Финляндиянинг НАТОга қўшилиш учун ариза бериши Украина атрофидаги вазият туфайли хавфсизлик соҳасида юзага келган ўзгаришлар билан изоҳланади, аммо Хелсинки Россия томонидан ҳарбий хавфни кўрмаяпти. Бу ҳақда Финляндиянинг альянсдаги элчиси Клаус Корхонен маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто. Архив

Фото: EPA / «ТАСС»

«Бизнинг мудофаамиз кучли, чегарани қўриқлаш кучларимиз жуда лаёқатли ва мен ўйлайманки, биз ҳозир огоҳ бўлганимиз туфайли чегарадаги вазият жуда хавфсиз», — деди у журналистларга.

Элчининг қайд этишича, Финляндиянинг НАТОга қўшилиши мамлакатнинг ҳам, умуман альянснинг ҳам хавфсизлигини кучайтиради.

Шу билан бирга, Корхонен айни вақтда «биз қандайдир ядровий вазиятдан жуда узоқдамиз» деди.

«Ядро қуролини қўллаш ёки ядро қуролини қўллаш хавфи Евроатлантика ландшафтида тамоман янги бобни очиб берган бўларди», — дея таъкидлади у.

Айни пайтда Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто мамлакат НАТОга қўшилиш ҳақидаги аризани келаси ҳафта ўрталарида бериши мумкинлигини айтди.

«Агар парламент биз ариза беришимиз керак, деган хулосага келса, келаси ҳафта ўрталарида буни амалга оширамиз», — деди Хаависто Япониянинг NHK телекомпаниясига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, Швеция ҳам шундай чора-тадбирларни кўриб, тахминан шундай график бўйича ҳаракат қилади.

«Чегарадаги вазият тинч бўлиб қолади, деб умид қиламиз. Биз ҳеч нарсани кутмаяпмиз, аммо ҳамма нарсага тайёрмиз», — дея қўшиб қўйди вазир.

Аввалроқ Финляндиянинг Helsingin Sanomat газетаси мамлакат ҳукумати 15 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, Швеция ҳам худди шу куни ариза топширади.

Кейинроқ Финляндия президенти Саули Ниинистё ва бош вазир Санна Марин НАТОга тезроқ аъзо бўлиш зарурлиги ҳақида қўшма баёнот чиқарди.

Нейтрал мақомга эга Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин фаол муҳокама қилина бошлади. Мамлакатлар альянсга аъзолик учун ёзда ариза топшириши мумкинлиги хабар қилинганди. Шу билан бирга Швеция ҳукмрон партиясининг бир қисми мамлакатнинг НАТОга киришига қарши. АҚШ мазкур икки давлат НАТО таркибига кирса, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирган.

Финляндия қуруқликда Россия билан 1200 километрдан ортиқ умумий чегарага эга.