Финляндия ва Швеция НАТО таркибига кирадиган бўлса, АҚШ ушбу давлатлар хавфсизлигини таъминлай олади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

«Биз (АҚШ) уларда (Финляндия ва Швецияда) юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфсизлик масалаларида ёрдам бера олишимизга ишончимиз комил», — деди у АҚШнинг ушбу давлатлар хавфсизлигини таъминлашга тайёрлиги ҳақидаги саволга жавоб бериб.

Псакининг сўзларига кўра, АҚШ ва Скандинавия давлатларининг ҳарбий бўлинмалари кўп йиллардан бери ҳамкорликда ишлаб келмоқда, шу боис «улар ҳатто альянсга расман киришдан олдинги даврда ҳам пайдо бўладиган ҳар қандай муаммоларни енгиб ўтишга қодир».

Украинада Россия босқини бошланганидан сўнг, Швеция ва Финляндия ҳукуматлари мамлакатларнинг НАТОга қўшилиши имкониятлари ҳақида қайта гапиришни бошлади. Апрель ойи ўрталарида Швециянинг Svenska Dagbladet газетаси ҳукмрон партиядаги манбаларга таяниб, бош вазир Магдалена Андерссон июнь ойи бошида аъзолик тўғрисида ариза беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. 5 апрель куни ушбу нашр Швеция ҳукмрон партиясининг бир қисми мамлакатнинг НАТОга киришига қарши эканини ёзди.

Бугунги кунда Швеция ва Финляндия НАТОнинг ҳамкор давлатлари мақомига эга. Блокка 30 та давлат, жумладан Дания ва Норвегия аъзо.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Финляндия ва Швециядан сўров бўлса, уларни қисқа фурсатда қабул қила олишини айтганди. Шу билан бирга, Хорватия президенти Зоран Миланович Скандинавия давлатларининг Шимолий Атлантика альянсига қўшилишига вето қўйишга ваъда берган. Унинг сўзларига кўра, «англияликлар ва немислар Босния ҳукуматини сайлов қонунчилигини ўзгартиришга ва хорватларга фундаментал ҳуқуқлар беришга мажбурламагунча» бу масалада Хорватия билан келишиб бўлмайди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Sky News телеканалига берган интервьюсида Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа кириши орқали НАТОнинг янада кенгайишини экзистенсиал таҳдид деб ҳисобламаслигини айтганди. Бироқ унинг сўзларига кўра, агар давлатлар иттифоққа қўшилса, Россия «вазиятни мувозанатлаши»га тўғри келади. «Кейин биз ғарбий қанотимизни хавфсизлик нуқтаи назаридан янада мураккаблаштиришимиз керак бўлади», — дея қўшимча қилган у.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров январь ойи ўрталарида НАТО «янги аъзоларни, жумладан, Скандинавия мамлакатларини сунъий равишда жалб қилишга» уринаётганини айтган.