1990 йиллар бошида «Манчестер Юнайтед» ўзгача бир қудратга эга клуб ҳисобланарди. Сэр Алекс Фергюсон қурган клубда Дэвид Бекҳэм, Райан Гиггз, Эрик Кантона каби ўз вақтининг энг зўрлари тўп сурган. Жамоа мана шу йилларда бир қатор совринларни қўлга киритади. Хўш, ўша юлдузлар ҳозир қаерда, қандай кўринишга эга ва нима билан банд?

Райан Гиггз, 48 ёш

Фото: Getty Images

Машҳур Гиггзнинг фаолияти 24 мавсум давом этган. Райан илк марта «Манчестер Юнайтед» сафида майдонга тушганда Англия чемпионати Биринчи дивизион деб аталарди (кўпчилик учун таниш бўлган Премьер Лига 1992 йилда пайдо бўлган). Уэльслик футболчи бутун фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да ўтказган ва у ерда 40 ёшгача ўйнаган. Гиггз футболчилик фаолиятини якунламасдан аввал мураббийлик билан шуғуллана бошлайди — «Манчестер Юнайтед»да ўйновчи-мураббий сифатида Дэвид Моесга ёрдам беради. Кейинчалик эса Луи ван Галга ҳам ассистентлик қилган. Ҳозирда у Уэльс терма жамоасига устозлик қилмоқда.

Пол Скоулз, 47 ёш

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» сафида ўтказилган ўйинлар сони бўйича Скоулз Гиггздан кейин иккинчи ўринда туради (мос равишда 709 ва 927). Пол 2011 йилнинг ёзида фаолиятини якунлаганди, бироқ Алекс Фергюсон таклифи билан «Манчестер Юнайтед»га қайтади ва яна бир ярим мавсум ўйнаб беради. Скоулз ҳозирча муваффақиятли мураббийга айлангани йўқ – қуйи лига клубларидаги биринчи тажрибаси омадсиз чиққан (клубга келганидан бир ой ўтиб унга чиқиш эшиклари кўрсатилади). Ҳозирда Пол Британия телевидениесида эксперт бўлиб ишлаяпти.

Гари Невилл, 47 ёш

Фото: Getty Images

Невилл ҳам Гиггз ва Скоулз каби бутун фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да ўтказган. Гари 2012—2016 йилларда Англия терма жамоасида Рой Ҳожсоннинг ёрдамчиси бўлган. Кейинчалик у «Валенсия»ни бошқарди, бироқ ўша вақтда у мураббийликка мутлақо тайёр эмас эди: «Улар яхши натижа талаб қилди, лекин мен жамоа ўйинини қайта қурмоқчи эдим. Биз ёмон ўйин кўрсатдик, ҳаволаниб кетдим ва ўзимга бўлган ишончни йўқотдим». Аммо телевидение соҳасида Гари анча муваффақиятлироқ — у ўйинларни шарҳлашдан ташқари, Sky Sports дастурларида ҳам мунтазам қатнашиб келади.

Рой Кин, 50 ёш

Фото: Getty Images

Ирландиялик афсона 1990—2000 йилларда «Манчестер Юнайтед»да чинакам «ёмон йигит» сифатида машҳурликка эришган. Рой клуб тарихида қизил карточкалар сони бўйича биринчи ўринни эгаллаб турибди (469 ўйинда 10 та четлатиш). Фаолиятининг охирида Кин «Сандерленд» ва «Ипсвич» клубларида бош мураббий, кейинроқ Ирландия терма жамоаси ва «Ноттингем Форест»да ёрдамчиси сифатида ишлади. Ҳозирда эса Невилл билан бирга Sky Sports’да таҳлилчи сифатида фаолият юритмоқда.

Денис Ирвин, 56 ёш

Фото: Getty Images

Кин билан бирга Ирвин Ирландия тарихидаги энг кўп соврин ютган футболчи ҳисобланади (19 тадан соврин). Қолаверса, Денис «Манчестер Юнайтед» билан 1991 йилги Кубок эгалари кубоги ва 1999 йилги Чемпионлар Лигасини қўлга киритган ягона футболчидир. 2004 йилда Ирвин MUTV телевидениесининг бошловчиси бўлди. Денис, шунингдек, Ирландиянинг RTE Sport телеканалида ўйинларни шарҳлаб боради ва Sunday World газетасида блог юритади.

Эрик Кантона, 55 ёш

Фото: Getty Images

Гарчи клубда атиги беш мавсум ўтказган бўлса-да, Кантона 1990 йилларда «Манчестер Юнайтед»нинг рамзи ҳисобланарди. Франциялик футболчи «Юнайтед» сафида 179 та ўйинда иштирок этиб, 81 та гол ва 61 та голли узатмани амалга оширган. «Қирол»нинг («Манчестер Юнайтед» мухлислари уни шундай атаган) статистикаси бундан анча яхши бўлиши мумкин эди, аммо Кантона 31 ёшида бутсиларини михга илишга қарор қилади. Бу ҳамма, жумладан, Алекс Фергюсон учун ҳам учун кутилмаган қарор бўлади. Эрикнинг ўзи бунга ўйинга бўлган иштиёқни йўқотганини сабаб қилиб кўрсатган. Футболдан кейин Кантона ўзини кинода топди — у ҳозирда 30 дан ортиқ роллари билан мақтана олади.

Дэвид Бекҳэм, 47 ёш

Фото: Getty Images

1997 йилда Эрик Кантона кетганидан сўнг айнан Бекҳэм «Манчестер Юнайтед» етакчиси вазифасини ўз зиммасига олади. Дэвиднинг ўзига хос хусусияти мукаммал даражага яқин бўлган жарима зарбалари ва бурчак тўплари эди. «Манчестер Юнайтед»нинг кўплаб футболчилари сингари Бекҳэм ҳам мураббийлик соҳасида ўзини синаб кўрди. Бироқ тажрибани муваффақиятли деб аташ мушкул. «Мураббийлар ўз ишидан қандай завқ олишларини тушунмайман», — деб тан олганди Дэвид Англия жамоасида икки ойлик меҳнатдан сўнг. У ерда у Фабио Капеллога ёрдам берганди. Ҳозирда Бекҳэм АҚШнинг «Интер Майами» клубини бошқармоқда, фақат президент сифатида.

Петер Шмейхель, 58 ёш

Фото: Getty Images

Даниялик дарвозабон 1999 йилнинг ёзида Чемпионлар Лигасидаги ғалабадан сўнг дарҳол «Манчестер Юнайтед»ни тарк этади. Шунингдек, клубдаги 8 йил давомида Шмейхель беш марта Премьер Лига чемпионлиги ва бир нечта бор мамлакат кубогини қўлга киритган. Петер Дания ва Британия телевидениесида ишлаган. Ҳозирда у «қизиллар»нинг элчиси ҳисобланади.

Стив Брюс, 61 ёш

Фото: Getty Images

Брюс ҳимоя марказида ўйнаганига қарамай, жуда кўп гол уришга муваффақ бўлган. Стивнинг ҳисобида 238 та ўйин ва 27 та гол бор — бу ҳимоячилар орасида Денис Ирвиндан кейин (30 та гол) иккинчи энг яхши натижа. Брюснинг мураббийлик фаолияти 11 та клубни қамраб олган, энг катта муваффақияти «Ҳалл Сити»га тўғри келади. «Йўлбарслар» 2013 йилда Англия Кубоги финалига қадар етиб бориб, «Арсенал»га қўшимча бўлимларда имкониятни бой бериб қўйган (2:3). Ҳозирда Стив «Вест Бромвич»ни бошқармоқда.

Марк Хьюз, 58 ёш

Фото: Getty Images

Уэльслик футболчи 1980—1990 йилларда «Манчестер Юнайтед», «Барселона» ва «Бавария»да ўйнаган. Хьюз 247 ўйинда 88 гол уриб, «Манчестер Юнайтед» тўпурарлари рўйхатида 11-ўринни эгаллаб турибди. Бундан ташқари, Марк икки марта Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган биринчи ўйинчи бўлган (1989, 1991). Кейинчалик бу натижани Алан Ширер, Тьерри Анри, Криштиану Роналду ва Гарет Бэйл такрорлаган. Фаолиятининг охирида Хьюз Уэльс терма жамоаси ва кўплаб АПЛ клубларига устозлик қилган. 2018 йилдан бери эса ишсиз.

Сер Алекс Фергюсон, 80 ёш

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед»нинг асосий юлдузи мураббий бўлиб қолаверади. Алекс Фергюсон — клуб тарихидаги энг муваффақиятли мураббий; у жамоани бошқарган 26 йил давомида манкунианликлар 38 та соврин қўлга киритган. 2013 йилда Фергюсон жамоадан кетганидан бери «Манчестер Юнайтед» Англия чемпиони бўла олгани йўқ. Ҳозир сер Алекс нафақада, шу билан бирга ўзининг қадрдон «Манчестер Юнайтед»ини ҳам унутгани йўқ, уни тез-тез «Олд Траффорд» трибуналарида кўриш мумкин. Стадион олдида эса шотландиялик мутахассиснинг хизматларига шарафига унинг ҳайкали ўрнатилган.