси шу даражада мукаммал ва моҳирона йўлга қўйилганки, қандай қилиб маҳсулот сотиб олганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Шу тариқа бир қарашда ўта арзондек кўринган сайёҳлик турлари корхона ва компаниялар, тадбиркорларни харидорлар, давлат ғазнасини эса тушумлар билан таъминловчи даромад манбаига айланади.

«Дунё ягона давлат бўлганида...»

Туркияда тарихий объектларнинг таъмирланиш савияси ҳайратланарли даражада юқори. Қўл учида, сифатсиз қилинганини учратиш қийин. Баъзида бино ёки музейнинг ўзи асли шундаймиди ёки таъмирдан кейинги ҳолатими, ажратолмай қоласан.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Музейлар ва обидалар билан таништираётган гидларнинг савияси юқори, тарих ва тилларни яхши билади. Туркия тарихи ҳақида шундай фахр ва ифтихор билан гапирадики, ўз-ўзидан бу кайфият сизга ҳам юқади.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Уларнинг ҳикоялари орқали Гомер ва Геродот ҳозирги Туркия ҳудудида туғилгани, Наполеон Бонапарт «Дунё ягона давлат бўлганида унинг пойтахти Истанбул бўларди» дея хитоб қилгани ёки 1915 йилда юз берган Чаноққалъа жанги тафсилотлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Болалар учун томоша, сиз учун спорт

Туркиянинг курорт шаҳарларидаги меҳмонхоналарни шаҳар ичидаги шаҳар деса бўлади. Ташқарига чиқишнинг ҳожати йўқ: қаҳвахоналар, ресторанлар, дўконлар, бассейн ва спа-салонлар, югуриш йўлаклари, баскетбол, билярд ва теннис майдонлари дам олувчилар учун мунтазир.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Кечки пайт меҳмонлар зерикиб қолмаслиги учун кўнгилочар дастурлар йўлга қўйилган. Болалар учун махсус томошалар уюштирилади, ўзингиз эса караокеда севимли қўшиқларингизни куйлашингиз ёки маза қилиб рақсга тушишингиз мумкин. Вақтни беҳуда ўтказиш ёки зерикишга асло ўрин йўқ.

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Фото: «Дарё» / Шоҳруҳ Кенжаев

Туркияда 2022 йили 40 миллион ошиқ сайёҳни қабул қилиш ва туризмдан олинадиган даромадни 35 миллиард долларгача етказиш режалаштирилмоқда. Юқорида келтирилган ва ўрганса арзигулик омилларни ҳисобга олса, бу режалар ҳам тез орада уддаланишига шубҳа қилмаса бўлади.