14 май куни Американинг Нью-Йорк штати Буффало шаҳридаги супермаркетда отишма юз берди: ўн киши ҳалок бўлди, яна уч киши яраланди. Ўқотар нишонга олган одамларнинг деярли барчаси, 11 киши, қора танлилар эди. Полиция ҳодисани нафрат асосидаги жиноят сифатида текширмоқда, деб ёзади Meduza.

Буффалодаги отишма содир этилган супермаркет

Фото: Жеффрей Т. Барнес / Reuters / Scanpix / LETA

The New York Times хабарига кўра, иш бўйича Нью-Йорк штатининг Конклин шаҳарчасида яшовчи коллеж талабаси, 18 ёшли Пейтрон Гендрон қўлга олинган. Полиция маълумотлари бўйича, у ҳужумни амалга ошириш учун 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган. Ўқотар интернетда эълон қилган 180 саҳифали манифест (мурожаат)да айтилишича, у ушбу туманни танлашига сабаб шуки, у ерда ўзи яшайдиган штатдаги «қора танлиларнинг энг катта фоизи» истиқомат қилади.

Шунингдек, унинг ёзишича, Буффалодаги ҳужумга у бир неча йил давомида тайёрланган, ўқ-дорилар сотиб олган ва мерганликни машқ қилган. Associated Press маълумотларига кўра, манифест «Буюк сиқиб чиқариш назарияси» деб номланган бўлиб, унинг асосий мазмуни — «АҚШдаги оқ танли одамлар озчиликлар томонидан сиқиб чиқарилаётгани»дан иборат.

АP маълумотларига қараганда, қотил воқеани Twitch платформасида ўз шлемига ўрнатилган камера орқали тўғридан-тўғри трансляция қилган. Маҳаллий вақт билан 14:30 атрофида ўқотар супермаркетга етиб келган — у ҳарбий форма, зирҳли нимча кийиб, ёнида штурм қуроли бўлган.

Автомобильлар тураргоҳида тўрт кишини отиб ташлаб, сўнг дўконга кирган ва у ерда қўриқчига дуч келган. Унга жавоб ўти очилган, аммо ҳужумчини зирҳли нимчаси асраб қолган. У қўриқчини отиб ташлаб, сотувчилар ва харидорларни ўққа тутишда давом этган. Омон қолган дўкон менежери Bufallo News’га маълум қилишича, қарийб 70 марта ўқ узилганини эшитган.

Ўқотарни қўлга олишга уринишганида, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган: эркак бўйнига тўппонча тираган, бироқ полициячилар уни қуролни ташлаб, таслим бўлишга кўндира олган.

Ҳозирча Гендронга қотиллик айблови қўйилган, ушбу модда бўйича максимал жазо — муддатидан олдин озод этилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазоси (Нью-Йорк штатида ўлим жазоси йўқ). Шунингдек, суд унга суд-тиббий экспертизани тайинлаган.

АҚШ президенти Жо Байден ўз баёнотида қурбонлар ва уларнинг оилалари учун дуода эканини айтиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳужумчини қўлга олишда иштирок этган бошқа хизматлар ходимларига кўрсатган жасоратлари учун миннатдорлик билдирди.

«Ҳар қандай ички террорчилик ҳаракати, шу жумладан, жирканч оқ миллий мафкурага асосланган ҳаракат ҳам биз Америкада ёқлаб чиқаётган нарсаларнинг барчасига зиддир. Нафратнинг хавфсиз бандаргоҳи бўлмаслиги керак. Биз нафрат асосидаги ички террорчиликка нуқта қўйиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», — деди Байден.

Нью-Йорк штати губернатори Кети Хокул қотил ҳужумни тўғридан-тўғри эфирда узата олгани юзасидан ўз хавотирини билдирди. «У буни платформада эълон қила олгани тамоман ҳайратга солади. Медиа контентни назорат қилишда янада ҳушёр бўлиши керак», — деди у.

Twitch қайд этишича, ҳужумчининг тўғридан-тўғри трансляцияси у бошланганидан кейин икки дақиқа ичида ўчириб ташланган. Аммо трансляция скриншотлари ижтимоий тармоқларда тарқалишга улгурган, деб ёзади Reuters.

15 май куни АҚШнинг Калифорния штати Лагуна-Вудс шаҳридаги пресвитериан черковида ҳам отишма содир этилди, оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жабрланди. Ҳодиса Тошкент вақти билан 16 май 1:26 да юз берган. Ҳужумчи воқеа жойида қўлга олинган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.