АҚШ президенти Жо Байден халқаро терроризмга қарши курашиш учун Сомалида мамлакат ҳарбийларининг доимий равишда бўлиши тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Оқ уйнинг юқори лавозимдаги вакили маълумот берган.

Фото: AP Photo

«Президент Байден АҚШ кучларини Шарқий Африкага жойлаштириш ҳақидаги мудофаа вазирининг сўровини маъқуллади ва Сомалида америкалик ҳарбийларнинг доимий бўлинмалари ташкил қилинади»,— деган Оқ уй вакили брифингда.

Унинг сўзларига кўра ҳудудга 500 нафардан кўп бўлмаган ҳарбийлар юборилади. Улар Сомалига Африканинг бошқа мамлакатларидан кўчириб ўтказилади.

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 2020 йилда америкалик ҳарбийларни Сомалидан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорни имзолаган. Қўшиннинг мамлакатдан олиб чиқилиыҳи 2021 йил январь ойида якунланган. The Wall Street Journal газетаси Сомалида 700 га яқин америкалик ҳарбийларнинг бўлгани хусусида ёзган.

Аммо АҚШ ҳарбий кучларининг Африка қўмондонлиги террорчиликка қарши операциялар учун мамлакат ҳудудида авиазарбалар йўллаш имкониятини сақлаб қолган. 2021 йил 21 июлда Жо Байден АҚШ президенти сифатида лавозимга киришганидан кейин Сомалидаги «Аш-Шабоб» террорчилик ташкилоти вакиллари бўлган ҳудудга авиазарбалар берган.

16 май куни Сомалида янги президент Ҳасан Шайх Маҳмуд сайланган, у аввал ҳам давлат раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Сайланган президент Сомалини бошқа мамлакатлар билан ҳамжиҳатликда яшайдиган тинчликсевар юртга айлантиришни ваъда қилган.