Малида давлат тўнтарилишининг олди олинди, бу ҳақда Ассими Гойтанинг муваққат ҳукумати маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

Исёнга уриниш 12 майга ўтар кечаси «Ғарб давлати» кўмагида «антипрогрессист офицерлар ва унтер-офицерларнинг кичик гуруҳи» томонидан амалга оширилган. Айнан қайси Ғарб мамлакати назарда тутилгани номаълум.

Бир нечта исёнчилар қўлга олинган ва судга топширилади. Тўнтариш мақсади «Малининг қайта тикланишига путур етказиш» бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 18 август куни Малида ҳарбий тўнтариш содир бўлган эди, сентябрь ойида эса мудофаа вазири Бах Ндао вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи, Ассими Гойта вице президент этиб тайинланган эди. 2021 йилнинг 24 май куни Бах Ндао ва вақтинчалик бош вазир вазифасини бажарувчи Моктар Уан ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Африка ва Европа иттифоқлари, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий кенгаши (ECOWAS), АҚШ, Германия ва Буюк Британия Малида қўлга олинган сиёсатчиларни зудлик билан озод этишга чақирган. Қўшма баёнот мамлакатдаги БМТ миссияси томонидан тарқатилганди. Кейинчалик улар ҳибсда истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзган. Мали конституцион суди эса полковник Ассими Гойтани мамлакатнинг вақтинчалик президенти этиб тайинлаган эди.