15 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш учун ариза беришга қарор қилгани ҳақида эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: EADaily

Финляндия ҳукумати маълум қилишича, мамлакатнинг НАТОга қўшилиши ҳақида маъруза қабул қилинган. Швеция Социал-демократик ишчилар партияси эса мамлакат Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиш учун ариза бериши устида ишлашини маълум қилди.

Мамлакатлар шу ҳафтаёқ НАТОга қўшилишга ариза бериши кутилмоқда. Агар улар бир кунда ариза беришга эришса, улар буни шунчалик кам вақт фарқи билан амалга оширади.

15 май куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс ўтиш даврида вақтинчалик Финляндия ва Швециядаги ҳарбий иштирокини кучайтириши мумкинлигини маълум қилди.

Bloomberg маълумотларига кўра, НАТО ўзининг янги стратегик концепциясида Россиянинг хатти-ҳаракатларини «тўғридан-тўғри хавф» деб белгиламоқчи.

Концепциянинг 2010 йилда қабул қилинган аввалги версиясида Россия шерик сифатида тилга олинган, аммо янги версияда бу таъриф олиб ташланади. Агентлик манбаси қайд этишича, агар Москванинг ўзини тутиши ўзгарса, НАТО Россия билан алоқаларини қайта тиклашга тайёр бўлади.

НАТОнинг стратегик концепцияси альянснинг яқин йилларга мўлжалланган приоритетларини белгилаб беради, у июнь охирида Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида тасдиқланиши кутилмоқда.

Тайёрланаётган ҳужжатда, шу жумладан, Россияга яқин жойлашган заиф мамлакатларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Хитой ва Россия муносабатлари масалалари кўтарилади.

Аввалроқ Финляндия президенти Саули Ниинистё мамлакат келаси бир неча кун ичида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришини шахсан маълум қилиш учун Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилган эди. Кейинроқ Ниинистё ҳамкасби билан бўлган суҳбат совуққонлик билан кечганини маълум қилди. «Умуман олганда, муҳокама жуда хотиржам ва совуққон руҳда ўтди, у буни шунчалик хотиржамлик билан қабул қилгани мени ҳайрон қолдирди», — дея баҳо берди Финляндия президенти. Шу билан бирга, у Россия ҳукумати берган ҳар қандай баёнотларга қарамай, диққатли ва эҳтиёткор бўлиш керак, деб қўшимча қилди.

Финляндиянинг альянсдаги элчиси Клаус Корхонен мамлакатнинг НАТОга қўшилиш учун ариза бериши Украина атрофидаги вазият туфайли хавфсизлик соҳасида юзага келган ўзгаришлар билан изоҳланиши, аммо Хелсинки Россия томонидан ҳарбий хавфни кўрмаётганини айтганди. Швеция ҳукумати ҳам НАТОга аъзо бўлиш Россияга қарши қаратилмаганини маълум қилди. «Швециянинг НАТОга қўшилиш ҳақида ариза бериш қарори мамлакатни хавфдан сақлаш мақсадида қабул қилинди, — деди Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде. — Бу қарор Россияга қарши қаратилмаган».