Тўрт йил олдин аукцион орқали 70 миллион долларга сотилган 1962 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 250 GТ бугунги кунга қадар дунёдаги энг қиммат автомобиль ҳисобланар эди. Motorious нашрининг ёзишича, Mercedes-Benz компанияси яширин хайрия аукционида 1956 йилги 300 SLR Uhlenhaut Coupe ноёб спорткарини сотган. Миш-мишларга кўра, эксклюзив модель 136,8 миллион долларга янги эгасини топган.

Фото: Hagerty Insider

Daimler-Benz қаттиқ томли 300 SLR пойга купесини 1956 йилги мавсум учун махсус ишлаб чиқарган. Бироқ компания автоспортдан кетгани сабаб, немис спорткари бирорта мусобақада иштирок этмаган. Бу каби қарорни фирма 1955 йилнинг 11 июнида бўлиб ўтган Ле-Мандаги 24 соатли пойгадан сўнг қабул қилган. Пойга вақтида содир бўлган мудҳиш авария оқибатида пойгачи Пьер Буйлен, шунингдек, 83 нафар томошабин ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 180 киши турли тан жароҳатларини олган.

Фото: Hagerty Insider

Немислар пойгадан вақтинча кетганига қарамай, ўша вақтда иккита 300 SLR спорткупесини тайёрлашга улгурган. Автомобильлардан бирини марканинг синов бўлими раҳбари Рудолф Уленхаут ўзига олиб кетган бўлиб, ноёб моделдан хизмат машинаси сифатида фойдаланган.

Фото: Hagerty Insider

Фото: Hagerty Insider

Ўша вақтларда SLR Uhlenhaut Coupe соатига 290 километр тезликда ҳаракатланиб, дунёдаги энг тезкор йўл автомобилига айланган. Mercedes-Benz вакиллари бир неча бор ноёб спорткар ҳеч қачон сотилмаслигини таъкидлаб келган.

Фото: Hagerty Insider

Миш-мишларга кўра, савдо барибир амалга ошган. Манбанинг қайд этишича, эксклюзив пойга машинаси учун 136,8 миллион доллар тўлашган.

Фото: Hagerty Insider

Бундан олдин Brabus компанияси Mercedes-Maybach GLS 600 нинг оригиналидан уч баробар қиммат версиясини тақдим этгани, Sotheby’s аукциони орқали 10 йиллик ноёб Lexus спорткари 1 млн долларга сотилиши тўғрисида хабар берилганди.