Франция меҳнат вазири Элизабет Борн мамлакат бош вазири лавозимига тайинланади, дея хабар қилган BFM TV. Телеканал Борннинг Елисей саройида эканлигини билдирган.

Элизабет Борн

Фото: AP Photo

Аввал бош вазир Жан Кастекснинг президент Эммануэль Макрондан истеъфога чиқаришни сўрагани ва у мазкур сўровни қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Борн 1991 йилдан бери бош вазир лавозимини эгаллайдиган биринчи аёл, ундан аввал 1991 йилда Франция социалистик партияси вакиласи Эдит Крессон ҳукумат раҳбари бўлган ва 1992 йил апрелига қадар Вазирлар Маҳкамасини бошқарганди.

Reuters агентлиги Макрон тарафдорларининг социал ёки «яшил» сиёсатда тажрибага эга аёл сиёсатчини бош вазир лавозимига тайинлаши ҳақида гапираётганини хабар қилганди. Сайловлардан олдин Макрон табиатни ҳимоя қилиш унинг ҳукуматида диққат марказида бўлишини ваъда қилганди. BFM TV Борнни мазкур лавозимни эгаллаши мумкин бўлган номзодлардан бири эканлигини қайд этган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Марисол Турен ва Катта Реймс метрополийси раҳбари Катрин Вотрен ҳам бош вазирлик учун номзодлар эди

Борн 2020 йил июль ойидан бери меҳнат вазири лавозимида ишлаб келади. Бунга қадар экология ва транспорт вазири бўлган.

Истеъфога чиққан Кастекс эса Франция ҳукуматини 2020 йил июль ойидан бери бошқариб келаётганди.

Апрель ойида Францияда президентлик сайловлари бўлиб ўтган, уларда амалдаги президенти Эммануэль Макрон иккинчи муддатга сайланганди. У 58,54 фоиз овоз йиғиб, сайловларда ғолиб чиққан.