Кўплаб ўзбекистонлик аёл-қизлар ўз мутахассисликлари доирасида дунё таниган компанияларда ишлаб, мамлакат номини ижобий маънода танилишига ҳисса қўшмоқда.

Улардан бири Америкадаги Wellington Management халқаро компанияси мутахассиси бўлса, бошқаси минтақа бўйлаб фақат Ўзбекистонда фаолияти йўлга қўйилган Венчур фондининг ягона аёл ишчиси. Яна бири эса келажакда яратилувчи технологияларнинг мақсадли ишлашини таъминлаш учун Япония, Италия ва Швейцария институтларида илмий иш ва ўрганишлар олиб борган.

Навбатдаги қаҳрамонимиз — Франциянинг Париж шаҳрида яшаб, Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида онлайн фаолият юритадиган 24 ёшли Севара Хосиятқулова. «Дарё» мутахассис билан аёлларнинг жамият, сиёсат ва бошқарувдаги ўрни ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Коллаж / «Дарё»

Европа компаниялари кадр танлашда кўпроқ аёлларни маъқул топади

«Европадаги компанияларда хотин-қизларнинг ўрни бошқача. Улар, асосан, аёлларни ишга олишни ёқтиради. Аёллар самаралироқ ишлашига, кўпроқ яхши натижаларга ва муваффақиятларга эришишига ишонилади» — дейди Германиянинг Henkel — маиший кимё саноати компанияси маркетологи Севара Хосиятқулова.

Мамлакатдаги аёл-қизларнинг ўқиб-ўрганишга интилувчанлиги маҳаллий нашрлар берган маълумотларда ҳам акс этади:

Германиядаги аёллар ўта ўқимишли бўлади: ўрта мактаб битирувчиларининг ярмидан кўпроқ қисмини, университетни тамомлаганларнинг 50 фоизини, докторантларнинг эса деярли 45 фоизини аёллар ташкил этади.

Мамлакат аёлларининг ўқиш даврида қилган фаолликлари, кейинчалик барча соҳада ўз самарасини кўрсатган. Масалан, 2021 йил бўлиб ўтган сайловлардан сўнг мамлакатда Германия социал демократик партияси ҳамда Эркин демократик партия аъзоларидан ташкил топган янги ҳукумат таркиби юзага келди.

Энди мамлакат ҳукуматининг 50 фоизини аёллар ташкил этади. Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг раҳбарлик лавозимлари шу жинс вакилларига юклатилган.

Фото: «rbc.ru»

Шунингдек, Таълим вазирлиги, Атроф-муҳит вазирлиги ҳамда Оила ишлари бўйича вазирликларга ҳам аёллар раҳбарлик қилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги ва Қурилиш вазири лавозимларига ҳам аёллар тайинланган.

Аннелина Бербок — Федерал Республика тарихида ташқи ишлар вазири лавозимидаги илк аёл саналади.

Шу тариқа, янги ҳукуматида саккиз нафар аёл ва саккиз нафар эркак вазир фаолият юритмоқда.

Германия ҳукуматини 2021 йил амалдаги канцлер Олаф Шольцга қадар 16 йил давомида бошқарган Ангела Меркель эса 2005 йилда мамлакат тарихидаги илк аёл ва энг ёш канцлер сифатида эътироф этилган.

Фото: Deutsche Welle

Раҳбариятга энди келганларнинг самараси кейинроқ билинар, аммо Германия собиқ канцлер Ангела Меркель даврида қандай натижаларга эришгани-ю, бошқа мамлакатлар учун намуна даражасига етгани барчага маълум.

Аёллар иқтисодиётда

«Deutschland.de» нашрининг 2022 йил март ойидаги маълумотларига кўра, аёллар бошқарувчи, олим, ва мутахассисликдан ташқари, Германия иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Мамлакат статистик қўмитасининг маълумотларига кўра, Европа иттифоқидаги давлатлар билан таққослаганда Германия аёллар бандлиги бўйича учинчи ўринда туради.

2019 йилда 20 дан 64 ёшгача бўлган аёлларнинг 76,6 фоизи ҳақ тўланадиган иш жойларида ишлаётган вақт, эркакларнинг бандлик даражаси 84 фоизни ташкил этган.

Бошқарувчи лавозимидаги аёллар

Германия иқтисодиёт ва энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, бошқарувчи лавозимларда кўпроқ (88,4 фоиз) эркаклар фаолият юритади.

Бироқ 2022 йилда 160 нафар компания бошқарув кенгашининг аёл аъзолари сони бир йилда 20 тага кўпайиб, 94 нафар топ менежерни ташкил этди.

2016 йилнинг бошидан Германияда 30 фоизлик гендер квоталари жорий этилган. Унга кўра, юзга яқин йирик компанияларнинг кузатув кенгашида аёллар учун вакант лавозимлар яратилган.

2017 йил рақамли технологиялар бўйича эксперт Френси Кюне Германия кузатув кенгашининг энг ёш аъзоси сифатида эътироф этилган.

Хориж амалиёти кўп соҳада ўз самарасини бериб келмоқда. Ўзбекистон ҳам аёл-қизлар таълими борасида ҳам Германиядан ўрнак олиб, янада кўпроқ ва жиддийроқ эътибор қаратадиган бўлса, ажаб эмаски, бу тез орада ўз ижобий натижасини кўрсатади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ёшлигидан билимга чанқоқ Севара ҳам болаликда отасининг маркетингга оид китобини ўқийвериб, соҳага муҳаббат қўйган.

Атрофидаги бошқа қизлар ўйин-кулги, балки уйнинг тугалмас ишларига шўнғиб кетган бир вақтда, у Ўзбекистондаги Вестминстер, Германиядаги Майнц университетларида бакалавр ва магистратура босқичларини, қўшимча билимга эга бўлиш учун Франциядаги иқтисодиёт мактабида ҳам таълим олган.

Ҳозир эса Дюссельдорф шаҳридаги Henkel компаниясида маркетолог бўлиб ишлайди. Унинг эндиги асосий мақсади — халқаро тажрибалар асосида ўз брендини яратишдир.

Ўзбекистондаги Халқаро Вестминстер университетида бакалавр босқичини ўқиётган вақтимдан Германияга келгунимга қадар маркетинг соҳасида олти йил ишладим. Кейинчалик энг машҳур DААD грантига ҳужжат топширдим ва муваффақиятли ўтиб, магистратура босқичини Германияда бошладим, — дейди мутахассис.

DААD (Deutscher Akademischer Austaschdients) — Германия академик алмашинув бирлашмаси бўлиб, у ҳар йили Германия ОТМларида магистратура босқичини ўқиш учун бир талабага (йилига) 1000 еврогача стипендия ажратади.

Унинг сўзларига кўра, Европа таълим муассасаларида ўқиш орқали у немис ва француз таълим тизимининг ҳар хиллигини ўрганиш ҳамда таққослаш имкониятига эга бўлган.

Фото: Севара Хосиятқулованинг шахсий архивидан

Ишга кириш жараёнлари Севарага унчалик қийинчилик туғдирмаган. Компания, мутахассисдаги қирралар айнан улар излаётган иш ўрнига жуда мос эканини таъкидлаган.

«Henkel’га ишга кириш учун аризани компаниянинг веб-сайти орқали топширганман. Кейин интервью бўлган ва бироздан сўнг телефон орқали ишга қабул қилинганимни маълум қилиб, Job offer — ишга таклиф хатини юборишган», — дейди компания маркетологи.

Фото: Севара Хосиятқулованинг шахсий архивидан

Чет элдаги энг асосий қийинчилик бу — соғинч. Бироқ ортга қайтиш ҳақида ўйламаганман

Ўзбекистондан узоқдалигимга бир неча йил бўлди. Чет элдаги энг асосий қийинчилик бу — соғинч. Оила аъзоларим, гўзал табиатимиз ва мазали таомларимизни жуда кўп соғинаман. Бироқ ортга қайтиш ҳақида ўйламаганман, чунки бу ерга ўқишимни муваффақиятли якунига етказиш кераклигини била туриб келганман.

Қийинчиликлар маконни ўзгартириш билан йўқ бўлиб қолмайди. Эътиборни асосий мақсадга қаратиб, унга етиш учун керак бўлган барча босқичлардан ўтиш керак деб биламан.

Фото: Севара Хосиятқулованинг шахсий архивидан

Ўзбекистондаги маҳаллий компаниялар мурожаат қилса, маслаҳатимни аямайман

«Ўзим узоқда бўлсам-да, Ўзбекистондаги компаниялар билан доимий алоқадаман. Ўзбекистон бозори мен учун ҳамиша қизиқ бўлган.

Фото: Севара Хосиятқулованинг шахсий архивидан

У ердаги мутахассислар мен билан тез-тез боғланиб туришади. Мамлакат ривожи учун мен ҳам улардан маслаҳатимни аямайман. Бу алоқалар келажакда ҳам йўқолмайди», — дейди Henkel компаниясининг маркетологи.

Менинг ўқиб, изланганларим, билим кетидан узоқ юртларда бўлганим зое кетмаётганини ҳамда фикрим ўзим фаолият юритаётган Германия компаниясидан ташқари, бошқаларга ҳам муҳим ва қизиқ эканини билиш — менга янада куч беради.

Келажак — IТ ва маркетинг соҳалари қўлида

Маркетинг — ўйлаганимиздан анча муҳимроқ соҳа. Умуман, келажак — IТ ва маркетинг соҳалари қўлида деб ўйлайман, чунки ҳар қандай маҳсулот ёки хизматни сота билиш ва кучли бренд қуриш, танитиш учун маркетинг соҳаси жуда зарур.

Нега энг замонавий ва кучли — luxury брендларнинг барчаси чет элда яратилади? 

Жаҳон талабларига мос, энг таниқли машиналар Германияда, энг машҳур luxury брендлар эса Францияда яратилади.

Фото: «str2.ru»

Брендлар бўйича рўйхатга қаралганда ҳам илк юзталик ўринларни Франция эгаллайди.

Халқаро стандартлар бўйича энг кучли брендлар — luxury brands дейилади.

Нега? Чунки бу давлатлар, албатта, энг аввало сифат жиҳатидан мукаммалликка интилади. Кейинги ўринда эса маркетинг қилишни, бренд яратишни яхши билади.

Маҳсулот қанчалик сифатли ва кучли бўлмасин, агар компания бренд яратишни, маркетинг қилишни билмаса, у маҳсулот ҳақида ҳеч ким билолмайди ёки етарли маълумотга эга бўлолмайди.

Демак, маҳсулот яратиш билан биргаликда, жуда муҳим бўлган вазифа — бренд ярата олишдир. Шунинг учун ҳар бир давлат, ҳар бир корхона бу нарсага катта эътибор қаратиши керак.

Фото: Севара Хосиятқулованинг шахсий архивидан

Ўғил боланинг ўқитилиши — бир кишига, қиз боланинг ўқитилиши эса бутун жамиятга таълим бериш билан тенг

Ўйлашимча, аёлларнинг таълим олишига ҳамиша катта эътибор қаратиш зарур. Бир эркак кишини ўқитсак, бир кишига таълим берган бўламиз. Бир аёлни, қиз болани ўқитсак — бутун жамиятни ўқитган бўламиз.

Аёллар ўз орзуларига, кучига ва билимига ишониб, орзу орзулигича қолмаслиги учун унинг масъулиятини ҳам ўз бўйниларига олишлари керак.

Асл мақсад аёл-эркак деб ажратиш эмас, ҳеч бўлмаганда имкониятларни тенг тақсимланишига туртки бўлишдир. Шундай экан, фарзанд қайси жинс вакили бўлмасин, унинг шахс сифатида ўсиб, ривожланиши учун имкон бериш, керак бўлганида эса қўллаб-қувватлаш — келажагимиз учун муҳим қадам саналади.