Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

Олд планда, ўнгдан: Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулҳошим Муталов; орқа планда, ўнгдан: Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Исмоил Жўрабеков ва мудофаа ишлари вазири Рустам Аҳмедов. 1992 йил 15 май, МДҲнинг Тошкент саммити.

Фото: V.Молгачев / «Ўзбекистон овози»

90 йил аввал. 16 май, душанба

Бундан 90 йил аввал кўзбўямачи масъулларга қарши қандай чоралар кўрилган? «Ёлғон маълумот бериб, экиш сифатини, яъни партия директивини бузгани учун Бўка участкасининг масъул вакили Ортиқбоев маориф вакили ишидан бўшатилиб, ўзи қамоққа олинди. Шу айб билан Оққўрғон партия ячейка котиби Тошқодиров партиядан ҳайдалиб, иши прокурорга берилди», — дейилади «Қизил Ўзбекистон»даги «Кўзбўямачиларга қаттиқ зарба» хабарида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 16 май сонидан лавҳа

Қулоққа ғалати эшитилса-да, 1930 йилларда Ўзбекистонда компартиянинг топшириғи билан бошқарув аппаратини ўзбеклаштириш кампанияси олиб борилган. Бу нима дегани? «Аппаратни ўзбеклаштириш жиддий натижалар бераётир» хабари бу саволга қисман жавоб беради: «Тошкентнинг Сталин районидаги кўп идоралар ўз ишларини ўзбек янги алифбосига кўчириб юборди. Бундан ташқари, район шўросининг қошида иккита ўзбекчани ўрганиш курси очилиб, райондаги ўзбекчани билмаган рус ўртоқлар 100 процент қатнашдилар. Сталин район Ўзбеклаштириш комиссияси ва райкомнинг қатъий раҳбарлиги соясида районда 7 та идорадаги 225 нафардан ортиқ хизматчиларнинг фақатгина 27 нафари ўзбекчани билмайди, холос. Улар ҳам ўқиб ётирлар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 16 май сонидан лавҳа

«Ўзбеклаштириш ишларига жиддий эътибор» хабари ҳам «ўзбеклаштириш дегани нима ўзи?» деган саволга қисман жавоб бўла оладиган яна бир манбадир: «Марҳамат районидаги идораларнинг кўпларида олий рус миллатчилиги ва уларнинг берган сувлари билан маҳаллий миллатчилик кўринишлари бичиқиб ётибдир. Деҳқонларнинг ҳар соатлик ишлари тушиб тура турган колхозсоюз, МТС, район матлубот идораси, молия шуъбаси, сув хўжалиги, банк ва бошқа шунга ўхшаган 16 та идорада ишлаб турган 210 нафар хизматчидан фақатгина 15 нафари ўзбекчани биладир, холос. Буларнинг ичида ўзбеклар фақат 2 нафаргина. Айниқса Марҳамат меҳнаткашларининг ўзбек, қирғиз, қозоқ ва бошқа ҳар хил миллатлардан бўлиши ерлилаштириш масаласини яна ҳам қатъий қилиб қўядир».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 16 май сонидан лавҳа

Яна бир марта алоҳида эслатиб ўтамиз — юқоридаги ҳар иккала иқтибос 90 йил аввалги совет газетасидан.

60 йил аввал. 16 май, чоршанба

«Қизил Ўзбекистон»даги бош мақола «Правда» газетасининг 50 йиллигига бағишланган тантаналар вақтида СССР журналистлари олдига қўйилган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган. «Партиянинг дастёри бўлиш — улуғ бахт, буюк шараф» мақоласининг қуйидаги, Никита Хрушчёвдан иқтибос келтирилган қисми эътиборга молик: «Сиз, журналистлар, жуда ҳам яхши ишладингиз, лекин кибрланманглар. Шунча мақтовдан кейин, биз энди Худонинг соқолидан тортишга ҳам қодир бўлибмиз, деб талтайиб кетманглар. Бизнинг газеталаримизда ғўр нарсалар ҳали жуда кўп».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 16 май сонидан лавҳа

Газетанинг шу сонида товуқбоқар талончилар ҳақида қисқа хабар берилган. Аниқланишича, бош товуқбоқар Мамади Оқилов ва унинг ҳам қариндоши, ҳам шериги бўлган бошқа товуқбоқарлар «кўпинча тухумни кам кўрсатиб келган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 16 май сонидан лавҳа

Шу кунларда чет элликларнинг расмий матбуотимизда бериладиган Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари одатда қандай бўлади? «Юртингизда яратилган шароитларга, мазали таомларингизга, ширин-шакар меваларингизга гап йўқ» ва ҳоказо, ва ҳоказо. Ўзбекистонга келган чет элликлар, афтидан, ҳар доим шундай фикр билдиради. Ҳар ҳолда, бундан 60 йил аввал ҳам шундай бўлган экан.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 16 май сонидан лавҳа

Бразилиялик Себастьян де Оливейра Эрсен айтяпти: «Ўзбекистонда кўп нарсалар бизни мафтун этди. Буларнинг ҳаммасини бирма-бир санаш қийин. Сизнинг болаларингиз бахтли ҳаёт кечираётирлар. Ҳақиқий ҳаёт ана шундай бўлиши керак». Англиялик ўқитувчи Диана Левин: «Миллий таомларнинг тури жуда кўп. Дунёда энг лаззатли бўлган мевалар Ўзбекистонда битар экан».

30 йил аввал. 16 май, шанба

«15 май куни Тошкентда Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарлари, бошлиқларининг учрашуви очилди. Унда МДҲга аъзо бўлган барча мустақил республикаларнинг делегациялари иштирок этмоқда», — дея бошланади «Халқ сўзи» ва «Ўзбекистон овози» каби барча марказий газеталарда бир хил матн ва сарлавҳа («Умидбахш музокаралар») билан босилган бошқа мақола.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 16 май сонидан лавҳа

Мақолада таъкидланишича, «собиқ СССРнинг мол-мулкини тақсимлаш, кутилганидек, жуда қийин масала бўлиб чиқди. Бу хусусда ҳар бир делегациянинг ўз фикри бор эди. Шундай бўлиши қонунийдир. Раислик қилувчининг таклифига биноан, бу муаммони муҳокама қилиш қолдирилди».

Учрашувда кутилмаган ҳодисалар ҳам бўлган. «Мажлис қизғин ўтаётган бир пайтда, давлат бошлиқлари кенгашаётган залда бирдан қандиллар тебрана бошлади. Раҳбарлар ҳайрон бўлиб қолишди. Шу пайт Ислом Каримов ўзини жуда хотиржам тутиб, бундай деди: ‘Бу кучсиз зилзила холос. Биз ишлаётган бино зилзилага бардошли. Ишни давом эттирамиз!’».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 16 май сонидан лавҳа

Маълумотларга кўра, шу куни Тошкентда 3—4 баллик зилзила сезилган. Унинг эпицентри Андижон шаҳридан 30—40 километр масофада бўлиб, зилзила кучи Андижонда 6—6,5 балл, Ўшда 6 балл, Фарғона ва Наманганда 5—6 баллни ташкил этган. Яъни, Тошкентдаги саммит иштирокчилари хавотирга тушиб қолишига яхшигина асос бўлган.

Табиат ҳодисалари ҳақида сўз бораркан, апрель охири — май бошидаги кучли ёмғир ва шамоллар майнинг ўрталарида яна такрорланганига эътиборни қаратиш ўринли бўлса керак. Бухорода қайталанган табиий офат тахминан 150 миллион сўм зарар етказган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 16 май сонидан лавҳа

Наманганда жалага айланган ёмғир «қисқа муддатли, аммо беаёв» бўлган; ёмғир кейинчалик дўл кўринишини олган. «Янгиқўрғонда ёғингарчилик беҳад кучли бўлган». Ёзишларича, табиий офат оқибатида вилоятда 1730 хонадон жиддий зарар кўрган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 16 май сонидан лавҳа

«Ҳоким сайланадими ёки тайинланадими?». Бу бундан 30 йил аввал «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинган суҳбатнинг сарлавҳаси. Ўтган 30 йилда ҳокимларни сайлаб, тайинлаш анъанаси қарийб ўзгармагани ҳисобга олинса, мухбирнинг «Яна ҳокимликдан тағин якка ҳокимликка ўтишми?», «Бугунги ҳокимликлар бошқарувнинг аввалги маъмурий-буйруқбозлик усули сақланиб қолишига замин яратмайдими?», «‘Ҳоким сайландими, тайинландими?’ деган саволлар туғиляпти, бундай олганда мана шу ‘икки томонлама амал қилиш’нинг ўзигина демократия ҳозирданоқ бузилаётганининг бир кўриниши эмасми?», «Ҳокимни ким сайлайди — халқми, депутатларми?» каби саволлари фавқулодда қизиқ кўринади.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 16 май сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди