Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 13 май, жума

1962 йил 13 май куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

60 йил аввал. 13 май, якшанба

«Қизил Ўзбекистон»дан пахтакор-ўртоқларга эслатма:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

Май ойи охирларида Тошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон вакиллари иштирокида миллий мактабларда рус тилини ўқитиш республикалараро иккинчи илмий конференцияси бўлиб ўтади. Шу муносабат билан «Қизил Ўзбекистон»нинг бутун бошли бир саҳифаси «Улуғ Ленин тилини севиб ўрганамиз» рукнига айлантирилган.

Ушбу рукн остида эълон қилинган материаллар, хабарлар ва шеърлардан «барча халқлар ва миллатлар тенг бўлган советлар мамлакати»да тенглик аслида қандай бўлгани ҳақида хулосалар чиқариш мумкин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

Шеърга «Улуғ оғам тили» деб сарлавҳа қўйилганининг ўзиёқ тенглик ҳақидаги ҳар қандай фикрни иккинчи планга тушириб юборади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

Бунақанги катта сиёсий материаллардан кўра газеталарнинг бир чеккаларида бериладиган «Ботир чўпон» каби хабарлар қизиқ (шуниси билан ҳам қизиқки — бўричаларнинг тақдири қандай кечдийкин?).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

Умумий «Муросасизлар сигнали» сарлавҳаси остида ҳудудлардаги электр ва йўл муаммолари ҳақида муштарийларнинг хабарлари босилган. «Мабодо сиздан колхозчиларнинг уйлари электр билан ёритилмай, фақат раҳбарларнинг хонадонлари кеча-кундуз пориллаб турадиган қишлоқ борми, деб сўраб қолишса, ҳеч иккиланмай Пояриқ раёнидаги Куйбишев номли колхоз десангиз, асло янглишмайсиз», дейилади уларнинг бирида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

«Қамаши раён марказида кейинги икки-уч йил орасида кўплаб уй-жой қурилиб, янги кўчалар очилди. Аммо бу кўчаларни электрлаштиришга аҳамият берилмаяпти», — дейилади яна бир хабарда.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

Хорижда нима гап?

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 13 май сонидан лавҳа

30 йил аввал. 13 май, чоршанба

Президент Ислом Каримов Янги Зеландиянинг Ўзбекистонга тайинланган биринчи элчисини қабул қилган:

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 13 май сонидан лавҳа

Президент 9—10 май кунлари Ашхободда Ўрта Осиё республикалари, Туркия, Эрон ва Покистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари учрашувида қатнашган эди. Учрашув якунлари бўйича етти давлат етакчилари бирданига бешта — Афғонистон, Тожикистон, Тоғли Қорабоғ, Босния ва Герцеговина ҳамда Кашмирдаги вазият юзасидан баёнот берган.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 13 май сонидан лавҳа

Расмий газеталарда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини ташкил қилиш тўғрисидаги президент фармони матни эълон қилинган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 13 май сонидан лавҳа

Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон овози» газетасида «Шарофнома» номли доимий рукн ташкил этилган. Унда бу сафар журналист Мақсуд Қориевнинг хотиралари эълон қилинган. Материалнинг сўнгги қисмида Қориев шундай деб ёзади: «Жумҳуриятимиз мустақил тараққиёт йўлига кирди. Халқимизнинг орзу-умидлари ушалди. Раҳматли Шароф Рашидов ҳам ана шундай эзгу кунларнинг келишини орзу қилган эди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир куни суҳбат чоғида жумҳуриятимизнинг олтини ҳақида гап кетганда Шароф ака: ‘Қани энди шу олтинларнинг ҳаммаси ўзимизга қолса…’, деган эди. У Ўзбекистоннинг ҳақиқий мустақиллигини жуда-жуда орзу қилган эди».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 13 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди