Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ҳудудидан ўтувчи Ғарбий Европа—Ғарбий Хитой автомобиль йўлида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради, деб хабар беради «Kazinform».

Фото: «Kazinform»

Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг маълум қилинишича, ҳодиса 12 май куни Олмаота—Тошкент автомобиль йўлининг 571-километрида, Жуалинский тумани «Бауржон Момишули» қишлоғидаги йўлда содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл бўйлаб ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

«ЙТҲ натижасида ҳайдовчи ёрдамчиси ва автобус йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейилади хабарда.

Авария сабаб Жуалинский туман шифохонасига автобус ичида бўлган 48 нафар Ўзбекистон фуқароси мурожаат қилган. Уларнинг 38 нафари эркак, тўққиз нафари аёл ва бир нафар бола. 16 нафар йўловчи шифохонага ётқизилган бўлиб, тўрт нафари реанимация, 12 нафари эса жарроҳлик бўлимида.

«Реанимация бўлимидаги беморларнинг аҳволи ҳозирда барқарор. Барча жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган», — дейди Жамбил вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Асет Калиев.

Фото: «Kazinform»

Ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Керакли текширувлар тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг мартида Қозоғистонда 26 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган, 2019 йилда Қозоғистонда Россиядан қайтаётган ўзбекистонликлар иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 2018 йил январида Ақтўбе вилояти ҳудудида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ёниб кетган ва 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди.