Ўзбекистон ягона Тошкентдан иборат бўлмаганидек, саёҳатбоп масканлар ҳам фақатгина Бухоро, Самарқанд ва Хивада жойлашмаган. Пойтахтнинг кундан кун якранглашувига «ҳисса» қўшаётган туссиз, кўрганга завқ бермайдиган иморатлари орасида нафас сиқилмаслиги учун ҳеч бўлмаганда вилоятлараро саёҳат қилиб туриш керак. Ҳеч нима дунёқарашни юрт кезганчалик ўзгартиролмайди. Шу боис, «Дарё» «шамоллар шаҳри» — Қўқоннинг ташриф қоғози ҳисобланган Худоёрхон ўрдасига йўл олди.

Сайёҳ бўлиб бир кун

Худоёрхон ўрдаси

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Қўқоннинг ҳолваси-ю, патири машҳур, яна мазали. Буни водийга бир марта бўлса ҳам йўли тушган йўловчи яхши билади. Аслида саёҳатга баҳона мана шу ноз-неъматларни мунтазам улашадиган водийлик ҳамкасбнинг оддийгина таклифи бўлганди. 69 минг сўмга Тошкент—Андижон йўналишидаги поездга чипта олингач, ҳаммаси тез бошланди-ю, негадир яна шундай тез тугаб қолгандек бўлди.

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Тошкент Шимолий вокзалидан ҳаракатланадиган поезд тонгги 07:55 да йўлга тушди. Купелардаги аҳволни билмадим-у, лекин ўтириб кетадиган вагондаги ҳолатга чидаса бўлади — сотувчи худди бозорда юргандек ширинлик, сендвич ва яна алланималарнинг номини айтиб, вагонлараро егулик сотар, пойабзалини ечиб олган айрим йўловчилар ва колбасали бутерброднинг иси қоришганини ҳисобга олмаса, бошланиши яхши.

Поезд ойнасининг ортидаги манзара

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Вагон кондиционери бир маромда ишлаб, секин-аста қизиётган кун тафтини билинтирмайди. Манзараси бетакрор тоғ-тошларни кузатиб тўрт соат қандай ўтиб кетганини билмайди одам. Вақт хийла кўп сарфланишига қарамай, темир йўллар орқали юришнинг бир афзаллиги бор — чек-чегарасиз туюладиган шпаллар осмонга туташиб кетаётгандек, ҳинд киноларидаги сарисининг бир учи тўсатдан учиб кетадиган, қаҳрамонлар югуриб юрадиган пурвиқор тоғларнинг ўртасидан кесиб ўтади. Яна бир қарасанг, шаффоф дарёлар қақшаган тош ва тупроқли ҳудудга, зум ўтмай лойқаланган сувли манзара одамларнинг сувоқли уйларига уланиб кетади — бамисоли табиат Reels’и.

Поезд ойнасининг ортидаги манзара

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Ниҳоят тўрт соат ўтиб, Қўқонга етдик. Вокзал ходими шаҳарда меҳмон эканимиз, қолаверса, ҳар бир қўқонликнинг «фахри»ни кўргани келганимизни билиб, таксичиларга 10 мингдан кўпга рози бўлмаслигимизни, агар эринмасак пиёда юриб, ўрдагача 15 дақиқада етиб олишимиз мумкинлигини таъкидлади. Астойдил манзилни тушунтириб, камига талабалик йиллар ўзи шу йўналишда пиёда қатнаганини ҳам айтиб берди. Худди шу ходим қўқонликлар ҳақида биринчи тасаввур — уларнинг самимий ва одамшинаванда эканликлари тўғрисидаги хулосага сабабчи бўлди.

Бизни ўрдагача вокзал ходими айтганидан ҳам камроқ пул — 8 мингга элтиб қўйган ҳайдовчи амаки эса юқоридаги қўқонликлар ҳақидаги фикрни батамом тасдиқлади. 5 дақиқага бормайдиган йўл давомида у келадиган сайёҳлардан тортиб, улар орасида 38 га кирган бўлса-да турмушга чиқмаган ҳиндистонлик мижози бўлганини ҳам сўзлаб берди.

Ўрда атрофидаги майсалар устида гурунглашиб ўтирган ёшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Марказий Осиёда сақланиб қолган уч сарой иншооти (Бухорода Арк, Хивада Нуруллабой, Қўқонда Худоёрхон ўрдаси)дан бири ҳисобланган Худоёрхон ўрдасига ва ниҳоят етиб келдик.

Ўрдақадимги туркий халқларда қабилалар иттифоқи, давлат, салтанат маъносини англатган. Янаям тушунарлироқ айтганда, давлат бошлиғининг қароргоҳи маъносини билдиради. Шунингдек, давлат бошлиғининг қароргоҳи ўрдадан ташқари сарой ва арк деб ҳам аталган.

Унинг теварагидаги ҳудуд бўйлаб оддий-у, шу билан бирга ғайриоддий манзара кўзга ташланади. Ёшлар сарой атрофидаги ям-яшил чим устида тўп-тўп бўлиб ўтиришганини кўриб, бундан бир неча йил аввал Тошкентдаги Мустақиллик майдонида милиция ходимининг ёнимга келиб: «Синглим, илтимос туринг, ўтириш мумкин эмас. Бизга гап тегади», дегани, ҳозирга келиб эса Эко боғ, япон ва Ботаника боғларидагина сайр қилиб, фотосессия қиладиган ёшлар ёдимга тушди.

«Шамоллар шаҳри»нинг кўрки

Худоёрхон ўрдасининг ташқи томондан кўриниши

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Мана у — шамоллар шаҳри дея эътироф этилган Қўқоннинг безаги — Худоёрхон ўрдаси. У худди рақиблар томонидан мағлуб қилишга уринилган-у, аммо тиззаси букилсаям кураги ерга тегмаган курашчи полвонга ўхшайди. Бундан икки аср аввал ушбу қароргоҳга келганлар бунинг сабабини соқчи, сарой а’ёнларига тушунтириши, бу чиндан ҳам хонни безовта қилишга арзигуликми ўзи ёки йўқ изоҳлаб бериши зарур бўлган. Биз эса аждодларимиздан фарқли равишда ҳеч кимга ҳисобот бермасдан жуда ёрқин ва жилокор ранглар гаммасини ўзида мужассам қилган ички сарой томон дадил одимладик.

Зийрак ўқувчида «Ташқи сарой қолиб, аввал ичкисидан бошлайдими?» деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, лекин айни вақтда ҳаммаси бироз бошқача. Буни тушунтириш учун хаёлан хонлик даврига қайтиш, уни қурдирган Худоёрхон ҳақида қисқача маълумот бериш керак бўлади.

Қўқон хонлигидан мерос қолган сўнгги ўрда

1709 йили Минг уруғи вакиллари томонидан асос солинган Қўқон хонлигида 1876 йилгача, яъни Россия империяси босиб олгунига қадар 19 та хон ҳукмронлик қилган. Худоёрхон (1831 йили туғилган) Минг сулоласи вакили Саййид Шер Муҳаммад Алихоннинг ўртанча ўғли эди. Аслида рўпарамиздаги иншоот ўрнида Амир Умархон ўрдаси бўлган. Муҳаммад Алихон даврида таъмирланиб, «Зарринсарой» деб аталган сарой 1842 йили Бухоро амири Насруллохон бостириб келганида вайронага айлантирилган.

Қўқон давлат музейи қўриқхонасининг илмий ходими Насиба Баҳриддинованинг айтишича, айнан ўша истилодан бир неча ой ўтгач, Худоёрхоннинг отаси Шералихон хонликни тиклашнинг уддасидан чиқади ва мудофаа мақсадида шаҳарни девор билан ўрайди. Узунлиги 19 км, баландлиги 8, эни эса 4 метр бўлган деворнинг 12 та дарвозаси бўлган. Ўрдага ташриф буюрган сайёҳ улардан бирини — сақланиб қолган ягона қалъа дарвозасини кўриши мумкин.

Худоёрхон ўрдасининг аввалги кўриниши

Фото: Silk Road Андвентурес

Саййид Муҳаммад Худоёрхон тахтга ўтиргач, Жаҳоноро саройида истиқомат қилган. Сарой эскирганидан ташқари отаси ва акасининг фитна қурбони бўлишига гувоҳлиги учун ҳам хонда янги ўрда қурдириш фикри туғилган. Тахтга учинчи марта ўтирган хон (Биринчиси — 1845—1858; иккинчиси — 1862—1863; учинчиси — 1865—1875) саналган сабаблардан ташқари Умархоннинг хотирасига атаб ўрдани айнан шу хароба ўрнига қурдиришга фармон беради. Қурилиш ишлари 1865 йилда бошланиб, 1870 йилда ниҳоясига етади. Хонлик давридаги еттинчи — охирги ўрда дастлаб 3 та қисм (боғни ҳисобга олмаганда): ташқи, ўрта ва ички саройдан иборат бўлган.

Ички сарой давлатхона, яъни «Арки Олий», «Ўрдайи Олий» деб ҳам аталган. Аммо истило сабаб майдони 8 гектарни эгаллаган ва Қуръони Каримдаги оятларидан келиб чиқиб хоналар сони 114 тани ташкил этган ўрдадан бугунга келиб ички сарой ва 19 та хонагина сақланиб қолган, холос.

Ранг баранг кошинлар-у, пурмаъно китобалар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Аслида кириш дарвозаси учта бўлгани, биринчисининг ўрнига рамзий оқ арка қўйдирилганини таъкидлаган Насиба Бариддинованинг изоҳлашича, шарққа қарагани ҳисобига қуёш нурларига жавобан яхшироқ товланадиган сарой пештоғининг тепадаги мозаикали қисми асл ҳолатда сақланган, пастки майолика қисмига қайта ишлов берилган.

 Шарқ архитектурасида мадраса, масжид ва бошқа биноларнинг олд қисми пештоқ деб аталади.

Пештоқ сирлаб пиширилган, турфа ранг ва шаклдаги кошинлар билан қопланган. Унда ранглар уйғунлиги, зидлиги ҳамда қоришиқлиги мужассам ва шуниси билан ҳам ўзига хос. 1871 йили Қўқонга саёҳат қилган рус олими А.П. Федченко асарларидан бирида саройга келган вақти унинг қурилиш ишлари тўлиқ якунланмагани, деворга қоплаш учун ишлатилган кошинларнинг Қўқонда тайёрланганини айтиб, уларни бўёқларнинг тозалиги ва жилоси бўйича қадимги Самарқанддаги кошинлар билан солиштирган. Унинг қайдларида сарой деворларидаги кошинлар Самарқанд кошинларидан фарқ қилиши, аммо, кўчган, доғ тушган жойлари йўқлиги-ю, узоқдан жуда яхши таассурот қолдиришини ёзиб қолдирилган.

Девор ва равоқдаги ранг-баранг нақшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Ташқарисини томоша қилиш давомида юқори қисмдан чиқиб турган ёғочлар худди сарой ҳуснини бузиб тургандек туюлди. Аммо йўлбошловчининг тушунтиришича, сарров деб аталувчи ёғочлар бежиз ўрнатилмаган. Девор ичидаги намни тортиб ташқарига чиқаришдан ташқари, сарровлар кечалари ёритиш учун хизмат қиладиган фонусларни илишда ҳам айни муддао бўлган. Шунингдек, кўз тегмасин деган мақсадда ҳам ирим қилинган.

Олдинги саёҳатлардан бирида минораларнинг қандай мақсадда қурилгани ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Сарой ташқарисидаги биз минора деб ўйлаган унсурлар эса улардан фарқли равишда зинадан ҳоли бўлиб, бурж ёки гулдаста деб аталган. Улар мустаҳкамликни таъминлашдан ташқари, кўрк бериши мақсадида ҳам қурилган.

Ички саройнинг чап томонидаги китоба

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Умрининг қирқ йилдан ортиқ вақтини ушбу шаҳар тарихини ўрганишга сарфлаган, Қўқон давлат музей-қўриқхонаси етакчи илмий ходими Яҳёхон Дадабоевнинг тадқиқотларида сарой қурилишига замонасининг кўзга кўринган меъмори Мир Убайдулло бош-қош бўлгани, бинони безаш, кошинлар билан қоплаш ишларига эса риштонлик кулол Уста Абдулло масъул бўлгани қайд этилган.

Биноларнинг ёзув битилган қисми китоба дейилади.

Ташқи тарафдаги равоқлардан юқорида китобалар борлиги эътиборни тортади. Насиба опанинг таъкидлашича, Ўнг тарафдаги китоба Худодан кўз тегишидан сақлаш, устун келган душманларни даф этиши сўралгани маъносини билдирса, чап тарафга: «Нақшларни жойлаштирган меъмор Бекзод кабидир ва у ўз сирини хоннинг рухсатисиз айта олмайди», деган ёзув туширилган.

Шарқ адабиётида таърих абжад асосида келиб чиққан жанр ҳисобланиб, унга кўра аҳамиятли ҳодисанинг бўлиб ўтган вақти, яъни таърихи шеърий ифодаланган.

Пештоқнинг юқори қисмида Қуръони Каримдан оят келтирилиб, унда мулкларнинг бари ягона ва ҳар ишга қодир Аллоҳники экани эслатиб қўйилади. Шунингдек, китобалар орасида саройни қурдирган хоннинг исм-шарифи ва қайд қилинган таърихни кўриш мумкин.

Нақшлар орасига яширинган ҳикмат

Сарой остонасидан дарвозахонанинг кўриниши

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Йўлбошчининг қўшимча қилишича, асл ҳолатда бўлган дарвоза ҳозирги кунда Тожикистон ҳудудида жойлашган Ашобо (ҳозирги Ашт) қишлоғидаги чинордан ясалган. Дарвозадаги ислимий, ўсимликсимон нақшларнинг орасида араб ёзуви борлигини пайқаш учун ўта зийрак бўлиш, маъносини англаш учун эса дарвозанинг ҳар икки тавақасини бирлаштириш керак бўлади. Шунда «Кўркам юзидан саховати сезилиб турган доно меъмор қулоғимга деди: иштиёқли ижод хайрли натижа беради», деган сўзлар ҳосил бўлади.

Ашобо қишлоғидаги чинордан ясалган дарвоза

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Музей ходими ислимий, ўсимликсимон ва ганжли нақшларнинг ривожланиш сабаби исломда сурат чизишнинг тақиқлангани билан боғлиқ эканини қўшимча қилади. Ҳовлига киришдан аввал дарвозахонага тўхталмай илож йўқ.

Дарвозахонанинг ички гумбази

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Мўжаз эканига қарамай, унда ҳам сермаъно қайдлар ёзилган. Гумбазининг ички қисми ислимий нақшлар билан безатилган дарвозахонада «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», рўпарасида эса сарой қурилишида иштирок этган усталарнинг исми: Муҳаммад Олим Сирчи, Уста Муҳаммад Камол ўғли деб ёзилган.

Асосий ҳовлига чиқаверишдаги китобалар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Асосий ҳовлига ўтишдаги икки четда доира шаклида Ихлос сураси, доиралар ўртасидаги лавҳга эса Абдураҳмон Жомийнинг: «Кўзингни бир очиб юмгунинггача баҳор ўтиб, куз келади, бу дунё ғам-ғусса чекишга арзийдими?», деган пурмаъно, ҳикматли сўзлари туширилган. Шунингдек, дарвозахонада оқава сувлари чиқиб кетисин деб ўрнатилган канализацияни ҳам учратиш мумкин.

Дарвозахона

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Ундан ўнгда давлат ишлари амалга оширилган жами 9 хонадан иборат девон ҳовлиси жойлашган. Хон элчи-ю, меҳмонларни қабул қиладиган саломхона эса дарвозахонанинг сўл тарафида. Унга киришдан аввал бири бошқасини такрорламайдиган устунлар кўзга ташланади.

Черковга айлантирилган саломхона

Сарой ҳудудида ёғочдан унумли фойдаланилган

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Асосий ҳовлидан саломхонага кирилгани учун ҳам ушбу ҳовли Доруссалом — «тинчлик-омонлик саломатлик уйи» деб аталган. Ҳозирги қабулхоналарга қиёсласа бўладиган саломхонага тўғридан-тўғри кириб борилмаган, эшикоға хонасида киришга изн берилиши кутилган.

Саломхона ҳовлисининг устунлари

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Тепа ва ўрта қисмлари таъмирланган, деворнинг пастки қисми – сопол деталлар сақлаб қолинган хона оддий, шу билан бирга шифтидаги нақшлар кўзни қамаштиради.

Саломхона ҳовлиси

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Таъкидланишича, ҳар бир хоннинг ўз шийпони бўлган. У қандай кўринишда бўлгани ҳақида эса уста Қодиржон томонидан кичрайтириб ишланган макет яхши тушунча беради. Мелибой Баратов томонидан катталаштирилиб ишланган устуннинг тепа қисми — муқарнас эса ҳунармандчиликдан дунёга келган «гармошка»ни ёдга солади. Қизиғи, уни тайёрлаш вақтида уста томонидан бирорта мих ёки елим ишлатилмаган, айрим қисмлари пона услубида бир-бирига бириктирилган.

Устун ва шийпоннинг макети

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Эшик оғасининг хонасидан саломхонага кирилган. Таъзим билан кирилгани учун хона катта саломхона деб аталган. Тавозе билан киришга мўлжалланган пастқам эшик кейинчалик руслар истилоси вақтида бошқасига алмаштирилган. Энг яхши ва чиройли услубда сақланиб қолган хоналигини айтган Насиба опа тепадаги 14 та ҳовзак акустика сўзлаётган кишининг овозини баландроқ эшитишга хизмат қилганини қўшимча қилади. Хона деворларининг қуйи қисми кошин билан, кошиндан юқори қисми ганчкор нақш ва турфа рангли безаклар билан зийнатланган.

Саломхона

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Нақшлар янгиланган, хон ўтирадиган ернинг юқори қисми ва бошқа битта икки бурчакларда асл ҳолатдагиси бўёқ берилмай, шундайлигича қолдирилган. Сал ўтиб хонага кириб келган бир гуруҳ француз сайёҳлари ҳам худди биздек узоқ вақт шифтдан кўзларини узишолмади.

2009 йили «Қўқон шамоли» фильми суратга олинганда ишлатилиб, музейга эсдалик сифатида берилган тахт

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Хонада тахт бўлишига қарамай, асли сақланиб қолмаган. 2009 йили саройда «Қўқон шамоли» фильми суратга олинган ва жараёнда ишлатилган тахт музейга эсдалик сифатида берилган. Хонлик тугатилгач, бу ерда рус ҳарбий горнизони жойлашган.

Саломхонадаги китоба ва нақшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Айнан мана шу хона руслар учун бир мунча вақт православ черкови вазифасини бажарган ва эски дераза ўрнида эшик очилган. Меҳробнинг ичидаги муқарнасларнинг бир қисми бузиб ташланиб, икона учун тўртбурчак шаклда жой очилган.

Саломхона шифтидаги нақшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Шунга қарамай, хон ўтирган жойнинг тепа қисмидаги: «Фойдани ёки зиённи ўйламасдан узоқни ўйлаб иш тут ва вақтнинг қадрига ет» деган фалсафий сўзлар сақлаб қолинган.

Саройнинг макети

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Саломхонанинг ўртасида саройнинг кичик макети сақланади. Айтишларича, ўрда биноси маъмурий жиҳатдан ҳарбий қисм ҳисобланмиш қалъа, давлатхона, ҳарам, шаҳнишин ҳовлиси, хўжалик бўлими ва маънавий бўлимдан иборат йирик қисмларга бўлинган. Ҳозирги кунда 7 та ҳовлидан 4 таси қолган.

Номаҳрамлар киритилмаган, хонзодалар 11 ёшигача яшаган ҳарам

Ўрдани айланаётган ёшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Саройнинг энг чиройли, аёллар яшаган ҳарам қисми руслар томонидан бузиб ташланган. Унда сиз-у биз тарихий сериалларда кўрганимиз сингари аёллар эркаклардан алоҳида яшаган.

Бегоналар учун ҳаром, яъни тақиқланган жой маъносини англатувчи ҳарам, ҳарамсаро — подшоҳ ва давлатманд кишилар саройидаги хотинларга махсус ички ҳовли ва ўрда маъносини англатган. Бу ерга фақатгина маҳрам ҳуқуқидаги эркак ва 12 ёшгача бўлган болалар кириши мумкин бўлган.

Ҳарам қисмида Худоёрхоннинг никоҳидаги аёллардан ташқари, канизак ва хоннинг фарзандлари яшаган. Ўғил фарзандлар оналари олдида 11 ёшгача яшаб, 12 га тўлганидан хонзодалар қисмига ўтказилган.

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Саройнинг бошқа қисмлари бир, ҳарам эса 2 қаватли қилиб қурилган. Жами 64 хонадан иборат аёллар қисмида хоннинг волидаси, опа-сингилларидан ташқари, хотин ва қизлари яшаган. Агар опа-сингиллари турмушга чиқиб кетган бўлса, келиб туришлари учун алоҳида хона ажратилган.

Қадимий туркий салтанатларда хон ва хоқонларнинг рафиқалари «хотун», Темурийлар даврида «бегим», «хоним» деб айтилган бўлса, Қўқон хонлигида «ойим» (Ҳоким ойим, Минг ойим ва бошқалар) дейилган.

Йилдан йилга саройнинг эски ҳолатини сақлаб қолиш қийин. Буни анча орқага ташланган деворлардан пайқаш қийин эмас. Насиба опа бу бекорга эмаслигини таъкидлайди.

Шифтдаги ранглар уйғунлиги

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Унинг сўзларига кўра, совет ҳукмронлиги даврида боғнинг атрофида болалар учун темир йўл аттракциони қурилган бўлиб, поезднинг ҳар кунги тебранишига деворлар шунчаки мум тишлаб қараб туролмаган, ҳеч бўлмаса ўзгариш билан жавоб беришни афзал билган.

Кўрпача тўшалган ҳужрайи ихлос

Ҳужрайи ихлос

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Узоқдан келган элчи-ю меҳмонларни тахтида савлат тўкиб кутиб олган хон яқинлари, маҳаллий аҳоли билан бошқа бир ҳужрайи ихлос деб номланган хонада ўзбекона даврада бамайлихотир суҳбатлашган. Қибла тарафи меҳроб қилиб ажратиб қўйилган хонада намоз ҳам ўқилган. Китобалар йўқлигини айтмаса, безатилиши саломхонага ўхшаб кетилади.

Кўзни қамаштирадиган даражада ёрқин ранглар билан безалган шифт

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Шифтдаги нақшлар асосан зарҳал билан ишлангани ҳисобига ҳам бу хона «Заррин» деб аталган. Бу ерда ҳам катта қабулхонадагидек умумийлик бор — таъмирлаш ишларидан кейин шифтнинг бир четида тўртбурчак шаклда қисман асл ҳолати қолдирилган, ўчган ранглари янгиланган. Аслида биз ҳозир кириб келган эшик ўрнида ҳам дераза бўлган, сабаби хоннинг ҳузурига ҳеч қачон тўғридан-тўғри кириб борилмаган. Ҳужрайи ихлосдан кейини хона 1956 йили уста Норқўзиев томонидан таъмирланган. Ганжкор ўймакор нақшлар, сопол плиталар сақлаб қолинмаган. Дарвоқе, «Ўткан кунлар» фильмида Отабекнинг қайнотаси билан хон ҳузурига келтирилиш саҳнаси айнан шу ерда суратга олинган.

«Қадрдон ҳовли»даги аравалар

Қўқон аравалари

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Хон салтанат ишларидан ҳоли бўлганида дам оладиган ҳовли Шаҳнишин деб аталиб, 6 хона ва айвонни ўз ичига олган. Ундан Доруссалом, хонзодалар ҳовлиси ва ҳарам, шунингдек, боғга чиқиш учун тўртта эшик бўлган. Ҳовлилардан бирида ўша вақтнинг нотекис йўлларида юриш учун қулай бўлган Қўқон араваларини учратиш мумкин. 500 килогача юк кўтара оладиган араваларнинг аёлларга мўлжалланганининг усти ёпиқ бўлган. Араваларни томоша қилиб, расмлар галереясини ҳам кўрамиз, десак, шанба куни ишламас экан.

Шифтдаги ранглар уйғунлиги

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Мусаввирларнинг санъат асарларини кўришдан бенасиб қолган бўлсак-да, шу ҳовлида эсдалик буюмлари сотадиган аёл билан самимий суҳбат қурдик. Қўқонга Фарғонадан келин бўлиб тушган Мухтасархон опанинг айтишича, 18 йилдан буён сарой «ўз ҳовлисидек» қадрдон бўлиб кетган. Шу вақт давомида у кўрмаган сайёҳ қолмаган, унинг суратлари эса нечта давлатда «юрибди». «Франция, Испания яна Германиядан ҳам кўп келишади. Тилини билмаймиз, лекин гапирса, қайси давлатдан эканини дарров билиб оламиз», — дея камтарона мақтанади аёл.

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

У билан бўлган қисқа суҳбатни самарқандлик сайёҳнинг: «Қўқонда яна қандай табаррук жойлар бор, билмайсизми?», деган саволи бўлди. Жоме масжиди борлигини айтган суҳбатдошим унга бориш учун Ҳамза театри, эски шаҳар, Чорсу орқали ўтилади, дея тушунтирди. Қизиқ, худди Тошкентдагидек…

Музейга айланган меҳмонхона

Музейнинг тарих бўлими

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Келган меҳмонни сийлаш, бор-у йўғини тўкиб-сочиш оддий авомдан тортиб ҳукмдор ўзбекнинг қонига сингиб кетган. Хонлар ҳам бундан мустасно бўлмаган. Саройга ташриф буюрган элчилар, юқори даражали меҳмонлар 5 хонадан иборат меҳмонхонада тунаб қолган. Ички сарой ўртасидаги шифтлари вассажуфт услубида ёпилган меҳмонхонада ҳозирги кунда музей экспонатлари жойлашган.

Музейдаги экспонатлардан намуна

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

1924 йили бинода Фарғона вилоят қишлоқ хўжалиги кўргазмаси очилган. Ҳунармандчилик ва қазилма намуналари, миллий буюмлар, кийим-кечаклардан ташқари, санъат асарлари ҳам ўрин олган экспонатлар асосида 1925 йилда музей ташкил этилган. Шу вақтгача номи бир неча бор ўзгарган музей 2019 йилдан буён Қўқон давлат музейи-қўриқхонаси деб аталади.

Музейдаги экспонатлардан намуна

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Ўрдага кириш 3 минг сўм, йўлбошловчи ёллаш 5 минг экан. Ўқувчиларга 2 минг сўм нарх белгиланган. Чўнтакбоплигиданми ёки шаҳар ёшлари ота-боболари тарихига астойдил қизиқадими, билмадим, атрофда ўғил-қизларнинг музейдаги экспонатлар борасида дўстлари билан фикр алмашаётганига гувоҳ бўлдик. Қизиғи, уларнинг биринчи марта келиши эмаслиги гапларидан шундоқ билиниб турарди.

Музей фондидаги ҳужжатлардан намуна

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Тарих бўлими билан таништирган мутахассис, экспонатлар орасида тош асрига оид буюмлар, қазилмалар борлиги ҳақида маълумот берди. Ушбу бўлимда ҳозиргача Наманганнинг Дуо қишлоғида сақланадиган, Зардуштийлик динида жасадлар қўйилган қадимий даҳма (1987 йили бу ғордан археологлар томонидан 45 та қамишли тобутлар топилган)нинг макети, турли миллат вакилларининг одатлари акс этган суратлар, Х—XVII асрларда ясалган сопол идишлар-у, 15-16 кг оғирликдаги қурол-яроқларни, хон авлодларининг суратларини учратиш мумкин.

Худоёрхон авлодлари

Хон авлодлари

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Саёҳатимизга ҳамроҳлик қилган Насиба опа ҳокимият учун курашларнинг авж олиши ва Россиянинг истилочилик юришлари оқибатида тахтдан воз кечиб, Оренбургга сургун қилинган, 51 ёшида генералдан ҳажга бориб келишга рухсат олиб, қайтишида Афғонистонда вафот этган Худоёрхоннинг авлодлари ҳақида қизиқарли маълумот ҳам бериб ўтди.

«Худоёрхоннинг Владимирга сургун қилинган, соғлиғи ёмонлашгани учунгина Тошкентга қайтарилган катта ўғли Насриддинбек отасидан 1 йил аввал — 32 ёшида вафот этади. Иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбекнинг Тошкентда туғилган ўғли Исломбек ҳарбий ва тилшунос бўлган. Афғонистонга кўчиб кетиб, 50 йил давомида Швейцария ва Францияда Афғонистон элчиси бўлиб хизмат қилади. 97 ёшида Швейцариянинг Монтре шаҳарчасидаги Валмонт қариялар уйида вафот этгач, васиятига биноан унинг хокини Парижга келтиришиб, хотинининг ёнига, Пер ла Шез қабристонига дафн этадилар. Саидисломбекнинг акаси Азаматбек Худоёрхонов Оренбург ҳарбий мактабини тамомлаган.

Амир Саидбекнинг авлодлари Башриллохон нефть-газ соҳасида ишлаган, унинг рафиқаси Ферузахон опа эса фанлар академиясида илмий ходим сифатида фаолият юритади. Хонанда Севара Назархон эса Худоёрхоннинг укаси Сўфибекнинг фарзанди Назарбек авлодидан ҳисобланади», — дейди йўлбошловчи.

Музей фондидаги ҳужжатлардан намуна

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Яна Насиба опанинг гапига қараганда, музей фондида 40 мингдан ошиқ экспонат сақланади. Ундаги энг аҳамиятли экспонатлардан бири 1856 йилда кўчирилган, сотилиши тақиқланган, вақф муҳри босилган, хон ўқиган Қуръони Карим ҳисобланади.

1856 йилда кўчирилган, хон ўқиган Қуръони Карим

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Хоннинг либослари сақланиб қолмаган, лекин Бухоро зарбоф тўнлари бор. Дарвозахонадан кираверишдаги хоналардан бирида миллий либослардан намуналарни томоша қилиш мумкин.

Ўхшашлик

Сарой ҳудудидаги энг чиройли шифтлардан бири

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Сарой шунчаки хонликдан қолган мерос эмас, ўша вақтдан буён шаҳар аҳли билан елкама-елка ҳар бир онни бошдан кечириб келаётган тилсиз гувоҳ. Худоёрхон ўзи хоҳлаб қурдирган ўрдада умрининг атиги 5 йилини ўтказган. Бир вақтлар қаҳ-қаҳ кулги, қувонч овозлари янграган, ҳузур-ҳаловат маскани бўлган сарой шундан кейин нималарга шоҳид бўлмади дейсиз.

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Хонликнинг водийдаги ҳудуди Туркистон генерал-губернаторлигининг Фарғона областига, ўрда биноси бўлса истилочиларнинг Қўқон гарнизони қалъасига айлантирилади, 1878 йили ўрданинг пастки ва ўрта сарой қисмлари бузиб ташланади. Горнизон маъмурияти эса ўрданинг ички саройи «Давлатхона»га жойлаштирилади, хоналарнинг айримлари офицерлар оиласига берилса, хон бир вақтлар азиз меҳмонларини қаршилаган саломхона православлар ибодати учун хизмат қилади. Ҳарам биноси бузиб ташланиб, казармалар қурилади. Совет ҳокимияти даврида эса «Қашшоқлар қўмитаси», «Қўшчилар союзи» каби ташкилотлар ўрнашади.

Девордаги нақшлар

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Таъмирлаш ишлари 1930 йиллардан бошланган, 1946 йилдаги зилзилада бино катта зарар кўрган. 1947—1955 йилларда тиклаш ва мустаҳкамлаш ишлари олиб борилган. 2018—2019 йиллари яна қайта таъмирланган.

Сарой ҳовлиси

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Умуман, тарихий эврилишлар, дунё харитасини ўзгартирган воқеликларга гувоҳ бўлган ўрда бугун сайёҳларни ўзига мафтун этаётган эса-да, асрлар бўйи эрки бўғилган, бегоналар соҳиб чиқса, кўниб яшаган ўзбекка ўхшайди. Давр ва сиёсатга қараб унга айримлар ўзича ўзгартириш киритган, ўзига мосламоқчи бўлган. Балки бунинг уддасидан ҳам чиққандир, лекин негизи озми-кўпми сақланиб қолган. Ҳеч бўлмаганда шунисига шукр қилади одам, ахир борига шукр қилиш қонимизга сингиб кетган.