Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

Лос-Анжелесдаги исён вақтида ёқиб юборилган бино.

Фото: Ted Soqui / California African American Museum

90 йил аввал. 6 май, жума

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг ёзишича, «бу кун Ўрта Осиёда биринчи энг йирик корхона бўлажак Тошкент тўқимачилик комбинатига пойдевор солинади... Бу комбинатнинг қурилиб, юргизилиши билан Ўрта Осиёнинг ўз пахта ҳосили ўзида ишлатилиб, биринчи навбатда газмол билан Ўрта Осиё жумҳуриятларининг эҳтиёжи таъмин қилинажакдир» (Ўзбекистондан чиққан пахтани Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлаш орзуси орадан 80—90 йил ўтиб, сўнгги беш-олти йилда ҳақиқатга яқинроқ ҳодисага айланди).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 6 май сонидан лавҳа

Масъул ходим юқори ташкилотга ёлғон маълумот берса, уни қандай жазолаш керак? Масалан, 1932 йилда жазо мана бундай бўлган: Булунғурдаги участкалардан бирининг мудири «тракторлар билан 48 ҳектар ер ҳайдалди», деб ҳисобот берган, аслида эса у ерда тракторнинг ўзи бўлмаган, оқибатда «суд мудирни икки йилга кесган». Мана шунақа.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 6 май сонидан лавҳа

Совет Ўзбекистон тарихидаги энг йирик сиёсий маҳкамалардан бири — республика Олий суди собиқ прокурори Шарофиддин Бадриддиновнинг суди тафсилотлари «Қизил Ўзбекистон»нинг ярим саҳифасини эгаллаган. Унда таъкидланишича, «айбдор Бадриддинов терговнинг ‘такмиллашмаганини’, унинг гувоҳлари ‘сўралмаганини’ кўрсатиб, ишни қайтадан терговга юборишни талаб қилган». Аммо прокурор «ўртоқ Катанян томонидан унинг бу баҳонаси қаттиқ зарбага учраган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 6 май сонидан лавҳа

Бадриддинов нисбатан илгари сурилаётган айбловлардан бири — у Ўзбекистон қамоқхоналарини маҳбуслардан бўшатиш жараёнида «жуда кўп бойлар, қулоқлар, сиёсий маъюбларни камбағаллар сифатида қамоқдан озод қилган»; бундан ташқари, у «растратачилар, иқтисодий аксилинқилобчилар, пролетариат давлатининг энг ёвуз душмани бўлган шахсларни турли жиноятлардан қутқариб, улар билан маишат қуриб, минглаб поралар олиб келган».

60 йил аввал. 6 май, якшанба

Тошкентда 1962 йил 7 май куни СССРдаги ленинчи миллий сиёсат тантанасига бағишланган Бутуниттифоқ илмий конференцияси очилиши керак. Шу боис ўзи тўрт саҳифалик «Қизил Ўзбекистон»нинг бутун бошли бир саҳифаси шу анжуманга бағишланган (қолган уч саҳифадан иккитаси эса «Правда» газетасининг 50 йиллик юбилейига доир материаллар билан тўлдирилган).

Конференцияга бағишланган бош мақоланинг айрим хатбошиларини ўқиб, «ленинча миллий сиёсат тантанаси» деганда айнан нима тушунилади-ю, бунда айнан қайси миллатга, қайси тилга миннатдорчилик билдирилиш керак — осон англаб олиш мумкин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

7 май — Радио куни, 1962 йилда эса радио ахборот ва, энг асосийси, пропаганданинг бош қуроли. Ҳозир энг чекка туман ва қишлоқларга интернет олиб кириш, бу ҳудудларни интернетлаштириш долзарб вазифа ҳисобланса, 1962 йили энг муҳим вазифалардан бири Ўзбекистонни радиолаштириш эди. Хусусан, «1964 йил охиригача Ўзбекистонни тўла радиолаштириш вазифасини қўйилган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон»нинг ёзишича, 1962 йилда Ўзбекистонда бир миллионга яқин радиоточка, 500 мингдан ортиқ радиоприёмник ва 160 мингдан зиёд телевизор бўлган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

Тошкент радиосини эса нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ Индонезия ва Янги Зеландияларда ҳам тинглашган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

1962 йилги Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги — бошдан-оёқ пойга. Бир колхоз бошқаси билан, бир ферма иккинчиси билан пойга ўйнайди. Жуда бўлмаса, ўша колхоз ё ферманинг ўзи ўзининг ўтган йилги натижаси билан мусобақалашади. Яна бир жиҳат — бундан 50—60 йил аввал Ўзбекистон фермаларининг «давлатга гўшт топшириш плани», бахтга қарши, фақат қўй ё мол гўшти билан бажарилмаган. Шунинг учун, «Донияхон ҳозир 107 чўчқани бўрдоқига боқаётир» деган хабар сизни ҳайрон қолдирмасин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 6 май сонидан лавҳа

30 йил аввал. 6 май, чоршанба

«Халқ сўзи» газетасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси бош муҳаррири, таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов билан суҳбат босилган. Унинг таъкидлашича, бозор иқтисодиёти шароитида нашриёт «энди фақат бадиий бақувват, ўқувчи эътиборини жалб қила оладиган харидоргир китобларни нашр қилишни мўлжалляпти». Бош муҳаррир, иқтисодий қийинчиликларга қарамай, 1992 йил охиригача китобхонлар қўлига етиб бориши кутилаётган китоблар ҳақида маълумот берган: улар орасида, масалан, Набижон Боқийнинг «Қатлнома»си, халқ эпоси ҳисобланган «Дада Қўрқут», Ашурали Жўраевнинг Юлдуз Усмонова ҳақидаги китоблари бор.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

Ўзбекистондан Ҳажга борганлар сони 1989 йили 10 кишини ҳам ташкил этмаган, аммо 1990 йилда бу рақам 355 кишига, 1991 йили эса 1200 кишига етган. ЎзАнинг 1992 йил май ойи бошидаги ахборотига кўра, «ҳозирги ҳали узил-кесил бўлмаган маълумотларга қараганда, 1992 йилда Ҳажга бултургига қараганда анча кўп ҳамюртларимиз бориб келадилар». Шу муносабат билан агентлик Ҳажга тайёргарлик масалалари юзасидан президент давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров билан суҳбат уюштирган.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

Бахтиёр Назаров «давлат Ҳаж ишларига аралашмаслиги ва аралашаётгани ҳам йўқ»лигини таъкидлаган. Ҳажга ким боришини белгилаш «Моварауннаҳр диний идораси тасарруфидаги ишлардир», деган президент маслаҳатчиси. «Муҳтарам дин аҳлимиз билмоқлари лозим бўлади: ҳукумат ҳеч қандай рўйхат талаб қилгани йўқ, қилмайди ҳам... Нима учун биз ҳатто рўйхатни ҳам олмаймиз? Агар бундай қилингудек бўлса, ҳукумат Ҳаж қилувчиларни назоратга олгандай бўлиб қолади, бундай қилиш эса мумкин эмас», дейди у.

«Халқ сўзи» газетасида Моварауннаҳр мусулмонлари идорасининг Қорилар мусобақаси ва Аёл-қизлар ўртасида Қуръон мусобақаси ўтказилиши ҳақидаги эълонлари босилган. Ҳар иккала мусобақа ғолибларига Ҳаж сафарига бепул йўлланма ваъда қилинган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

1992 йилнинг 1 май куни Тошкент, Олимпия ўйинлари мезбонлиги қўлга киритиш қандай бўлишини ўрганиш баҳона, Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳри билан биродарлашган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

Ташқи алоқалар дегандек. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ой бошида ўтган бир ойлик фаолиятига доир ҳисобот беради. Бу сафарги ҳисоботга кўра, «1992 йил 4 майга қадар 108 мамлакат Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олди. 4 майга қадар Ўзбекистон 29 мамлакат билан дипломатия муносабатлари ўрнатиш тўғрисида ҳужжатларни имзоланди».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

Хорижда нима гап ўзи? Қрим парламенти яриморолнинг Украинадан мустақиллиги масаласида ҳужжат қабул қилган, энди шу масалада референдум ўтказмоқчи. Қримнинг мустақиллигидан энг кўп манфаатдор бўлган Москвада эса қизиқ хабарлар — Қизил майдонда ўтажак 9 май парадида «тарихда биринчи марта АҚШ ҳарбий хизматчилари иштирок этиши мўлжалланяпти».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми»нинг хабар беришича, АҚШ тарихига мамлакат ҳудудида юз берган энг йирик тартибсизликлар сифатида кирган Лос-Анжелесдаги ғалаёнлар оқибатида 59 киши ҳалок бўлган, 2,5 минг киши жароҳатланган, 3767 бинога ўт қўйилган, 9,5 минг киши қамоққа олинган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 6 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди