Финляндия ва Швеция расмийлари НАТОга аъзо бўлиш учун бир вақтнинг ўзида ариза бериш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди Финляндиянинг йирик Helsingin Sanomat газетаси манбаларга таяниб. Бу кейинги ҳафтада бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Нашрнинг ёзишича, Финляндия расмийлари ариза бўйича 15 май, якшанба куни расман қарор қабул қилади. Худди шу куни Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик меҳнат партияси томонидан ҳам шундай қадам эълон қилиниши кутилмоқда.

Helsingin Sanomat хабарига кўра, қўшма ариза мамлакатлар ўртасидаги келишув белгиси ва бир-бирини ҳимоя қилиш истаги сифатида кўрилмоқда ва бу йирик медиа ҳодисаси бўлади.

Агар ўша куни ариза топширишнинг иложи бўлмаса, давлатлар буни имкон қадар қисқа вақтда бажаришга ҳаракат қилади, дейилади хабарда.

Нейтрал мақомга эга Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши Россиянинг Украинага босқинидан кейин фаол муҳокама қилина бошлади. Мамлакатлар альянсга аъзолик учун ёзда ариза топшириши мумкинлиги хабар қилинганди. Шу билан бирга Швеция ҳукмрон партиясининг бир қисми мамлакатнинг НАТОга киришига қарши. АҚШ мазкур икки давлат НАТО таркибига кирса, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирган.