Тарихда ҳам бугунги кундаги каби кўплаб бадавлат инсонлар ўтган. Кимдир туғма тадбиркорлик қобилияти, дунёга янги нарса бера олгани ортидан миллиардларга эга чиққан бўлса, яна кимдир ҳукмронлик ва ҳарбий юришлар орқали бойиган. Қуйида тарихдаги энг бой инсонлар ҳақида сўз боради.

Корнелиус Вандербильт

Фото: Getty Images

Корнелиус Вандербильт

Америкалик тадбиркор 1794 йил 27 майда камбағал фермер ва қайиқчи оиласида туғилган. У 11 ёшида мактабни ташлаб, паромда ишлай бошлаган. Вандербильт 16 ёшидаёқ ўзининг иккита елканли юк кемасига эга бўлгани ҳақида гаплар юради.

У 18 ёшида 1812 йилги Англия—Америка уруши вақтида армияни керакли асбоб-анжомлар билан таъминлаб бериш учун Қўшма Штатлар ҳукумати билан шартнома тузади. Уруш охирлаган пайтда у кемасозлик илмини ўзлаштириб, шахсий қайиқлар флотига ва 10 минг доллар айланма маблағга эга эди. Кейинги ўн йил ичида Вандербильт ўзининг ҳашаматли кемалари ва арзон нархлари эвазига Гудзон дарёси бўйлаб монополия ўрнатади.

У ўзининг транспорт компаниясини Нью-Йорк, Провиденс ва Бостонгача кенгайтиради. 1846 йилда Корнелиус Вандербилт миллионерга айланади, 1863 йилда эса Нью-Йорк ва Гарлем темир йўлларига эгалик қилади. У кейинчалик Нью-Йорк марказий темир йўлини бутунлай сотиб олиб, Нью-Йорк ва Чикаго ўртасида биринчи темир йўл қатновини йўлга қўяди.

Вандербилт 1887 йили 83 ёшида вафот этган. Бугунги кунда унинг бойлиги сал кам 165 миллиард долларни ташкил қилган бўларди.

Василий II

Василий II сурати туширилган танга

Фото: Getty Images

Василий II 49 йил давомида Византия императори бўлган. У милоддан аввалги 976 йилда ҳокимият тепасига келгач, ҳукмронлик доирасини мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам кенгайтиришга бел боғлайди.

Император Кичик Осиё бўйлаб ёппасига қўшинлар юборади ва Византия ҳудудини беш асрлик тарихдаги энг катта ҳажмга кенгайтиради. Бойлиги бугунги қиймат билан ҳисоблаганда 168 миллиард доллардан ошганига қарамай, унинг меросхўри йўқ эди. Василий II вафот этганидан сўнг ярим аср ичида Византия империяси қулайди.

Марк Лициний Красс

Марк Лициний Красс

Фото: Wikipedia

Генерал ва сиёсатчи Марк Лициний Красс нафақат Рим республикасини Рим империясига айлантирган, балки умри давомида жуда катта бойлик тўплаган. Марк болалигидан аристократ сифатида тарбияланган. Кейинчалик у Сулла ва Рим ўртасидаги иттифоқни таъминлаган марҳум укасининг хотинига уйланади. Айнан ўша вақтларда Красс бойий бошлаганди.

У Сулла фуқароларининг уй-жой ва мулкларини арзонга сотиб олиб, кейин қиммат нархга қайта сотарди. У, шунингдек, қул савдоси билан шуғулланган ва оиласига қарашли кумуш конларини назорат қилган. Умрининг охирида, милоддан аввалги 53 йилда, Красс бугунги қийматда деярли 170 миллиард доллар сармоя эгасига айланганди.

Генри Форд

Генри Форд

Фото: Getty Images

Америка тарихидаги энг йирик саноатчи сифатида танилган Генри Форд 1863 йил 30 июлда АҚШнинг Мичиган штатида туғилган. У автомобилсозликни тубдан янгилаб, саноат инқилобини амалга оширади.

Генри Форд болалигидан механикага қизиққан. 13 ёшдалигида отаси чўнтак соати совға қилади. Қизиқувчан болакай соатни майда қисмларга ажратиб, қайтадан йиғади.

Форд 16 ёшида Детройтдаги механикка шогирд тушиб, буғ двигателларини созлаш ва бухгалтерия ишларини ўрганади. 1891 йилда Edison Electric компанияси уни муҳандисликка ишга таклиф қилади. Форд икки йил ичида ушбу компаниянинг бош муҳандисига айланади.

Генри Форд 1896 йилда отсиз ҳаракатланувчи автомобиль чизмасини тугатади ва Ford Motor компаниясига асос солиб, тез орада машҳур «Model Т»ни дунёга танитади. Генри Форд 1947 йил 7 апрелда миядан қон кетиши туфайли вафот этган. Унинг бойлиги ҳозирги ҳисобда, тахминан, 186 миллиард долларни ташкил этади.

Эндрю Меллон

Эндрю Меллон

Фото: Getty Images

Эндрю Меллон тадбиркор, банкир, саноатчи, хайриячи, санъат асарлари коллекциячиси ва АҚШ молия вазири бўлган.

Меллон 1855 йил 24 мартда Пицбургда туғилган. У 20 ёшида отасининг T. Mellon & Sons bank фирмасида ишлай бошлайди ва 1882 йилда фирманинг тўлиқ эгасига айланади.

Компания ҳажми ва даромади бўйича барқарор ўсишда давом этиб, йирик корпорацияларни капитал билан таъминлаш даражасига етади. 1920 йиллар бошига келиб, Меллон ҳозирги қийматда 188 миллиард долларга эгалик қилиб, Қўшма Штатлардаги энг бой одамлардан бирига айланганди.

Усмон Али Хон

Усмон Али Хон

Фото: Wikipedia

Усмон Али Хон 1886 йил 6 апрелда Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатида туғилган. 1911 йилда у отасининг ўрнига Ҳайдаробод князлигининг низоми (ҳукмдори) лавозимини эгаллайди. Усмон 37 йил ҳукмронлик даврида ўз мамлакати учун катта ишларни амалга ошириб, электр энергетикаси, темир йўл, автомобиль йўллари, ҳаво қатнови ва ирригация тизимларини ривожлантиришга ҳисса қўшган.

У таълим муассасаларига катта миқдорда пул ажратади. Усмон Али Хон вафот этаётган вақтда еттита хотини, 42 нафар канизаклари ва ҳозирги ҳисобда 230 миллиард долларга яқин бойлиги бўлган.

Уильям Генри Вандербильт

Уильям Генри Вандербильт

Фото: Getty Images

Уильям Генри Вандербильт 1821 йил 8 майда Нью-Жерси штатида туғилган. У дунёдаги энг кучли саноатчилардан бири Корнелиус Вандербильтнинг 13 нафар фарзандидан бири бўлган. Отаси уни молиявий масалаларда қобилиятсиз санаб, Стейтен оролидаги фермага юборади. Уильям эса ферма даромадини бирдан ошириб юборади ва бу ҳаракати отасининг эътиборидан четда қолмайди. 1840 йилларда отаси уни Long Island Rail Road темир йўл бизнесини қайта ташкил этишга юборади.

Уильям зарарга кирган бизнесни яна гуллатиб юборади. 1887 йил Корнелиус Вандербильт вафот этиб, Уильям унинг компаниясини эгаллайди. Отасининг ўлимидан саккиз йил ўтгач, Уильям Вандербильтнинг ўзи ҳам вафот этган. У компания президенти сифатидаги қисқа фаолияти давомида оиласининг бойлигини икки баравар ошириб, 100 миллион доллардан 200 миллион долларга етказади.

Бугунги кунда Вандербильт бойлиги 239 миллиард долларга баҳоланган бўларди.

Николай II

Николай II

Фото: Getty Images

Россиянинг сўнгги императори Николай II 1868 йил 6 майда туғилган. Николайнинг отаси 1894 йилда вафот этиб, ўрнига ўзи тахтга ўтиради.

1917 йилда Февраль инқилоби юз бериб, Николай ҳокимиятдан ағдарилади ва большевиклар унинг бутун оиласини отиб ташлайди. Ўлимидан олдин монархнинг бойлиги, тахминан, 900 миллион долларни ташкил этган. Бу ҳозирги қиймат билан ҳисоблаганда 300 миллиард долларга тенг.

Эндрю Карнеги

Эндрю Карнеги

Фото: Getty Images

Машҳур саноатчи ва пўлат магнати Эндрю Карнеги XIX асрнинг энг бадавлат тадбиркорларидан бири эди. У 1835 йил 25 ноябрда Шотландиянинг Данфермлайн шаҳрида туғилган. Эндрюнинг оиласи 1848 йилда Америкага кўчиб, Пенсильванияга жойлашади. 1853 йилда Карнеги Пенсильвания темир йўлига телеграф оператори бўлиб ишга жойлашади, кейинроқ эса компания менежери Томас Скоттнинг ёрдамчиси вазифасини ўтай бошлайди.

Карнеги бу фаолияти давомида саноат ва бизнес борасида катта тажриба йиғади. 1865 йилда у темир йўл бизнесини тарк этиб, бошқа соҳаларга эътибор қаратади. Тадбиркор 1889 йилда дунёдаги энг йирик ишлаб чиқариш компанияси Carnegie Steel Corporation’га асос солган. У 1901 йилда ўз бизнесини United States Steel Corporation’га 200 миллион доллардан кўпроққа пуллаган. Бу бугунги бозорда, тахминан, 310 миллиард долларга тенг.

Жон Дэвисон Рокфеллер

Жон Д. Рокфеллер

Фото: Getty Images

Нефть магнати 1839 йилда АҚШда туғилган. У нафақат Standard Oil Company асосчиси, балки дунёнинг энг бадавлат одамларидан бири эди.

Рокфеллер 16 ёшида Hewitt & Tuttle компаниясида ҳисобчи сифатида иш бошлайди, 20 ёшида эса ўзининг бизнес ҳамкори билан савдо ишларини йўлга қўяди. У пичан, гўшт, дон ва бошқа маҳсулотларни сотиб, биринчи йили 450 минг доллар ишлаб топган. 1863 йилда бўлажак магнат нефтни қайта ишловчи биринчи заводни ишга туширади, 1868 йилда эса у дунёнинг энг йирик заводига айланади.

Рокфеллер 1870 йилда асос солган Standard Oil компанияси тезда ривожланиб кетади. 1937 йили у вафот этганида активлари Америка умумий иқтисодий маҳсулотининг 1,5 фоизини ташкил қилган. Бугунги кунда бу, тахминан, 340 миллиард долларга тенг бўларди.