Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 14 май, шанба

Дастлаб қишлоқ хўжалигидаги вазият ҳақида — Андижоннинг Марҳамат тумани Қирғизистоннинг Аравани орқали келадиган сувдан ичади, аммо «Араван Бури райони қора экинларни суғоргани ҳолда, Марҳамат районига сув беришда тўсқинчилик қилаётир». «Ҳозирданоқ Ўрта Осиё сув идоралари орасида бу масалани бир ёқли қилиб бермасалар, Марҳамат районининг суғоришда қийналиши турган гап», — дейилади «Сув дастлаб пахтага. Районлар орасида сув тақсимоти тартибга солинсин» сарлавҳали хабарда.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

Пахта ва бошқа экинлар экиб бўлингач, нафақат сув, балки чигиртка ҳам асосий мавзуга айланган. Каттақўрғон тумани 5 май куни пахта экишни тамомлаган, «бироқ зарарли ҳашаротлар ва чигиртка билан кураш кўнгилдагидек эмас». Чигирткага қарши курашиши керак бўлган идора «мудири Мелшинковдан чигиртка хавфи тўғрисида сўралганда, ‘Мен билмасам, сизлар биласизлар’ деб, ишга оппортунистларча қарамоқда», — дейилади «Қанотли душманнинг тухуми қурисин» хабарида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

Ўзбекистонда пичан ўриш кампанияси бошланган, лекин «Конимех районида... пичан ўриш станцияси пичанзорларни ўз кўзидан ўтказиб, планни ҳақиқий равишда тузиш ўрнига кабинетда туриб иш қилди». «Пичан кабинетда ўрилмайди» сарлавҳали материалда такъидланишича, «пичан ўриш станцияси ўзининг бошқа ишларига ҳам совуқ қараб келмоқда». Маълум бўлишича, туманга Тошкентдан 33 та пичан ўриш машинаси юборилган, аммо бу машиналар вақтида кутиб олинмагани боис Кармана станциясида қолиб кетган, энди бу машиналарни темир йўл станциясидан «ажратиб олиш учун 3 минг сўм сақлаш ҳақи тўлаш лозим».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» ва «Узбекистанская правда» газеталари фуқаро аэропланлари (оддий тил билан айтганда — самолётлари) қуриш учун Граждан ҳаво флоти бош бошқармасига пул йиғиб берган. Энди шу бош бошқарма раҳбарининг маълум қилишича, «шу йил кузидаёқ Тошкентга газеталар қолипларини ташув учун ‘Қизил Ўзбекистон’ ва ‘Узбекистанская правда’ номида икки аэроплан юборилажак».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

Хорижда нима гап? Францияда россиялик муҳожир томонидан отиб ташланган президент ўрнига янги президент сайланди — мамлакатга энди Албер Лебрен раҳбарлик қилади (у 1940 йил июлига қадар, гитлерчилар билан келишган Виши режими ҳокимият тепасига келгунига қадар Франция президенти бўлиб қолади).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

Япония АҚШга қарши пропагандани кучайтирмоқда. Япон ҳарбий журналисти Хиротанинг ёзишича, «Шимолий Америка Қўшма Жумҳуриятларининг Осиё эскадрасида 55 уруш кемаси бўлиб, ‘Ҳьюстон’ кемасини ҳисобга олмаганда, нуқул эскирган кемалардан иборатдир». «1932 йили Узоқ Шарқ сувларида мутлақ устунлик япон флотига тегишлидир. ШАҚЖ флоти япон флоти билан олишган тақдирда енгилажак», — деб япон журналисти (ўзини эплай олмай қолган, ўзига ўзи маҳлиё босқинчи давлатларга хос нуқтаи назар, шундай эмасми?).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон»нинг сўнгги саҳифасида «Мухбирлар жонига чангал» сарлавҳаси остида «бадриддиновчилар суди»нинг янги тафсилотлари берилган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 май сонидан лавҳа

60 йил аввал. 14 май, душанба

1962 йил 14 май куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

30 йил аввал. 14 май, пайшанба

15 май куни Тошкентда МДҲ давлат ва ҳукумат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувига мезбонлик қилади, шу муносабат билан газеталарда ушбу тадбирга бағишланган турли хабар ва мақолалар берилган. Тошкент сиёсатшунослик ва бошқарув институти кафедра мудири Қодир Олимовнинг «Тошкент оқшоми» газетасида босилган «Тошкент руҳига ишонамиз» сарлавҳали мақоласида ёзишича, «ҳозир Тожикистон ва Афғонистондаги вазият барчани ташвишлантирмоқда, бундан ташқари, Қрим ва Тоғли Қорабоғ муаммоларини ечишнинг ҳам вақти келди. Шунинг учун бу муаммолар хусусида амалий музокаралар бўлиши шубҳасиз».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Айни вақтда, сўнгги хабарларга қараганда, «Тожикистон раҳбарияти билан оппозиция ўртасида сиёсий муросага келинган» (аммо бу келишув узоқ давом этмайди — июнда қуролли тўқнашувлар бошланиб, фуқаролар уруши 1997 йил ёзига қадар чўзилади).

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

СССР парчаланиб, республикалар мустақиллик эълон қилган бўлса-да, армия масаласида ҳали муаммолар бор — иттифоқ парчалангунича армияга чақирилганларнинг бир қисми бошқа республикаларда хизматда қолиб кетган. «Халқ сўзи»да эълон қилинган материалларга қараганда, «ўзбекистонлик айрим аскар болаларнинг ҳарбий хизмат қисмларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши» ҳолатлари кўпайиб кетган. Бундай ҳолатлар «жумҳуриятнинг шаъни ва обрўсини ерга ураётгани» таъкидланган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Вазирлар Маҳкамаси 1992 йилда Ўзбекистонда халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Нега бирдан бу ҳақда бош қотириб қолинди? Чунки 1992 йилнинг биринчи чорагида «Россиядан музлатгичлар, электр чанг ютгичлар, кир ювиш машиналари, радиоприёмниклар, магнитофонлар, қийма чиқарувчи, тикув машиналари, миксерлар ва бошқа буюмлар мутлақо келгани йўқ... Украинадан болалар велосипедлари ва аравачалари, кийим ва триктоаж маҳсулотлари, пойабзал, Қозоғистондан мўйнадан тайёрланган кийим-кечак, кир ювиш машиналари, синтетик порошоклар ва бошқа маҳсулотлар ҳам биринчи кварталда келмади».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Шу сабабли йиғилишда Ўзбекистон корхоналари халқ истеъмоли молларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириши кераклиги таъкидланган, «ахир Ўзбекистон электрон ҳисоблаш машиналаридан тортиб то улкан ҳаво лайнерларигача ишлаб чиқариш қудратига эга».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Наманган ва Тошкент вилоятларида юк машиналари 6—7 ёшлардаги болаларни уриб кетган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Когонда эса уй портлаши оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси — ота-она ҳамда уларнинг 4 ва 5 ёшлардаги икки ўғли ёниб кетиб, ҳалок бўлган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Россиянинг «Майак» радиостанцияси томонидан тарқатилган «Тошкент трамвай ва троллейбус ҳайдовчилари иш ташламоқчи» деган мазмунда берилган хабарга раддия:

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Жиззахдаги Совот қишлоғида янги масжид қурилиб фойдаланишга топширилган, унинг очилишида, жумладан, Моварауннаҳр мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам қатнашган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди